Путин: террорчилар Афғонистондан Марказий Осиёга ёйилишни бошлаши мумкин

467
0

Путин: террорчилар Афғонистондан Марказий Осиёга ёйилишни бошлаши мумкин

 Хабар: Террорчилар Афғонистондан қўшни мамлакатларга ёйилишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.

 “Ироқдан, Суриядан у ерга жанговар ҳаракатларда тажрибага эга жангарилар йиғилиб келмоқда. Шу боис террорчилар чегарадош мамлакатлардаги, жумладан, МДҲ мамлакатларидаги вазиятни ҳам беқарорлаштиришга, тўғридан-тўғри ёйилишга уринишни бошлашлари мумкинлиги истисно қилинмайди”, – деди Путин.

 Путин афғон чегарасидаги вазиятни доимий кузатувга олиш ва жангариларга қаршилик кўрсатишга шай туриш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун куч ишлатар тузилмалари ишини мувофиқлаштириш ва керак бўлган пайтда қўшма амалиётларни ўтказиш даркор.

“Афғонистондаги вазият оддий эмас, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Америка қўшинлари батамом олиб чиқиб кетилгандан сўнг ҳукумат ўз тартиблари, ўз қоидаларини ўрнатаётган толиблар қўлига ўтди. Шу билан бирга мамлакатда “ИШИД” таркибидаги қатор халқаро террорчилик гуруҳлар ўз ишини давом эттирмоқда”, – деди Путин.

 Россия раҳбари Марказий Осиё, Кавказорти ва бошқа минтақалар учун туғилаётган эҳтимолий таҳдидлар сентябрдаги КХШТ ва ШҲТ саммитларида батафсил муҳокама қилинганини қайд этди. Бу мавзу бўлажак МДҲ саммитида ҳам муҳокама қилинади, деб қўшимча қилди у.

Изоҳ: АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетгани билан минтақа давлатлари учун манфаатли, ўз навбатида минтақани Россия таъсир доирасидан узоқлашишига олиб келувчи лойиҳаларни амалга оширишдан воз кечганича йўқ. Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилса минтақа давлатлари учун Эрон ва Покистон портларига йўл очилади. Бу эса ўз навбатида Россиянинг “қош-қовоғига” боғлиқ бўлган ягона темир йўлга муқобил йўл бўлади ва минтақани русга бўлган қарамликдан узоқлаштиришга олиб келади. Шу сабабли ҳам АҚШ нуфузи остидаги Жаҳон банки томонидан бу лойиҳага илк босқичлар учун 35 млн доллар маблағ ажратиладиган бўлди.

 Туркманистон учун эса 1800 км узунликдаги Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури ҳар йили 33 миллиард куб метрга яқин туркман газини экспорт қилиш учун мўлжалланган лойиҳадир. Ҳозир Туркманистон ўз газини фақат Россия ва Хитойга сотишга мажбур. Агар мазкур лойиҳа амалга ошса минтақадаги энг арзон бўлган туркман гази учун яна учта харидор нақд бўлади. Ҳозирги тақсимот билан Афғонистон йилига 5 миллиард кубометр, Покистон 14 миллиард кубометр, Ҳиндистон 14 миллиард кубометр олади. Бу ўз навбатида Россияни газ нархи борасида Туркманистонга босим ўтказиш ричагидан маҳрум қилади.

 Бундан ташқари, Россия манфаатларига эид бўлган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл лойиҳаси ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳалар амалга ошиши учун Афғонистонда барқарорлик ва мамлакатни бошқараётганлар билан хайрихоҳ бўлиб, улар билан ҳамкорликни талаб қилади. Шу сабабли ҳам минтақад давлатлари (Тожикистондан ташқари)нинг барчаси Афғонистон билан яхши қўшничилик алоқаларини тиклаб, дипломатик алоқаларни тиклашга ва инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатиш орқали, сиёсий музокаралар орқали мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга ўз хиссаларини қўшишга интилмоқда.

 Россия эса Афғонистон билан қўшни мамлакатларни ундан узоқроқ ушлашга интилмоқда. Бунда у синалган усул – минтақа давлатларини “терроризм таҳдиди”дан фойдаланиб, чегараларни мустаҳкамлашга ундамоқда. Россия минтақа далатлари билан бирин-кетин ҳарбий машғулотлар ва саммитлар ўтказиш орқали ўзини минтақадаги “тинчлик гаранти” сифатида тақдим қилишга уринмоқда. Ҳозир Россия минтақада ўз нуфузини сақлаб қолиш учун ҳарбий кучига суянишдан бошқа чораси қолмай бормоқда.

 Абдураҳмон Одилов    

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here