بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Банда эътибор бермай гапиради
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ لَا يُلْقِي لَهَا بَالًا يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ وَإِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ لَا يُلْقِي لَهَا بَالًا يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бир банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган бир гапни гапиради ва шу гап шарофатидан Аллоҳ унинг мартабасини юқори даражага кўтаради. Бошқа бир банда эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаблантирадиган сўзни сўзлайди. Натижада, у туфайли жаҳаннамга тушади».
Бу ҳақда “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул-борий”да зикр қилинган:
“Эътибор бермаган ҳолда” дегани, ақлини ишлатмай, гапининг оқибатлари ва қандай таъсир қилиши ҳақида ўйланмай гапириш маъносини англатади. Бу Аллоҳ Таолонинг қуйидаги “وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّنًا وَهُوَ عِنْد اللَّه عَظِيم” “ва буни енгил иш деб уйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)”, деган сўзига ўхшайди.
Иёд айтади: “يَهْوِي” сўзи қулаб тушиш маъносини билдиради.
Азиз биродарлар!
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган кўп сабоқлар бор. Мусулмон киши сўзи тарозида тортилишидан олдин уни ўзи тарозига қўйиб кўриши керак. У фақат яхши нарсаларни гапириши керак. Бу ҳақда бир қанча оятлар ва ҳадиси шариф келган. Аллоҳ Таоло айтди:
وَهُدُوا إِلَى الطَّيِّبِ مِنَ الْقَوْلِ
“Улар хуш-ҳақ сўзга ҳидоят қилинурлар”.
Яна айтди:
وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسْناً
“Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз”.
Яна айтади:
وَقُل لِّعِبَادِي يَقُولُواْ الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
“Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар”.
Яна айтади:
إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ
“(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
اتَّقوا النّارَ ولو بِشِقِّ تَمرة، فإنْ لم تجدوا فبكَلِمَةٍ طيّبة
“Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар, Кимки уни ҳам топа олмаса, ширин сўз билан сақлансин”.
У зот яна айтдилар:
مَنْ كان يؤمِنُ باللهِ واليومِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خيراً أو لِيَصْمِتْ
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин».
Яна айтдилар:
أَمْسِكْ عليك لِسانَك
“Тилингга маҳкам бўл”. Яъни, тилингни тий.
Яна айтдилар:
وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ فِي النَّارِ عَلَى وُجُوهِهِمْ, أَوْ قَالَ عَلَى مَنَاخِرِهِمْ, إِلاَّ حَصَائِدُ أَلْسِنَتِهِمْ
“Одамларни дўзахга юз тубан йиқитадиган ёки бурунларидан тортиб кирадиган нарса тиллар тўплайдиган нарсадан (яъни, бўҳтон, ёмон гаплардан) бошқа нарса эмасдир”.
وعن عبداللهِ بنِ عَمْروٍ رضي الله عنهُما، عن النبيِّ صلى الله عليه وسلم قال: في الجنّةِ غُرفةٌ يُـرَى ظاهِرُها من باطنِها، وباطنُها مِن ظاهِرِها)) فقال أبو مالكٍ الأشعريّ: لِمَنْ هي يا رسولَ الله ؟ قال: ” لِمَنْ أَطابَ الكلامَ، وأطعمَ الطّعامَ، وباتَ والنّاسُ نِيام
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир хона борки, унинг ташқариси ичкарисидан, ичкариси эса ташқарисидан кўриниб туради” дедилар. Шунда Абу Молик ал-Ашъарий: “Ё Расулуллоҳ, бу ким учун?” деди. У зот: “Яхши гапирадиган, (одамларга) таом берадиган, одамлар ухлаб ётганда намоз ўқийдиган киши учун”, дедилар.
وعن عبدِ اللهِ بنِ مسعودٍ رضي الله عنه قال واللهِ الذي لا إلهَ إلاّ هو ليسَ شيءٌ أحْوَجَ لِطُولِ سَجْنٍ من لِساني وكان يقول يا لسانُ قُلْ خيراً تَغْنَمْ واسْكُتْ عن شرٍّ مِنْ قَبْلِ أنْ تَنْدَم
Абдуллоҳ ибн Масуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганликларини ривоят қилади: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, тилимдан бошқа узоқроқ ҳибс қилишга муҳтож бўлган бошқа нарса йўқ”. У зот: “Эй тил, яхши сўз айт, фойда топасан, пушаймон бўлишингдан аввал ёмон гапдан сукут қил” дер эдилар.
Азиз биродарлар! Кўпчилик инсонлар эътибор бермай, ўзини дўзахга олиб кирадиган гапларни айтишни одат қилиб олганлиги ажаблаларлидир. Мусулмон одам ўз гапига эътибор бермай, мусулмон биродарини кофирга чиқариши эса, ундан ҳам ажаблаларлидир. Исломий жамоаларга туҳмат қилиб, улар айтмаган гапларни айтди, деганлар ҳам жуда ҳайратланарли. Бу сўзлар билан одамлар орасида бузғунчиликни тарқатадиганлар ҳам бор. Ғийбатчи ва туҳматчиларни гапирмаса ҳам бўлаверади.
Шундай экан, азиз биродарлар! Қодир Аллоҳнинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ Таоло айтади:
مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
“У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
30 Жуммадул Увла, 1446ҳ йил.
02 Декабрь, 2024м йил.