Россиянинг Украинадаги уруши оқибатлари

207
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Россиянинг Украинадаги уруши оқибатлари

Савол:

Франc-24 веб-сайти 2022 йил 1 сентябр куни қуйидаги хабарни тарқатди: (Украина армияси матбуот котибининг маълум қилишича, украин қўшинлари шанба куни рус аскарларини қуршаб олишга муваффақ бўлганидан кейин мамлакат шарқидаги Донецк вилоятининг Лиман шаҳрига кириб борган). Россия президенти Путин чоршанба куни (Украинадаги жанг майдонидаги катта муваффақиятсизликлардан сўнг ҳарбий сафарбарлик тўғрисида фармон чиқарди. Маълумки, Россияда ҳарбий сафарбарлик Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта кузатилмоқда… Евроньюс, 2022 йил 21 сентябр). Буларнинг барчаси Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун қарши ҳужумларни бошлаганидан сўнг содир бўлди. (Украина мудофаа вазири ўринбосари якшанба куни «Ҳурра» телеканалига берган интервьюсида Украина мамлакат шарқидаги Россия томонидан босиб олинган 10 минг квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини айтди… У шунингдек, Киевнинг Ғарб давлатларидан катта ёрдам олганини таъкидлаб, мамлакат шарқидаги қарши ҳужумларда муваффақиятга эришдик, дея қўшимча қилди… Балад, 2022 йил 18 сентябр).

Савол шуки, Россия ҳақиқатдан ҳам ҳарбий жиҳатдан шунчалик заифми? Ёки Ғарб давлатларининг қурол-яроғ етказиб бериши сезиларли даражада ошдими? Россияда резервдаги ҳарбийларни қисман сафарбар қилиш вазиятни ўзгартирадими? Украинадаги тўрт вилоятни аннексия қилишнинг маъноси нима, ахир, Украина армияси эртасигаёқ ўша минтақаларнинг бир қисми бўлган Лиман шаҳрини қайтариб олган бўлса? Россия аннексиядан воз кечиши мумкинми?

Жавоб:

Бўлаётган воқеаларни, уларнинг кўлам ва оқибатларини англаш учун, бириничи навбатда, катта урушлар кучларнинг ҳақиқий мувозанатини ўзгартиришнинг энг тезкор ва ишончли усули эканини таъкидлаш лозим. Бу тарих давомида кузатилган нарса. Украинадаги урушнинг ривожини кузатадиган бўлсак, қуйидагилар аниқ бўлади:

  • Россия Украинада урушни ўзи даъво қилганидек, Донбасснинг русийзабон аҳолисини ҳимоя қилиш учунгина эмас, балки халқаро мавқеини мустаҳкамлаш учун бошлади. Украинага бостириб киришдан олдин Россия Европа, Америка ва НАТОдан хавфсизлик кафолатларини, шу жумладан Украинани НАТОга аъзо қилмасликни талаб қилгани барчага маълум. Унинг бу талаблари Ғарб томонидан Россияга нисбатан адолатсизлик қилинаётгани ва биринчи даражали ядровий давлат сифатидаги халқаро мақомига яраша муомала қилинмаётгани ҳақидаги тушунчасидан келиб чиққан бўлиб, бу нарса Москванинг урушдан олдинги барча баёнотларида яққол кўринади. Москванинг Америка ва Ғарб давлатларидан айни кафолатларни ёзма равишда беришни талаб қилгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Шунинг учун ҳам энг муҳим нарса шу бўлдики, Америка ва унинг ортидан Европа Россия босқинига шунчаки Украинадан баъзи бир ҳудудларни беришни талаб қилиш ёки шарқий Украинадаги русларни ҳимоя қилиш эмас, балки халқаро тизимга қарши исён деб қаради. Америка ва Ғарб давлатларининг бу хатти-ҳаракати 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганида содир бўлганидан бутунлай фарқ қилади. Яъни Ғарб бу урушни Американинг бир ўзи етакчилик қилаётган Ғарб халқаро тизимига қарши бошқа бир йирик давлатнинг исёни сифатида баҳоламоқда.
  • Шунинг учун Америка ва Европанинг муносабати кескин бўлди. Сиёсий аҳмоқлиги билан машҳур бўлган Россия буни кутмаган эди. Америка ва Европа Россияга қарши тарихдаги энг қаттиқ санкцияларни жорий қилиб, унинг хориждаги маблағларини ҳам музлатиб қўйди. Европанинг Россия нефти ва газига кучли эҳтиёж сезаётганига қарамай, Россия билан барча алоқаларини узди. Европа, хусусан, Германия қайта қуроллана бошлади. Америка (ва у билан бирга Европа) Украинага катта ҳарбий ёрдамларни кўрсатди. Россиянинг Украинага бостириб кириши билан Америка Ғарб устидан ўз етакчилигини аниқ ва сўзсиз намойиш этди. Аввалроқ, президент Трамп даврида дунё Америка етакчилигини шубҳа остига қўя бошлаган эди. Аммо бу уруш Американинг иттифоқчилар билан муносабатларидаги кўплаб бўшлиқларни тўлдирди. Москвани олға қадам ташлашга ундаган Россия куч-қудратининг қайси даражада эканлиги – Украинага киришидан олти ойдан кўпроқ вақт ўтиб, худди бугунги кунда маълум бўлганидек – урушнинг бошланишида аниқ маълум эмас эди. Шунинг учун Америка Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамларни аста-секин бера бошлади. Бу билан Москванинг қандай реакция билдиришини кузатди. Вақт ўтиши билан Россиянинг «қизил чизиқлари» бирин-кетин қулай бошлади. Кейин эса, Америка ва унинг иттифоқчилари бу «қизил чизиқлар»ни очиқдан-очиқ кесиб ўта бошлади ва Россия бу борада ҳеч нарса қила олмади. Россия қизил чизиқларининг қулашини Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамларда ва бу ёрдамларнинг мудофаадан ҳужумга қадар миқдор ва сифат жиҳатидан ошишида кўриш мумкин. Шундай қилиб, Америка Қримдаги объектларга зарба беришга илгари Украинани ундамаган бўлса, бугунга келиб, бунга ундамоқда.
  • Россия ўзининг стратегик аҳмоқлиги туфайли ўйлаб ўтирмай, Украина ҳудудига бостириб кирди. У Ўзини Украинадан устун деб ҳис қилгани учун пойтахт Киев сари чуқур кириб борди. Аммо тез орада унинг режаси муваффақиятсизликка учраб, Донбассга чекинди. Бу чекиниш рус армиясидаги улкан заифликни очиб берди. Зеро, Россия ўз самолётлари билан на Украина ҳаво ҳудудини назорат қила олди ва на олдинга силжиган кучларига логистик таъминот кўрсата олди. Украинанинг бундай қаттиқ қаршилик кўрсатиши Россияни ҳайратда қолдирди. Чунки у рус разведкаси хабар қилганидан фарқли бўлиб чиққанди. Шундай қилиб, Россия армиясидаги жиддий ҳарбий заифлик ошкор бўлиб, бу нарса Вашингтонда Россиянинг Украинада мағлубиятга юз тутиши борасида катта умидларни уйғотди. Россия президенти Путиннинг рус армияси ҳақидаги баёнотлари жанг майдонларида содир бўлаётган воқеаларга тўғри келмаслиги кўриниб қолди. Ушбу заифлик воқеда кўриниб қолгач, Украинада ўз миссиясини тўхтатган хорижий элчихоналар бирин-кетин Киевга қайта бошлади. Ғарб расмийлари ҳам Украинага серқатнов бўлиб қолишди.
  • Америка Украинага ҳарбий ёрдамлар бермоқчилигини эълон қила бошлади. Бу эса, Москва учун чақмоқ ургандек бўлди. Америка сунъий йўлдошлар орқали Украина учун разведка маълумотларини йиғишни ва унга ҳарбий маслаҳатлар беришни бошлади. Ҳатто АҚШ бош штаб бошлиғи украиналик ҳамкасби билан ҳафтасига етти марта телефон орқали боғланаётганини айтди. (Ал-Жазира, 2022 йил сентябр). Демак, Америка Украинадаги урушни ўзнинг уруши деб ҳисобламоқда. Лекин бу урушда унинг ўзи бевосита иштирок этмаяпти. Америка Украинага деярли ҳар ҳафтада миллиардлаб долларлик қўшимча ҳарбий ёрдамлар кўрсатилаётгани ҳақида билдириб келмоқда. Бу эса, Американинг Украинада Россияни мағлуб қилиб, уни йирик давлатлар рўйхатидан ўчириб юборишга бел боғлаганини англатади. Россия эса, буни жуда кеч тушунди!
  • Россиянинг стратегик заифлигини кўрсатиб турган нарсалардан бири шу бўлдики, Европа Россиянинг нефть ва газидан воз кечиш йўлида қатъий қадамлар ташлаётганини очиқ эълон қилиб турган бир пайтда, Россия урушнинг олти ойи давомида Европага нефть ва газ етказиб беришда давом этиб келди. Яъни Россия ўзига душманлигини очиқ эълон қилган мамлакатларга нефть ва газ етказиб беришни узиб қўйишга журъат қила олмади. Бу эса, унинг иқтисодига Ғарб санкциялари таъсир қилмаётгани ва санкциялар қаршисида рубль барқарор тургани ҳақидаги баландпарвоз гапларига қарамай, Москванинг пулга жуда муҳтож эканини кўрсатади. Россия «Шимолий оқим 1» газ қувурини 2022 йил сентябр ойи бошида, ҳатто унда содир бўлган авариядан олдин тўлиқ узиб қўйган бўлса-да, бироқ бу жуда ҳам кеч амалга оширилди. Шу билан бирга, Россия ўзини энергия маҳсулотларининг ишончли етказиб берувчиси сифатида айтиб келмоқда. Бу бир томондан. Бошқа томондан эса, Европага газ етказиб берувчи бошқа линиялар, масалан, Полша орқали ўтувчи «Ямал» газ қувури, Украина орқали ўтувчи «Прогресс» ва «Союз» қувури ва Туркия орқали ўтувчи «Турк оқими» қувури мавжуд. «Турк оқими» қувури ҳамон ишламоқда ва Европани газ билан таъминлаб келмоқда. Полша ва Украинадан ўтувчи қувурларни Россия эмас, балки шу мамлакатларнинг ўзлари узиб қўйди. Россиянинг пулга муҳтожлиги унинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказди. Бу эса, унинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган урушдан олдинги ҳаракатларига мос келмайди.
