Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Эрдоган-Путин саммити

758
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Эрдоган-Путин саммити

Савол:

Маълумки, 2021 йил 29 сентябр чоршанба куни Россиянинг Сочи шаҳрида Эрдоган ва Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Эрдоганга Миллий разведка ташкилоти раҳбари Ҳакан Фидан, президент администрацияси алоқалар бўлими бошлиғи Фаҳреттин Альтун ва президент матбуот котиби Иброҳим Калин ҳамроҳлик қилди. Вазирлардан ҳеч бири саммитда қатнашгани йўқ! «Эътиборни тортадиган жиҳати шу бўлдики, уч соат давом этган учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Кремлнинг бундай ташрифлар мобайнида қўллаб келган протоколларига зид равишда, икки давлат раҳбари ҳам учрашув сўнггида қўшма матбуот анжумани ўтказмади. Эрдоган ҳам, Путин ҳам якуний баёнот бермади…». (Шарқул Авсат, 30 сентябр 2021 йил). Бу ерда савол шуки, ушбу учрашувнинг сабаб ва мақсадлари нимада?

Жавоб:

Бу саволларга жавоб бериш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Американинг ҳозирги ҳаракатларидан у бор кучини Хитойга қаратаётгани, ўзини Хитой масаласига бағишлаш учун Ўрта Шарқдан чиқиб кетишни режалаштираётгани, шунингдек, минтақадаги малайларига ўзи белгилаб берган ролларни бажариш вазифасини юклаётгани кўриниб турибди. Зеро, Трамп маъмурияти иш бошлаган дастлабки пайтларда, аниқроғи, сал аввал ишлаб чиқилган бу сиёсат Америка сиёсатида бир қанча ўзгаришларни келтириб чиқарди. Шунинг учун сиёсий ва ҳарбий кучини Хитой атрофида жойлаштирган Америка ўзига тобеъ бўлган Туркия каби каттароқ давлатларни ишга солишга киришди. Трамп маъмуриятининг Туркияга Сурия, Ливия, Ўрта ер денгизининг шарқи ва бошқа минтақаларда берган роли ҳам айни шу сиёсатнинг бир қисми ҳисобланади. Туркияга берилган бу янги роль билан Америка ўзини Сурия кризиси музокараларидан амалда четда тутиб, уни Туркия ва Россия ўртасидаги музокараларга айлантириб қўйди. Натижада, Туркия ва Россия ўртасида Остона ва Женева музокаралари бўлиб ўтди, кейин турк армияси Сурия шимолида ҳарбий операциялар ўтказди.

Демократларнинг сиёсий қарашлари туфайли, Байден даврининг бошланиши билан Туркиянинг роли бир оз пасайди. Шунинг учун АҚШ президенти Байден билан Туркия президенти Эрдоган ўртасидаги биринчи телефон мулоқоти 2021 йил 23 апрелда, яъни Байден Вашингтонда президентлик лавозимини эгаллаганидан уч ой ўтиб содир бўлди. Мулоқот давомида икки давлат раҳбарлари 2021 йил 14 июн куни Брюсселда НАТО саммити доирасида юзма-юз учрашишга келишиб олдилар. Шуни таъкидлаш лозимки, телефон мулоқотидан бир кун ўтиб, АҚШ президентининг арманларга қарши Туркияда қилинган қирғинларни геноцид деб тан олиши икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликнинг аниқ ифодаси бўлди. Зеро, Байден арманлар қирғинини геноцид деб тан олиш нияти борлигини Эрдоганга телефон орқали билдирган эди. Бунинг ортидан, Туркия ва Эрдоган ҳамма ёқни шовқин-суронга тўлдириб юборди. Лекин буларнинг барчаси оммавий ахборот воситаларининг шовқин-суронидан нарига ўтгани йўқ. Шундан сўнг, икки давлат раҳбарлари 2021 йил 14 июн куни Брюсселда НАТО саммити доирасида ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказиб, Афғонистон бўйича келишувга эришишди. Эрдоган бу борадаги ўз миссиясини юқори баҳолади. «Эрдоган Байден билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилганини билдириб, «Биз тайёрмиз. Афғонистонда Толибонни бир четга суриб қўйишнинг имкони йўқ. Шу боис, АҚШ ва бошқа давлатларнинг қўллаб-қувватловига эришгудек бўлсак, Толибон билан муомала қилишимиз мумкин», деди. (CNN Arabic, 2021 йил 14 июн). Лекин Суриядан чиқиш масаласи, хусусан, Россия билан бу борада олиб бориладиган музокараларда Туркиянинг ўйнайдиган роли муҳимроққа ўхшайди.

