Германия Марказий Осиёда қанчалик таъсирга эга?

65
0

Германия Марказий Осиёда қанчалик таъсирга эга?

17 сентябрь куни Қозоғистоннинг Астана шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасида C5+1 форматидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Саммит доирасида олти давлат раҳбарлари томонидан қўшма декларация имзоланди ва қатор йирик лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, саммитда Марказий Осиё ва Германия ўртасида бизнес, нефт-газ, минерал ресурслар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Саммит олдидан Германия канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция бўйича келишув тузилди. Бу ўз навбатида, Германия жамоатчилигида ҳукуматнинг миграция сиёсатига қарши норозилик кайфиятини пасайтиришга хизмат қилади. Чунки Ўзбекистон ҳукумати Германиядаги афғон муҳожирларини депортация қилишда воситачилик қиладиган бўлди. Афғон муҳожирлари ўрнига эса, қўлида касб-ҳунари бор ўзбек муҳожирлари юборилиши кутилмоқда. Айни пайтда Германияда 225 мингдан ортиқ депортация қилинадиган муҳожир мавжуд.

Бундан ташқари, Германия Ўзбекистондаги минерал ресурсларни ташиб кетишдан манфаатдор. Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 1 миллиард евродан ошди. Йил бошидан бери немис компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига 800 миллион евро сармоя киритди. Ўзбекистонда Германиянинг жами 215та инвестиция лойиҳаси фаолият кўрсатмоқда.

Канцлернинг расмий ташрифи Ўзбекистондан сўнг Қозоғистонда давом этди. Украинадаги уруш туфайли Россиядан Германияга келадиган нефт ва газ тўхтаб қолган эди. Ишлаб чиқариш талабларидан келиб чиққан ҳолда, Германия ушбу ресурснинг муқобил вариантини излаб келади. Ўз навбатида Қозоғистон президенти Токаев Германияга нефт ва газ экспортини оширишга тайёрлигини билдирди. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг етти ойида бу кўрсаткич 2,3 миллиард долларга етди. Шунингдек Қозоғистонда 55 миллиард долларлик қўшма сармоя киритиш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда.

Қолаверса, Германия Транскаспий транспорт йўлаги бўйича ҳамкорликдан ҳам манфаатдор. “Ўртадаги йўлак” деб номланган лойиҳа Хитой ва Марказий Осиёни Қозоғистон орқали Европага боғлайди. Германия ҳукумати мазкур лойиҳага 10 миллиард евро ажратишга рози бўлди.

Қозоғистондаги саммитда Германия канцлери Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳам алоҳида учрашди. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда Германия-Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 430 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 2,4 баробар кўпдир. Германиянинг мамлакатга киритган сармояси 21 миллион долларни ташкил этади. Сўнгги йилларда қирғизистонлик муҳожирларнинг Германияда иш билан таъминланиши жадал суратда кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Германия – Марказий Осиё” саммити илк бор ўтган йилнинг сентябрь ойида Берлинда бўлиб ўтган эди. Берлиндаги йиғилишда Германия президенти Штайнмайер “Катта можаролар ва зўравон қўшнилардан қўрқманг, биз сизни уларнинг олдида ёлғиз ташлаб қўймаймиз. Биз сиз билан биргамиз, бизга ишонишингиз ва таянишингиз мумкин” деб атган эди. У “катта можаролар ва зўравон қўшнилар”, деганда Россия ва Хитойни назарда тутгани маълум. Бундан Германия Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириш ниятида эканлиги кўриниб турибди.

2022 йилнинг февраль ойида Украинага қарши уруш бошлаган Россия урушнинг чўзилиши ва АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг унга қарши жорий қилган санкциялари туфайли оғир сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий аҳволга тушиб қолди. Россиянинг бу урушда тезда ғалаба қозониш ва НАТОнинг ўз чегаралари томон кенгайишига йўл қўймаслик режалари барбод бўлди. Россиянинг ҳолдан тойиб бориши унинг мустамлакаси ҳисобланган Марказий Осиё устидан йирик давлатлар ўртасида нуфуз талашишни кучайтириб юборди.

Германиянинг “C5+1” саммитини уюштириши ушбу нуфуз талашиш доирасида давом этмоқда. Негаки, Германия иккинчи жаҳон урушидан кейин ажралиб қолган “қуролланиш ҳуқуқи”ни Украина уруши баҳонасида қайта қўлга киритди. Бу ўз навбатида, Германиянинг йирик давлатга ва Россия таъсири остидаги минтақаларда рақобатдош кучга айланиш имкониятини беради. Германия Европа Иттифоқида етакчи мавқега эга бўлгани учун минтақада ўз сиёсатини Иттифоқ орқали олиб кириш имкониятига эга. Европа Иттифоқи бунда асосан “инсон ҳуқуқлари”, “сўз эркинлиги”, “гендер тенглиги” шиорларидан фойдаланиб, демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва таълим соҳаларига маблағ ажратиш орқали ўз ғояларини амалга оширмоқда.

Ачинарлиси шундаки, устимизда ҳукмрон бўлиб турган ҳокимларимиз арзимас манфаат эвазига мустамлакачиларнинг ифлос сиёсатига хизмат қилмоқда. Масалан, Ғарб таъсири остида демократиянинг бузуқ сақофати тарқалаётган бўлса, Хитой ва Россия таъсирида диний қадриятларга қарши қонунлар қабул қилинмоқда.

 Бинобарин, биз мусулмонлар фойдага асосланган ва зулм устига қурилган капиталистик тузумдан воз кечиб, ўз Исломимизга юзланмагунимизча, мустамлакачилар зулмининг қурбони бўлишдан асло қутула олмаймиз.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here