Садир Жапаров давлат ташрифи билан Хитойга жўнаб кетди

1657
0

Садир Жапаров давлат ташрифи билан Хитойга жўнаб кетди

 Хабар: Президент Садир Жапаров 17-май куни давлат ташрифи билан Хитойга учиб кетди. Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари ташриф доирасида “Хитой-Марказий Осиё” саммитида иштирок этади.

 Жапаров давлат ташрифи давомида ХХР раиси Си Жинпин билан икки томонлама музокаралар, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси раиси Ван Хуннинг ва бошқа расмий ҳамда ишбилармон доиралар билан учрашувлар ўтказади.

 Қирғизистон делегацияси таркибида президентнинг рафиқаси Айгул Жапарова, тишқи ишлар вазири Жээнбек Қулибаев, президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев, Қирғизистоннинг Хитойдаги элчиси Актилек Мусаева, президент маъмурияти қарорларини тайёрлаш бўлими раҳбари Ойбек Жунушалиевлар бор. Унга бир қатор вазирлар, Бишкек ва Ўш шаҳарлари мэрлари ҳамроҳлик қилмоқда.

 Садир Жапаровнинг Хитойга давлат ташрифи 18-20-май кунлари бўлиб ўтади.

 Изоҳ: Украина уруши чўзилиб, Россия сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий томондан заифлашиб боргани сари Марказий Осиё устида Ғарб давлатлари ва Хитой ўртасидаги кураш қизғин паллага чиқиб бормоқда. Ғарб расмийлари минтақа давлатларини Россияга қарши жорий этилган санкцияларга роия этишга чақириш баҳонаси билан “зиёрат” қилиб, маҳаллий ҳукуматлар билан яқин алоқа ўрнатишга уринаётган бўлса, Хитой иқтисодий лойиҳалар орқали минтақа давлатларини тобора кўпроқ ўзига боғлаб олмоқда. Хитой шу вақтга қадар минтақа давлатлари билан асосан иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратиб келаётган бўлса, 18-май куни олти мамлакат раҳбарининг илк юзма-юз саммити ҳисобланган – “Хитой-Марказий Осиё” саммитини ташкил этиш орқали минтақада сиёсий қадамлар ташлашни бошлади. Хитой ташаббуси билан уюштирилаётган мазкур саммит АҚШнинг “С5+1” форматига муқобил тарзда ташкил этилган бўлиб, бундан кўзланган мақсад минтақа давлатларини Ғарб томон юзланишининг олдини олишдан иборатдир.

 Маълумки, Россия ҳозирги сиёсий ва иқтисодий ҳолатида минтақа давлатларини ўз нуфузи ва таъсир остида ушлаб туриши тобора қийинлашиб бормоқда. Россия бой бериб бораётган минтақа бўш қолмаслиги ва унинг ўрнини кимдир тўлдириш аниқ. Путин учун минтақада АҚШнинг таъсири кучайиб боришидан кўра, бўшлиқни Хитой тўлдиргани манфаатлироқ.

 Жорий йилнинг 20-22 март кунлари Хитой раҳбари Си Жинпиннинг Москвага амалга оширган ташрифи ва Путин билан олиб борган музоқараларда ҳам Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки давлат раҳбарларининг “Янги даврда ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти”да келтириб ўтилди. Минтақа давлатларининг Ғарбга муносабатининг илиқлашувидан норози бўлган Москва ва Пекин бу давлатлар ким билан дўст бўлиш-бўлмаслигини ҳам белгилаб берилган қўшма баёнотни эълон қилиш:

 “Томонлар Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва миллий тараққиётини қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро мувофиқлаштиришни кучайтиришга тайёр ҳамда “рангли инқилобларни” импорт қилиш уриниши ва минтақа ишларига ташқи аралашувни қабул қилмайди”, -дейилган эди баёнотда.

 Аввалроқ, 2022-йил феврал ойи бошида Владимир Путин Пекинга ташриф буюрганида ҳам икки давлат раҳбарлари қўшма баёнот бериб, Россия ва Хитой “ташқи кучларнинг умумий қўшни минтақаларда хавфсизлик ва барқарорликка путур етказиш ҳаракатларига” қарши экани, шунингдек, “суверен мамлакатларнинг ички ишларига ҳар қандай баҳона билан ташқи кучларнинг аралашувига қаршилик кўрсатиш, рангли инқилобга қарши туриш” ниятида эканилиги қайд этилган эди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Россия минтақага АҚШ кириб келишини олиш учун минтқани Хитойга “тортиқ” қилиб юборишга ҳам тайёр.

 Бугунги кунда минтақа давлатларининг асосий инвестори Хитой эканлиги ва минтақадаги ҳар бир давлат ундан катта миқдорда қарздор.

 2020 йил ҳисоботларга кўра, Ўзбекистоннинг Хитойдан қарзи 3 млрд долларни ташкил этади. Бу мамлакат умумий қарзининг 12 фоизини ташкил қилади. Қирғизистон Хитойдан 1 миллиард 700 миллион доллар қарз олган ва бу давлат умумий ташқи қарзининг 40 фоизини ташкил этади. Тожикистон ташқи қарзларида Хитойнинг улуши 48 фоизни ташкил этади. Ўтган йиллар давомида Тожикистон Хитойдан 1 миллиард 200 миллион доллар қарз олган. Қозоғистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 12 миллиард доллардан ортиқ. Бу давлат умумий қарзининг 8 фоизи дегани. Туркманистон ҳақида эса аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

 Эндиликда Хитой минтақада иқтисодий нуфузини кучайтириш билан бирга сиёсий таъсирини оширишга ҳам ҳаракат қилишини ҳисобга олинадиган бўлса, минтақа устидаги нуфуз талашиш кураши АҚШ ва Хитой ўртасида кучайиб боришини кутиш мумкин.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here