Суриядан чиқиш масаласи ҳозирда Америка учун энг мураккаб масала. Чунки бу нарса фақат АҚШнинг ўзигагина алоқадор эмас. Зеро, у ерда Эрон, Туркия, Эрон Ҳизби ва энг муҳими, Россия бор. Маълумки, Россия Сурияга 2015 йил 29 сентябрдаги Обама-Путин учрашувидан сўнг, АҚШнинг яшил чироқ ёқиб бериши билан кирган эди. Буларнинг барчаси маълум чора-тадбирларни талаб қилади. Чунки Америка ўз қўшинларини олиб чиқишдан олдин бошқа давлатларнинг, хусусан Россиянинг Суриядан тўлиқ чиқиб кетишини таъминламоқчи бўляпти. Айни пайтда Америка доимо қўллаб-қувватлаб туриш ва Афғонистондаги каби воз кечиб юбормаслик борасида курдларни хотиржам қилган. «Сурия демократик кучлари бош қўмондони Мазлум Абдининг айтишича, ўтган ой Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Суриядаги курд иттифоқчиларидан асло воз кечмайди, дея ваъда берган. Мазлум Абди Ҳасакадаги штаб-квартирасида Таймс газетасига берган интервьюсида: «Улар Сурия умуман Афғонистонга ўхшамаслигига бизни ишонтириб, Америка сиёсати бу ерда бутунлай бошқача эканини таъкидлашди», дея билдирди». (RT, 2021 йил 28 сентябр).

Америка Суриядан ўзи чиқиб кетиб, Россиянинг қолишини истамайди. Айниқса, Россия бир қанча позицияда Хитойга яқинлашиб, Америка сиёсатидан ҳамда унинг барча эътиборини Хитойга қаратаётганидан безовта бўлаётган бир пайтда, унинг истамаслиги табиий. Шунинг учун Америка 2021 йил 16 июнда Женевада бўлиб ўтган Байден-Путин учрашувида Хитойдан узоқлашиши ва АҚШ позициясига яқинлашиши учун Россияга босим ўтказган бўлишининг эҳтимоли катта… Тўғри, Америка Суриядан чиқиб кетишни режалаштириб, ўз номидан ишларни бошқаришни малайларига топширишга ҳаракат қиляпти. У шунингдек, Суриядан тўлиқ чиқиб кетишидан олдин Россиянинг чиқиб кетишини жуда муҳим, деб билиб, бўшлиқни тўлдириш вазифасини малайларига юклаяпти ва бу билан барча эътиборини Хитойга қаратмоқчи. Лекин шуни унутмаслик керакки, Америка Россияни ўзига тенглаштиришни хоҳламайди. Шунинг учун Россия билан Суриядан чиқиб кетиш масаласини муҳокама қилишни Эрдоганга юклади. Чунки Россияга бу масалани ўзи билан юзма-юз муҳокама қиладиган даражадаги давлат эмас, деб қарайди. Бундан ташқари, Америка ўз малайи Башардан кўнгли анча хотиржам. Чунки Миср газини Иордания ва Сурия орқали Ливанга этказиб бериш бўйича олиб борилган музокаралар ортидан Башарнинг минтақа давлатлари билан бўлган муносабатлари бир мунча яхшиланди. Муносиб альтернатива топилгунига қадар, Башар Америка учун ишончли малай бўлиб турибди… Шунинг учун Америка Россия билан унинг Суриядан чиқиб кетиш масаласини муҳокама қилишни Эрдоганга юклади… «Эрдоган икки томонлама муносабатлар ва Идлибдаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилиш учун 29 сентябр куни Путин билан учрашишини айтди. У журналистларга «Жаноб Путин билан яккама-якка суҳбат қурамиз. Бу фақатгина Идлиб масаласи муҳокама қилинадиган учрашув бўлмайди. Балки Суриядаги умумий вазият, у ерда қандай қадамлар ташлашимиз ҳамда икки томонлама муносабатлар ҳақида гаплашамиз», деди. У шунингдек, Туркия ва Россиянинг минтақадаги муҳим давлатлар эканини таъкидлаб, Путиннинг ҳақиқий давлат арбоби эканини, бу нарса Озарбайжон-Арманистон курашида яққол кўзга ташланганини билдирди». (Ал-Жазира, 2021 йил 28 сентябр). Миллий разведка ташкилоти раҳбари Ҳакан Фидан ҳамроҳлигида сафар қилган Эрдоган Путин билан учрашишдан олдин бундай деди: «Сурия борасида биргаликда ташлаётган қадамларимиз катта аҳамият касб этади. Зеро, у ердаги тинчлик Туркия ва Россия муносабатларига боғлиқдир». (Анадолу агентлиги, 2021 йил 29 сентябр).

