Украина уруши халқаро кўламга эга минтақавий уруш

554
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Украина уруши халқаро кўламга эга минтақавий уруш

Доктор Муҳаммад Жийлоний

Россия 2022 йил 24 февралда Украинага унинг НАТОга қўшилишини олдини олиш баҳонаси билан интенсив ҳужум бошлади. Қўшма Штатлар Европадаги иттифоқчиларини Россия Украинада уруш оловини ёқиши мумкин деб огоҳлантирган эди. 2021 йил июн ойида Байден Женевада Путин билан учрашди. Учрашувда икки томон тинчликни сақлаш учун стратегик барқарорлик ва ҳамкорликнинг муҳим эканини таъкидлашди. Бироқ, икки томон ўртасидаги айни келишувга қарамай, Россия Украинага кенг қамровли уруш бошлаб, шу орқали Донбасс вилоятини эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Уруш ҳануз алангаланмоқда ва Европанинг бошқа давлатларига ҳам кенгаяди, деган хавотирлар кучаймоқда.

Сиёсий нуқтаи назардан қараганда, бу каби хавотирли гапларни Россиянинг Ғарбга таҳдиди, дейиш мумкин. Аслида, бу ердаги Ғарб тушунчаси Европа билан чекланиб, Американи ўз ичига олмайди. Россия Совет Иттифоқининг стратегик ва ҳарбий жиҳатдан табиий меросхўри сифатида АҚШ билан стратегик барқарорликка оид – айниқса ядровий қуроллар бўйича – имзолаган шартномаларга содиқ.

Америка сиёсий доираларида Украина уруши ҳақидаги баҳс-мунозаралар авжига чиққанда, унинг сиёсатчилари уруш таъсири Европани ўз ичига олиши, Америкага эса етиб бормаслигини очиқ эълон қилишдан тортинишмаяпти. Нью-Йорк Таймс газетаси 2022 йил 21 октябрда Байденнинг конгрессдаги Республикачиларга раддия билдириб шундай деганини нашр қилди: «Улар Украина уруши ҳажмини англашмаяпти. Бу уруш Украинадан узоқроққа тегишли. У Шарқий Европа ва НАТО учун хатардир. Улар (Республикачилар) АҚШнинг ташқи сиёсатини тушунишмайди». Бу гапи билан Байден Украинадаги уруш аслида (Шарқий) Европа ва НАТОни нишонга олганлигига ишора қиляпти.

Ҳақиқат шундаки, НАТО ҳақида сўз юритилишидан олдин Америка айрим Европа давлатларининг НАТОдан чиқиб кетишга уринаётгани ва Европа учун махсус хавфсизлик ташкилоти қуришга ҳаракат қилишларидан қаттиқ қўрққан. Чунки бундан олдин Франция президенти Макрон 2019 йил ноябр ойидаги баёнотида НАТО мия ўлими босқичида бўлиб, ҳозир реанимация бўлимида ётибди, деган эди. Европада Американинг НАТО ҳимояси остидаги глобал хавфсизлик бўйича гегемонлигидан алоҳида хавфсизлик кучларини яратиш ғоясини Европа давлатлари ичида Франция кўпроқ қўллаб-қувватлайди. Бироқ Украинага қарши уруш Европанинг НАТОдан қутулиш ва мустақил фаолият юритишига тўсқинлик қилди. Дарҳақиқат, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 2024 йил 4 апрелда НАТО ҳарбий қўмитаси раиси ва аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги йиғинда «Бугун НАТО ҳар қачонгидан ҳам катта, кучли ва ҳамжиҳатдир», деди. Кўплаб америкалик сиёсатчилар илгари НАТОни қайта-қайта шундай сифатлашган. НАТОнинг мия ўлими босқичида бўлиб, реанимация бўлимида ётгани ҳақидаги гапдан беш йил ўтгач, НАТО Украина урушидан кейин янада кучли, уюшган ва саноғи кўп альянсга айланди!

Украина уруши таъсирини уруш Украина ерида бўлаётган эса-да, ундан кўзланган узоқроқ мақсад Европа деб сифатлаш Нью-Йорк Таймс газетаси муҳаррири Томас Фридман оғзидан чиққан. Аммо Россия томонидан Европани нишонга олиш рус тафаккуридан анча узоқдаги нарсадир. Зеро, Россия НАТО давлатларидан бирига қарши уруш эълон қилиш уни ўзининг қурби етмайдиган коалицияга қарши туришга мажбур қилишини яхши билади. Шунинг учун у совуқ уруш давридан бери бу йўналишда қизил чизиқни босишдан эҳтиёт бўлиб келади.

