Қирғизистон Россия билан ҳисоб-китобни рублда амалга оширишга ўтди
Хабар: Қирғизистон бундан буён Россия билан ўзаро ҳисоб-китобни тўлиғича рублда амалга оширади. Бу ҳақда 20 июль куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев маълум қилди.
“Биз тўлиқ рублга ўтдик, десак бўлаверади. Чунки Россия SWIFT тармоғидан узиб қўйилганидан сўнг ўзаро ҳисоб-китобларни бошқа валютада амалга оширишнинг имкони қолмади. Шунинг учун ягона муқобил валюта Россия рубли бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида божхона тўловлари ҳам рубль ва қирғиз сомида амалга оширилмоқда”,-деди вазир.
Унга кўра, бундан олдин Қирғизистон Россиядан олинаётган газ ва бензин учун долларда ҳақ тўлар эди.
Изоҳ: 1971 йили АҚШ президенти Никсон Бреттон-Вудс иттифоқи тугатилгани ва олтин билан доллар ўртасидаги боғлиқлик бекор қилинганини эълон қилди. Ўшандан бошлаб олтиннинг пул билан бўлган алоқаси узилиб, бошқа товарлар қатори оддий товарга айланди. Американинг бундан кўзлаган мақсади долларни дунёдаги асосий пулга айлантириб, халқаро молиявий бозор назоратини қўлга киритиш эди. Шундан буён дунёдаги барча мажбурий қоғоз пуллар АҚШ долларига боғланиб, давлатлар пули қадри ва айирбошлаш қийматлари долларга қараб белгиланадиган бўлди. Америка истаган вақтда доллар курсини кўтариш ёки тушириш орқали бу давлатлар ички молиявий бозорларини издан чиқариш ва иқтисодий босим ўтказиш имконига эга бўлди. Америка доллари нефт, табиий газ нархини белгилайдиган ва молиявий тўловлар валютасига айланиб қолди.
Америка ўз миллий пул бирлиги – долларни мустамлакачилик қуролига, доллар воситасида бошқа давлатларга иқтисодий босим ўтказиш, иқтисодларини ўйнатиб юбориш воситасига айлантириб олди. Америка ўзига манфаатли бўлган вақтда доллар курсини сунъий кўтариш ёки пасайтириш орқали ўз измига юришни истамаган ёки рақобатчи давлатларни долларга боғлиқ бўлган нефт нархини кўтариш ёки пастлатиш орқали жазолаб келмоқда. Масалан, ўзига рақиб бўлган СССРни қулатишда ҳам узоқ йиллар давомида нефт нархини сунъий паст даражада ушлаб туриш орқали иқтисодини вайрон қилиб, қулатишга муваффақ бўлган эди… АҚШ долларини дунёга ҳукмронлик қилиши ва истаган вақтда курсни кўтариш ёки пастлатиш орқали дунё давлатлари иқтисодини ўзи хоҳлагандек ўйнатишга муваффақ бўлаётганининг ягона сабаби – доллар барқарор валюта олтин ва кумуш низомига асосланмаганида.
Бугун Қирғизистон Россия билан ҳисоб-китобда рублга ўтишга келишиб олган бўлсада Россия рубли ҳам худди АҚШ доллари каби бир парча қоғоздан бошқа нарса эмас, рубл ҳам олтин ёки кумушга асосланмаган, Россия ҳам истаган вақтда рубл курсини ўйнатиши ва шу орқали ҳамкор давлатлар иқтисодига таъсир ўтказиш имконига эга. Маълумки, Украинага қарши бошлаган босқинчилик уруши ортидан АҚШ ва Ғарб давлатлари қўллаган санкциялар рублга кескин зарба берди. Бир неча кун ичида Россия рубли долларга нисбатан икки баробардан зиёд қадрсизланиб кетди. Шундан сўнг Россия марказий банки рубл курсини сунъий ушлаб туриш ва кўтаришга чораларини кўрди. Бугунги кундаги рубл курси ҳақиқий қиймати ва ҳариб қувватини англатмаслиги барчага аён. Марказий банкнинг сунъий ушлаб туриши натижасида рубл курси ҳатто, Украина уруши бошланишидан ҳолатидан ҳам “мустаҳкамланди”.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, хоҳ Америка бўлсин, хоҳ Россия бўлсин фарқи йўқ, ўз миллий валютасини бошқа давлатларга босим ўтказиш қуролига айлантириб олган. Бундан қутулишнинг ва дунёни капиталистик зулм исканжаси, молиявий кризис ва қоғоз пуллар ҳукмронлигидан холос қилишнинг ягона йўли – Ислом шариати шаръий пул қилиб белгилаган олтин ва кумуш низомига қайтишдан иборат. Бу икки маъданни муомалада юрадиган, товарлар ва маҳсулотлар сотиладиган, иш ҳақлари белгиланадиган валюта ва пул захираси қилиб қўйишдан иборат. Бу эса фақат Исломий Халифалик давлатини қайта тиклаш орқали амалга ошади.
Абдураҳмон Одилов