Россия вазиятни тушуниб турибди. Шу боис, Суриядан чиқиб кетиш масаласини ўзи билан тўғридан-тўғри Америка муҳокама қилиши ўрнига Эрдоганнинг муҳокама қилишини ўзи учун ҳақорат деб билди. Чунки айнан АҚШ Россияни Сурияга олиб кирганди. Шундай экан, АҚШ қандай қилиб бу масалани тўғридан-тўғри Россия билан муҳокама қилиш ўрнига, Эрдоганга юкласин?! Шу боис, Россия буни ўзи учун ҳақорат сифатида қабул қилди. Зеро, Путин Америкага тақлидан дунё сиёсатига таъсир ўтказадиган давлат раҳбари сифатида гердайиб юради! Шунинг учун Россия АҚШнинг бу масалани яна тўғридан-тўғри ўзи билан муҳокама қилишига умид қилиб, Эрдоганга қарши позиция эгаллади. Шу орқали бир тарафдан Туркияга сабоқ бериб қўйишни, иккинчи томондан АҚШга бир мужда йўллашни кўзлади. Бу нарса қуйидагиларда ўз аксини топади:

а)   «Россия президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдоганнинг чоршанба куни Россияга келишига эътиборсиз қаради. Путин Эрдоганни Сочи аэропортида ўзи кутиб олиш ўрнига, Сочи мери Алексей Копайгородский билан Краснодар вилояти губернатори ўринбосари Александр Руппелни юборди. Эрдоганни Сочи халқаро аэропортида Краснодар вилояти губернатори ўринбосари Александр Руппел, Сочи мери Алексей Копайгородский, Россия ташқи ишлар вазирлиги давлат протоколи департаменти директори Игор Богдашев, Туркиянинг Москвадаги элчиси Меҳмет Самсар, Новороссийскдаги Туркия бош консули Фират Баяр ҳамда Туркия элчихонаси ходимлари кутиб олишди». (turkeyalaan.com, 2021 йил 29 сентябр).

б)   Бундан ташқари, Путин «Правда» газетасига Эрдоганни ҳақорат қилиш ва уни бечора деб аташни буюрди! Маълумки, «Правда» рус газетаси бўлиб, Совет Иттифоқи даврида дунёдаги энг кўп тиражли газеталардан бўлган. Эндиликда Кремлга яқин етакчи газеталардан бири ҳисобланади: «Сешанба куни Кремлга яқин бўлган Россиянинг «Правда» газетасида президент Тоййиб Эрдоган ҳақорат қилинди. Газета қаттиқ сўзлар билан ёзилган бир мақолада Эрдоганни Сочи сафаридан сал аввал бечора, деб атади. Россиялик журналист Александр Шторм ҳам «Правда» газетасидаги ўз мақоласида «Бечоранинг қайта сайланиш имконияти йўқ…», деб ёзган. (turkeyalaan.com, 2021 йил 29 сентябр).