  • Россия Харковдаги мағлубиятдан кўп ўтмай, 2022 йил сентябр ойи ўрталарида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарларининг Самарқанд саммитидаги йиғинида Хитой позициясидан ҳайратда қолди. Хитойнинг айни позициясини Россия президентининг ўзи – Украинадаги уруш борасида «Хитойнинг хавотир ва ташвишларини» тушунишини айтар экан – маълум қилиб қўйди. (Путин хитойлик ҳамкасби билан Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан бери биринчи бор ўтказган учрашувида Хитойнинг Украина кризиси бўйича мувозанатли позициясини юксак қадрлашини айтди. Ал-Жазира нет, 2022 йил 15 сентябр). Шундай қилиб, Россия Украинадаги урушдан бироз аввал «чексиз» ҳамкорлик шартномасини имзолаган Хитойнинг «мувозанатли» позиция эгаллаганини, яъни унинг на Россия, на Украина ва на Ғарб билан бирга эканини тушунди. Дарҳақиқат, Хитой Шанхай саммитида Россия билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида ва мамлакат раҳбарининг баёнотларида «Украина» номини тилга ҳам олмади, фақат шама қилиб ўтди. Ҳар қандай ақли расо киши шубҳа қилмайдиган нарса шуки, Украинадаги урушда Россияга кўрсатадиган ҳар қандай ёрдами Хитой учун нақадар хатарли бўлиши ҳақида Америка Хитойга тушунтириб ўтган. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Хитой ўзининг халқаро савдосидан қўрққани учун ҳам Американинг бу огоҳлантирувларига қулоқ солмоқда. Шунинг учун Украинадаги тўрт вилоятнинг аннексия қилинишини қораловчи Хавфсизлик кенгаши резолюциясига қарши Россияни қўллаб-қувватламади. Франc-24 веб сайти 2022 йил 1 октябрда нашр қилган хабарда бундай дейилади: (Россия жума куни Украинадаги тўрт вилоятнинг аннексия қилинишини қораловчи Хавфсизлик кенгашининг резолюция лойиҳасига вето қўйди. АҚШ ва Албания томонидан тайёрланган резолюция лойиҳасини Хавфсизлик Кенгашига аъзо ўнта давлат қўллаб-қувватлаган бўлса, овоз беришда тўрт давлат – Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Габон бетараф қолди).
  • Буларнинг барчасидан шу нарса маълум бўляптики, Украинани ўз шартларига кўндира олмаган Россиянинг Украинага қилган ҳужуми бир томондан рус армиясидаги жиддий заифликни кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан, Америка ва умуман Ғарб томонидан Украинага – баъзан очиқ, баъзан яширин тарзда – катта ҳажмдаги юқори сифатли ҳарбий ёрдамлар тақдим этилаётганини кўрсатмоқда. Зеро, Россия урушдан олдин кутмаган янги муаммоларга дуч келди. Шу сабабли, Лавров 2022 йил 12 сентябрда Россия Украина билан музокара ўтказишни рад этмаслигини айтиб ўтди. (Ал-Жазира, 2022 йил 12 сентябр). Зеро, Лавров урушнинг дастлабки кунларида Украинага қўйилган таслим бўлиш шартлари ҳавога учиб кетганини тушуниб турибди. Шу боис, Россия ана шу шартларни фақат ядровий қуролни ишлатиш билангина қайта қўйиши мумкин. Бу Россиянинг охирги кузир картаси бўлиши мумкин. Аммо у ядро қуролидан фойдаланиш Американи у ёки бу шаклда урушга тортишини ҳам яхши билади. У Америкадан ёрдам оладиган Украина армияси билан бўлган урушда ғалаба қозона олмаётган экан, Америка армияси ҳам урушга қўшиладиган бўлса, қандай қилиб ғалаба қозонади?! Шундай қилиб, Россия Украинага бостириб киргандан кейин, боши берк кўчага кириб қолди.
  • Россия бу хатарларни англаб етди. Шунинг учун мағлубиятдан бош тортиб, (Россия президенти Владимир Путин қисман ҳарбий сафарбарликни эълон қилди. У бунда ўз мамлакати ядровий таҳдид остида эканини таъкидлаб ўтди. Ал-Жазира, 2022 йил 21 сентябр). Шунингдек, (Россия томонидан қўллаб-қувватланган Луганск, Донецк, Херсон ва Запороже вилоятлари раҳбарлари Россияга қўшилиш бўйича 23-27 сентябр кунлари референдум ўтказиш ниятида эканликларини маълум қилдилар. Анадолу, 2022 йил 21 сентябр)… Дарҳақиқат, референдум ўтказилиб, бу ҳудудлар Россияга қўшиб олинди… Ал-Жазира нет 2022 йил 30 сентябрда қуйидаги хабарни нашр қилди: (Россия президенти Путин Украинанинг Луганск, Донецк, Запороже ва Херсон вилоятлари Россия таркибига кирганини маълум қилди. У ўзининг узун нутқида Ғарбнинг дунё тартибини назорат қилишини қоралаб ўтди. Ўз навбатида, Украина президенти Зеленский ҳам ўз мамлакати Россия ҳаракатларига жавобан «ҳал қилувчи қадам» қўйганини билдирди). Аннексияга қарамай, Украина армияси ушбу тўрт ҳудудда ҳарбий амалиётларини давом эттирмоқда… Франс-24 веб-сайти 2022 йил 1 октябрда бундай хабар тарқатди: (Украина армияси матбуот котибининг таъкидлашича, Украина ҳарбийлари Москва учун катта аҳамиятга эга бўлган қалъа атрофида рус қўшинларини қамал қилгандан сўнг, мамлакат шарқидаги Лиман шаҳрига кириб борган. Жанглар давом этаётган бир манзарада, Россия минглаб аскарларини шаҳардан олиб чиқиб кетганини тасдиқлади. Бу Россия президенти Владимир Путин жума куни Украинанинг тўртта вилояти аннексиясини маъқуллаганидан сўнг, Москва томонидан сиёсий кескинлик давом эттирилаётган пайтга тўғри келмоқда… Украина Мудофаа вазирлиги ўзининг твиттердаги ҳисобида (Украина ҳаво-десант бўлинмалари Донецк вилоятининг Лиман шаҳрига кириб бормоқда), деб ёзди. Бундан бироз аввал Украина армияси Россия томонидан жума куни аннексия қилинган Донецк вилоятидаги Лиман шаҳрида минглаб рус аскарларини қуршаб олаётгани ҳақида хабар берган эди).
  • Бўлиб ўтган воқеалардан кейин, Россия позицияларига яқиндан назар ташлайдиган бўлсак, қуйидагилар маълум бўлади:

