Хиёнат ва садоқат байроғи

142
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Хиёнат ва садоқат байроғи

Азиз мухлислар, «Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال:‏ ‏”‏لكل غادر لواء عند استه يوم القيامة يرفع له بقدر غدره، ألا لا غادر أعظم غدرًا من أمير عامة‏”‏ ‏رواه مسلم‏‏‏‏‏.‏

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ҳар бир хоин учун қиёмат куни орқасида бир байроқ бўлади. У байроқ хоиннинг хиёнатига қараб баланд кўтарилади. Огоҳ бўлингки, омма амирининг хиёнатидан кўра каттароқ хиёнат бўлмайди. (Муслим ривояти).

Азиз биродарлар!

Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Каломидир. Йўлларнинг энг тўғриси эса Аллоҳнинг Росули Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир.

Юқоридаги ҳадиси шарифда хоиннинг охиратда бошқалардан ажралиб туриши баён этилган. Шунингдек, хиёнатнинг энг юқори поғонасини ҳам тасвирлаб берилган. Шу сабабли, хиёнат нафси касал бўлган одамларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳисобланади. У мусулмонларни йўлдан оздириб, уларга зарар етказишни кўзлайди. Аллоҳ Таоло бу хислатни ёмон кўради ва қиёмат кунида бунинг учун азоблайди.

Ислом Уммати ҳозирда мавжуд бўлган ва яқин келажакда эришиладиган энг юқори даражаларга лойиқдир. Бу Уммат бундан олдин ҳам ўзга умматларга ва инсониятга жуда кўп яхшиликлар тақдим қилди. Келажакда ҳам, ҳатто қиёматгача Ислом ҳидоятини ёйиш орқали инсониятга яхшиликларни тақдим қилишда давом этади. У инсониятга Исломнинг ҳилпираётган байроғини кўтариб, қалбида чин ихлоси бор инсонларни уммат ичидаги ҳар бир хоиндан халос қилишга қодирдир. Бугун биз бу Умматга нисбатан жуда кўп хиёнат қилинаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Хоинларнинг бошлари кўтарилиб, овозлари баланд чиқиб, байроқлари ҳилпираб турибди. Бу нарса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жазосиз қолмайди. Бу ҳадиси шарифда қиёматда бундай кишиларни бошқалардан ажратиб турадиган ҳамда уларнинг хиёнатини ва азобга қолишини билдириб турадиган байнроғи бўлиши айтилмоқда. Дунёдаги жазога келсак, Аллоҳ Таоло уларни шарманда қилиб, бошқаларга ибрат қилишни кафолатлаган.

Ҳадиси шарифнинг охирида энг хиёнаткор кимсалар тилга олинмоқда. Бу кимсалар мусулмонларнинг ишларини адолат билан бошқариш ва уларнинг оғирларини енгил қилиш ўрнига, ўз курсиларини сақлаб қолиш учун Уммат бойликларини қоқи баҳосида душманларга тақдим қилган, ўз халқини эса қашшоқликка маҳкум қилган хоин ҳукмдорлардир. Ҳадиси шариф халққа ҳукмронлик қилганларнинг хиёнати энг катта хиёнат эканини баён қилиб, бундан қаттиқ огоҳлантирмоқда.

Биз мусулмонлар, ишларимизни бошқариш ва бизга раҳнамолик қилиш учун энг муносиб кишиларни танлашимиз керак. Токи, Амиримиз бизни тўғри йўлдан оздирмасин, ҳаётимизни, динимизни бузмасин, қиёмат кунида хиёнат байроғини кўтариб келувчилардан бўлмасин. Биз Амиримизнинг онгли, ихлосли ва тақводор бўлишига катта эътибор қаратишимиз керак. Шунингдек, Амиримиз Исломга ёрқин фикр билан эргашган ва барча амалларига Исломни асос қилиб оладиган адолатли, аҳдига содиқ раҳбар бўлиши лозим. Бу Уммат ичида бундай сифатларга эга инсонлар жуда кўп. Ўз динига фидоий,   Умматга холис хизмат қилишни хоҳлаганлар, дунё етакчилигини ўз қўлига олиб, инсоният боши узра ҳақиқат байроғини кўтармоқчи бўлаётганлар бу Уммат ичида талайгина.

Аллоҳдан Уммат бошига фалокат келтираётган хиёнаткор, адашган кимсалардан бу Умматни қутқаришини ва бизларни ҳақ диннинг ворислари қилишини сўраймиз.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

13 Робиул-аввал, 1446ҳ йил.

16 Сентябр,           2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here