2022 йил 31 майда, яъни Россия урушидан уч ой кейин Фридман Нью-Йорк Таймс газетасидаги мақоласида бундай деди: «Мен Путин Украинага бостириб кирди деб ўйладим. Мен ноҳақ эдим. Аслида, у Европани забт этган эди». Бу Байденнинг кейинроқ айтганларига яқин гап бўлди. Томас Фридманнинг яна бир мақоласида ва бошқа америкалик журналистлар мақолаларида айтилишича, «Шимолий оқим 2» газ линияси ҳақидаги васвасалар Американи доим хавотирга солиб келган. Американи хавотирга солган нарса бир томондан, айни лойиҳа Россиянинг Европадаги нуфузини кучайтириши бўлса, иккинчи томондан, Европанинг энергия манбалари бўйича Америкага ва унинг сиёсати доирасида юрувчи давлатларга қарамлигини камайтириб юборишидир. 2022 йил 8 февралда, яъни урушдан бир неча кун олдин «CNN» канали «Байден Шимолий оқим 2 лойиҳасини йўқ қила оладими» номли ҳисоботдан иқтибос келтирди. Нархи 15 миллиард доллардан ошган бу лойиҳа бўйича йилига 55 миллиард куб метрдан ортиқ газ юбориш кутилган. Америка айни лойиҳага 2015 йил имзо чекилгандан бери уни тўхтатиш учун кўп бор уринди, аммо қўлидан келмади, лойиҳанинг амалда очилиши қолган эди. Аммо уруш бошлангандан кейин тўхтаб қолди, кейин унинг тўрт линиясидан учтаси портлатилди, Россия Американи бу портлаш ортида турганликда айблади.

Хуллас, Россиянинг Европага таҳдиди реал, хаёлий эмас. Бироқ бу таҳдиддан мурод Европага уруш эълон қилиш ёки у билан ҳарбий низога киришиш эмас. Қолаверса, Россия энди Совет Иттифоқи давридагидек сиёсий, мафкуравий ва ҳарбий имкониятларга эга эмас. Аммо Россиянинг Европага таҳдидидан бирдан-бир фойдаланаётган томон Америка бўляпти. Чунки у Европани ўз истагига бўйсундиришни истаяпти, ўзидан тўлиқ мустақил бўлишига йўл қўймаяпти. Илгари Америка ўзининг энг ашаддий рақиби Совет Иттифоқи билан шартнома тузишдан тортинмаган. Чунки иккови ҳам ўзининг нуфузи остидаги минтақаларни сақлаб қолишга интилган. Американинг нуфуз доираси Ғарбий Европа, Совет Иттифоқининг нуфуз доираси Шарқий Европа бўлган.

Дарҳақиқат, биз 1992 йил 7 февралда Европанинг Маастрихт шартномасини имзолашга шошилганини, бу Совет Иттифоқи парчаланиши (1991 йил 26 декабр)дан ҳали икки ой ўтмасдан бўлганини гувоҳи бўлдик. Кейин Европа давлатлари 1999 йил бошида ўзларининг пул бирлиги (евро)ни босиб чиқаришга келишишди.

Хулоса қилиб айтганда, Франция ва Германия бошчилигидаги Европа Иттифоқи ўзига мос келадиган халқаро вазиятга қайтиш учун тегишли шароит қидириб топишга ва буни Европа давлатларининг кучли Иттифоқи орқали амалга оширишга тинмай ҳаракат қилди. Совет Иттифоқи парчаланиб, икки гигант ўртасидаги совуқ уруш тугаганидан кейин Европа ўзи учун бу қулай фурсатни топгандай бўлди. Бироқ Украина уруши Европани яна ўзининг ашаддий «дўсти» бўлмиш Америка қучоғига қайтишга ва унинг хавфсизлик байроғи остида қолишга мажбур қилди. Ўз заводларини ишга тушириш ва қаҳратон совуқлардан сақланиш учун зарурий энергия билан ўзини таъминлашда яна Америка ва унинг сиёсий орбитаси доирасидаги давлатларга таянадиган бўлди.

Хулоса ўрнида шуни англаб етмоғимиз лозим, хоҳ очиқ, хоҳ зимдан бўлсин, рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар ва курашлар фақат ва фақат ўткинчи ва сохта манфаат учун бўлмоқда, уларда мабдаий мафкуравий ғоя йўқ. Бу эса халқаро вазиятни ўзгартириш истиқболини чекламоқда. Модомики, халқаро вазият ҳар қандай шаклда адолатсиз-золим экан ва миллионлаб инсонлар ҳаётини зое кетказиб, бунинг учун мутлақо фикрламасдан ҳамма нарсани вайрон қилишдан тап тортмаётган экан, демак, ушбу кураш майдонига гигант давлат мисолидаги илғор мабданинг киришидан бошқа илож қолмади. Шубҳасиз, ушбу давлатгина бутун оламни ва инсониятни Американинг ва унинг ашаддий душмани Россиянинг ҳамда рақиби Европанинг ёвузлигидан халос этади.

﴿لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ وَأَنزَلْنَا الْحَدِيدَ فِيهِ بَأْسٌ شَدِيدٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللهُ مَن يَنصُرُهُ وَرُسُلَهُ بِالْغَيْبِ إِنَّ اللهَ قَوِيٌّ عَزِيزٌ﴾

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик-яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ғайбда (бандалари кўзига кўринмасдан) турган ҳолида Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир»                                                                                                          [Ҳадид 25]

Роя газетасининг 2024 йил 3 июл чоршанба кунги 501-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here