а)   Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, русларнинг ақлияти шундай бўлганки, Россия ерларни босиб олишни ва ҳар қандай тўлов билан бўлса ҳам уларни сақлаб қолишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам қисман ёки тўлиқ босиб олган ҳудудларда – уларни ўз таркибига қўшиб олиш учун – референдумлар ўтказиб, буни воқеий иш қилиб кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, Россия бу янги ҳудудлар (Луганск, Донецк, Запороже ва Херсон) рус ерларига айланганини, уларга қилинган ҳужум Россияга қилинган ҳужум эканини, Россиянинг «ҳарбий-ядровий доктринаси» талабларига мувофиқ, ўша ерларни мудофаа қилиш ядровий қуролдан фойдаланишни талаб қилиши мумкинлигини айтмоқчи бўляпти. Яъни Америка ва Европа давлатларини рус ерларига қилинадиган ҳужумда Украина армиясини қўллаб-қувватлаш оқибатларидан огоҳлантиришни, Украина армиясини эса қўрқитиб қўйишни хоҳлаяпти. Буларнинг барчаси Россия армиясининг заифлигини, Украинада ғалаба қозона олмаганидан сўнг – урушларда ядро қуролидан фойдаланишни тақиқловчи халқаро келишув мавжудлигига қарамай – ядровий қуролни ишга солиш тўғрисида имо-ишора қилиш йўлига ўтганини англатади.

