بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
1445 ҳижрий йилги ҳажда вафот этганлар сонининг ортиши
Устоз Халифа Муҳаммад
Иордания вилояти
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло балоғатга етган ақлирасо қодир ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж ибодатини фарз қилди. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтади:
﴿وَلِلّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلاً﴾
«Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж қилиш бурчи бор»
[Оли Имрон 97]
Ҳаж Исломнинг беш арконидан бири бўлди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу фарзни адо этишга қодирлик ва имконият топишга қаттиқ интилиб, уларга эга бўлган биринчи фурсатда уни адо этишга ҳаракат қилади. Бироқ, Халифалик давлатининг йўқотилиши, мусулмон юртларининг мустамлакачиликнинг сохта чегаралари билан парчаланиши ҳамда мусулмонларнинг ҳаж ва бошқа ишларига ғамхўрлик қилувчи ҳақиқий етакчидан маҳрум бўлиши, буларнинг барчаси мусулмонлар бошига тушган энг катта бало бўлиб, кўпчилик мусулмонлар ҳаж фарзини адо этишга қодир бўлган вақтда мана шу нарсалар уни адо этишларига тўсқинлик қилмоқда.
Аллоҳ Азза ва Жалла мусулмонлар раҳбарига уларнинг барча ҳаётий ишларини чиройли суратда бошқаришни фарз қилди. Ҳаж ҳам айни ишлардан бири бўлиб, раҳбардан унга алоҳида эътибор бериш талаб қилинади. Чунки ҳаж мавсумида миллионлаб мусулмон бир вақтда бир ерга тўпланади, каттаю кичик, эркагу аёл, кучлигу заиф ҳозир бўлади. Ўз навбатида, бу ишларни ташкил этиш, бошқариш ва ғамхўрлик қилишда алоҳида эътибор талаб қилинади. Буларнинг барчасидан олдин кўплаб зиёратчиларни сиғдириши учун жойлар, иншоотлар ва йўлларни обдан проектлаш керак бўлади. Ҳаж зиёратидан масъул бўлган мутасадди ташкилотлар буларни амалга оширишдан ожиз эмас. Жумладан, ушбу маросимларга ҳозир бўлиш учун керакли маблағлар, яратувчан ақллар, ишчи кучлари ва ижодкор фикрлар билан таъминланса, инсонлар ҳаж ибодатларини ҳар қандай тиқилинч, бир-бирларини тепалаш, бахтсиз ҳодисалар ва жароҳатлардан холи равишда адо этадилар.
Ҳожиларга ғамхўрлик қилиш уларни озиқ-овқат, ичимлик, ётоқ, хавфсиз транспорт, соғлиқни сақлаш билан таъминлашни, шунингдек, иссиқ-совуқ, юқумли касалликлар ва табиий офатлардан сақлашни талаб қилади. Ушбу ғамхўрликда бир киши бошқасидан, бир гуруҳ бошқа бир гуруҳдан ва рухсатномаси бор рухсатномаси йўқдан устун қўйилмайди. Чунки ғамхўрлик мусулмонлар ишларини бошқараётган киши учун фарздир, ҳар бир инсоннинг инсон сифатида ҳаққидир. Умуман олганда, эҳтиёжи бор кишига фақат эҳтиёжманд инсон деган эътиборда қаралиб, эҳтиёжи қондирилиши шарт.
Юқорида айтганимиздек, мусулмонлар Халифалик давлатини йўқотиш ва Ислом аҳкомлари билан бошқарувчи ҳақиқий раҳбардан маҳрум бўлиш балосига дучор бўлиб, юртлари парчаланди ва мустамлакачи кофир исломий юртларда зўрлаб ўрнатган чегаралар билан уларни бўлиб ташлади. Натижада мусулмон киши ўз юртидан бошқасида ажнабийга айланди. Мусулмонлар бошига ликиллаб қолган курсиларига қаттиқ ўч бўлган, ҳатто бунинг учун юртини ҳам, фуқароларини ҳам сотадиган, мустамлакачи кофирларга мамлакат бойликларини талашга имкон яратадиган ҳокимлар балоси келди, оқибатда улар одамлар ишларини ёмон бошқаришди. Жумладан, Оли Сауд ҳукмдорлари ҳам ҳаж ишларини ёмон бошқаришди ва ҳожиларга қулайлик яратадиган хизматларни тақдим этишмади. Шубҳасиз, йилдан-йилга кўпайиб бораётган зиёратчилар эҳтиёжини қондирадиган ҳамда турли об-ҳаво шароитига мос келадиган хизматларни кўрсатишмади. Оқибатда, табиийки, ўлим, яраланиш, касал бўлиш ва йўқолиш ҳолатлари каби жуда кўп турли ҳодисалар юз берди, албатта буларнинг барчасининг жавобгарлиги Оли Сауд ҳукмдорлари бўйнида.