Шунга кўра, Путин-Эрдоган учрашуви бошидан охиригача, ҳатто бошланишидан олдин ҳам муваффақиятсиз бўлди. Афтидан, Эрдоган шундай бўлишини билган кўринади. Шу боис, ушбу муваффақиятсизликдан хабардор бўлганлар доираси кенгаймаслиги учун учрашувни жуда тор доирада, яъни фақатгина ўзи билан Путин ўртасида бўлишини хоҳлади. Шундай қилиб, бу учрашувда ҳеч қандай ижобий натижа бўлмади, Эрдоган тарвузи қўлтиғидан тушган ҳолда Туркияга қайтди. Ҳатто ҳар бир учрашувдан кейин ўтказиладиган протокол конференцияси ҳам ўтказилмади! «Россия президенти Владимир Путин билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган ўртасида чоршанба куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашув матбуот анжуманисиз якунланди. Уч соат давом этган учрашувдан сўнг, ҳар икки томон ҳам натижа ёки келишув тўғрисида лом-мим демади. Дипломатик баёнотлардан ташқари, учрашув мазмуни ҳақида ҳеч қандай маълумот берилгани йўқ… Бу тўғрида сиёсий таҳлилчи Дервиш Халифа Арабий Жадид сайтига берган интервьюсида айтадики, учрашув мазмуни ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмагани икки томон ўртасида ҳеч қандай келишув бўлмаганини, билъакс тафовутлар юзага келганини кўрсатади ва айни шу сабабдан матбуот анжумани ҳам ўтказилмаган. Дервиш Халифа учрашувнинг асосий кун тартибида баъзилар даъво қилганидек, Украина ёки Ливия масаласи эмас, балки Сурия масаласи кўрилганини қўшимча қилди…». (Арабий Жадид, 2021 йил 30 сентябр).

Эрдоганнинг октябр ойи охирида Катта йигирматалик саммити доирасида Байден билан учрашиши режалаштирилган: «Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган келаси октябр ойида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик саммити доирасида АҚШлик ҳамкасби Жо Байден билан учрашадиган бўлди. Бир қанча манбалар Эрдоганнинг саммит давомида АҚШ президенти Байден билан учрашишини маълум қилди». (Анадолу агентлиги, 2021 йил 28 сентябр). Афтидан, бу учрашув Эрдоган-Путин учрашуви муваффақиятсиз чиқиши ортидан қандай қадамлар ташланиши ҳақида бўлади!

Агар Америка Россиянинг Хитойга нисбатан позициясини назорат остига олишга муваффақ бўлса, яъни Хитойга қарши Россияни ўзига торта олса, Эрдоганни бутунлай эътиборсиз қолдириб, муваффақиятсизликлари билан ўралашган аҳволда ташлаб қўяди! Агар Америка Россиянинг Хитойдан узоқлашишини кафолатлаб олгудек бўлса, яна Россия билан келишувга эришиши мумкин. Зеро, бундай мустамлакачи давлатлар ўзларининг манфаатлари рўёбга чақади, деб билса, ўз малайлари ёки таъсири остидагиларнинг қадр-қимматини бир тийинга ҳам олмайди.

Хуллас, масалани қуйидагича умумлаштириш мумкин:

а)   Америка Ўрта Шарқдан чиқиб кетишга, ишларни ўз малайлари ва таъсири остидагиларга топширишга, ҳатто одатий можарога эмас, балки совуқ урушга олиб борса ҳам барча эътиборини Хитойга қаратишга тайёрланмоқда. Шунинг учун Вашингтондаги Хитой элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнъюй АҚШ, Британия ва Австралия ўртасида тузилган AUKUS мудофаа альянси ҳақидаги баёнотида АҚШни мана бундай сўзлар билан айблади: «Бу давлатлар бошқа тарафларнинг манфаатларига қаратилган ёки зарар етказадиган эксклюзив блоклар тузмасликлари ва биринчи навбатда совуқ уруш менталитети ва мафкуравий тарафкашликдан воз кечишлари лозим»… (Ал-Жазира, 2021 йил 16 сентябр).

б)   Бир вақтлар Россияни ич-ичидан титратиб, ларзага солган Усмоний давлат ҳозирда йўқ бўлгани учун Россия ва бошқа душман давлатлар енгил нафас олишмоқда. Россия бугунги кунда Туркия ҳукмдорларига ишора билан ҳам кўрсатилмайдиган даражада заиф, ҳеч қандай вазнга эга эмас, деб қарайди.

в)   Ушбу воқеаларнинг ижобий жиҳати ҳам бор. У ҳам бўлса, мустамлакачи кофир давлатларнинг ўз лаш-лушларини йиғиштириб, мусулмонлар юртларини тарк этишга отланиб қолганидир. Бу эса, даъват эгалари ва ҳаққа эргашувчиларнинг Ислом ва мусулмонлар даражаси кўтарилиши, куфр ва унинг аҳли ер билан яксон бўлиши ҳақида хушхабар етказишлари учун қулай имкониятдир.

إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ

«Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир» [Қоф 37]

29 сафар 1443ҳ

6 октябр 2021м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here