Ғазабланма

147
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Ғазабланма

Азиз мухлислар, «Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

جاء في بهجة قلوب الأبرار وقرة عيون الأخيار في شرح جوامع الأخبار – حديث جاء رجل فقال يا رسول الله أوصني فقال لا تغضب

“Шарҳ Жоми-ул-ахбор” китобининг “Солиҳлар қалбидаги саодат ва яхши инсонлар кўзидаги шодлик” бобида айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! менга васият қилинг”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланма”, дедилар.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال:  جاء رجل فقال: يا رسول الله، أوصني. فقال: لا تغضب. ثم ردد مرارا فقال: لا تغضب. رواه البخاري.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга васият қилинг”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланма”, дедилар. Сўнгра у киши васият қилинг, деб кўп марта такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бирида “Ғазабланма”, деб жавоб қилдилар. (Бухорий ривояти).

Ғазабнинг луғавий маъноси розилик ва қаноатнинг аксидир. “غضبة” сўзи қаттиқ тош деган маънони англатади. Ундан ғазаб сўзи келиб чиққан, тўғрироғи, иштиқоқ қилинган. Чунки бу норозилик кучайиб, тошдек қотиб қолганини билдиради.

Ғазаб истилоҳий жиҳатдан, қасос олиш учун қизиққонлик маъносини англатади. Журжоний: “Ғазаб юрак қони қайнаб, кўкрак қафасида содир бўладиган ўзгаришдир. Шунингдек, зарарни олдини олиш учун кутилган таҳдиддан ҳимояланиш ёки бирор воқеадан кейин унга зарар етказган одамдан қасос олиш талабидир”, дейди.

Азиз биродарлар!

Муборак ҳадиси шарифда бу киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқ васият қилишни сўраб келган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унга қисқа қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганларида, у киши бу васият етарли эмас, деб ўйлади. Шунинг учун у “васият қилинг”, деган сўзини бир неча бор такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир сўз билан жавоб қайтарганларидан кейингина бу сўз тўлиқ жавоб эканини англади. У зотнинг “Ғазабланма” деган сўзида иккита муҳим нарса бор:

Биринчиси сабаблар билан боғлиқ. Яъни инсон гўзал хулқли, сабр-тоқатли ва мулойим бўлишга ҳаракат қилиш ҳамда ўз нафсини бошқа одамларнинг сўзлари ва ҳаракатларидан келадиган зарарларга тайёрлашдир.

Иккинчиси – ғазабни босиш. Кўпинча одам ғазабланганда ўзини тута олмай қолади. Бироқ, у ўзини тутиб қолишга қодир. Бунинг учун ғазабланган пайтда оғзига келган ёмон сўз ва ҳаракатлардан сақланиши лозим.

Ғазабнинг зарарли таъсиридан сақланган одам ҳақиқатан ҳам ғазабланмагандек бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

قال صلى الله عليه وسلم: ليس الشديد بالصرعة، إنما الشديد الذي يملك نفسه عند الغضب.

“Ҳақиқий кучли одам жангда ғалаба қозонган эмас, балки ғазабланганда ўзини тута оладиган одамдир”.

Ғазабнинг икки тури мавжуд:

Биринчиси қораланадиган, иккинчиси эса мақталадиган ғазабдир. Қораланадиган ғазаб юқорида айтилган ғазабдир.  Мақтовга сазовор ғазаб эса – Аллоҳ учун ва Унинг муқаддасотларини ҳимоя қилиш учун бўлган ғазабдир. Яъни Аллоҳнинг муқаддасотларидан бирига ҳужум қилинганлиги ёки бирор мусулмоннинг ўлдирганлиги учун ғазабланиш. Ёхуд ҳаром ишлар ва ҳаром нарсалар ҳамда Аллоҳнинг динида ҳаром қилинган тақиқлар туфайли ғазабланишдир.

عن عائشة رضي الله عنها قالت: ” ما ضرب رسول الله  صلى الله عليه وسلم شيئا قط بيده، ولا امرأة ولا خادما، إلا أن يجاهد في سبيل الله، وما نيل منه شيء قط فينتقم من صاحبه، إلا أن ينتهك شيء من محارم الله، فينتقم لله عز وجل” رواه مسلم .

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни, на аёлни ва на хизматкорни қўли билан урган эмаслар. Магар Аллоҳ йўлида жиҳод бундан мустасно. Шунингдек У зот ҳеч қачон ўзларига зарар етказган бирор кишидан қасос олмаганлар. Магар Аллоҳ Таолонинг амрларидан бирини бузган кишидан, Аллоҳ Таолонинг розилиги учунгина ундан қасос олганлар”.

Азиз биродарлар, Аллоҳнинг изни ила навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин!

12 Робиул-аввал, 1446ҳ йил.

15 Сентябр,           2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here