Мисли кўрилмаган даражада ҳавонинг исиши ҳожиларга ғамхўрлик қилишда Саудия ҳукмдорлари айбини очиб ташлади. Масалан, шундай жазирамада зиёратчилар учун масканлар ва чодирлар етишмади, йўллар маросимлар учун жуда узоқ ва соябонсиз бўлди, етарлича транспорт воситалари, қулайликлар, совиткичлар ва соғлиқни сақлаш билан таъминланмади. Оқибатда юзлаб ҳожилар ҳалок бўлди, ўнлаби бедарак йўқолди, улар ҳамон қидирилмоқда. Уларнинг ичида ҳажга рухсат берилганлари ҳам бор, рухсат берилмаганлари ҳам. Бу ҳол ўзларини икки Ҳарами Шариф хизматчилари деб даъво қилган Оли Сауд ҳукмдорлари томонидан умумий шаклда ҳожилар ишларини ёмон бошқарилганидан келиб чиқди. Аввалги ҳаж мавсумлари ҳам мана шундай ёмон бошқарув сабабли ҳожилар орасида ўнлаб-юзлаб ўлимлар билан ўтганини унутганимиз йўқ.
Бунга Оли Сауд ҳукмдорларининг мамлакатдаги сайёҳлик ҳудудларига кўрсатаётган жуда катта ғамхўрлик ва хизматларидан кўра яхшироқ далил бўлмаса керак. Зеро, Неом сайёҳлар шаҳри, 2029 йил қишки Осиё ўйинларини Саудияда ўтказишга тайёргарлик кўриш каби ишларга миллионларни сарфлашяпти. Аммо ҳаж маросимлари ва хизматларига, ҳаж фарзини адо этиш учун келганларга муносиб ёрдам ва хизматлар учун мазкур харажатларнинг ўндан бирини ҳам сарфлашмаяпти. Тўғрироғи, ҳаж маросимлари ва иншоотлари ҳар йили ҳаж қилмоқчи бўлган ҳар бир кишини сиғдира оладиган даражада тайёрланса, ҳаж ҳам бепул бўлса яхши бўлади. Умматнинг бойликлари мусулмонларнинг бу ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун етарлидир.
Оли Сауд ҳукмдорларининг жиноятлари фақат ҳожилар ишларини ёмон бошқариш ва бунинг оқибатида кўп ҳожиларнинг ҳалок бўлиши билан чекланиб қолмайди. Буларга Арабистон ярим оролида содир этган қирғинларини ва ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун юзлаб мусулмонларни ўлдиришларини қўшимча қилиш мумкин. Уларнинг жиноятлари кўплаб мусулмон юртларидаги мусулмонларга етиб борди. Масалан, армиялари Яманда Америка манфаати учун жиноятларни содир этди. Шом қўзғолонини тўхтатиш ва қонхўр Асад режимини сақлаб қолиш учун жуда катта маблағлар сарфлашди. Суданда ҳам шундай жиноятлар қилишди. Босния ва Герцеговина, Бирма, Сомалида ва мана бугун Фаластинда мусулмонлар масалаларига бефарқ қараб, ёрдам беришмаяпти. Аксинча, анави жирканч яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришга уринишяпти, Американинг икки давлат ечимини талаб қилишяпти. Дунёнинг ҳеч бир жойида мусулмонлар муаммоси йўқки, уларга Оли Сауд ҳукмдорларининг хиёнат, фитна ва тил бириктирувлари етиб бормаган бўлса.
Бас, эй мусулмонлар! Ҳар бир юртингиздаги ҳокимларнинг айби сизга фош бўлди, мустамлакачи кофирдан олдин уларнинг душманлиги кўриниб бўлди. Сиз учун то шу ҳокимларингиздан қутулиб, Ислом давлати барпо этилмагунча на уйғониш бор, на нусрат қучиб, тинч яшаш. Халифага байъат бериш орқали Пайғамбарлик минҳожи асосида барпо этилажак ушбу иккинчи рошид Халифалик давлати юртларингизни бирлаштириб, Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритади, ишларингизни чиройли бошқаради. Мана, Ҳизб ут-Таҳрир айнан мана шу лойиҳани кўтариб чиқмоқда, бас, унга байъат беринг.
Роя газетасининг 2024 йил 3 июл чоршанба кунги 501-сонидан