б)   Захирадаги 300 минг аскарни жалб қилиш учун (ундан кўпроғи ҳам жалб қилиниши мумкин) қисман умумий сафарбарлик эълон қилинган экан, буларнинг барчаси Россия армиясининг заифлигини, Украинада Россия мақсадларини амалга оширишдан ожизлигини, оғир инсоний йўқотишларга юз тутгани сабабли захирадаги аскарларни сафарбар этишга мажбур бўлганини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, Россия ҳали урушга кирмаганини, балки фақатгина махсус ҳарбий операция ўтказаётганини айтиб келмоқда.

  • Катта эҳтимолга кўра, Украинадаги уруш эскалация даврига кирган бўлиб, теварагида катта хатарлар ётибди. Россия ўз обрў-эътиборини қайта тикламоқчи бўлса, яқин кунларда Украинада ҳўлу қуруқ барча нарсани ёндиради. Буни ўзида ирода ва куч-қудрат топа олсагина қилади. Аммо кўплаб кўрсаткичлар унда куч-қудрат етишмаслигини, иродаси заифлигини кўрсатмоқда. Россия Украина майдонида Америка ва Европа давлатлари билан у ёки бу тарзда қарама-қарши келганини жуда кеч англади. Россияни ақлдан оздириб, очиқчасига унга қаршилик қилаётган Америкадан фарқли ўлароқ, Европа давлатлари Россияни авраб-алдаш учун ўз эшигидан кичик бир туйнук қолдирди ва шу йилнинг охирида Россия нефтидан, кейин эса, газидан воз кечишни режалаштирмоқда. Буларнинг барчаси Европани Россияга нисбатан янада тажовузкор бўлишга имкон беради. Бу нарса Германиянинг Россияга қарши гап оҳангини ўзгартирганидан ва қуролланишни кучайтираётганидан очиқ кўриниб турибди. Россия Украина областларини ўз таркибига қўшиб олиш бўйича референдум ўтказиб, у ерлардаги ўзининг ютуқларини ҳамма тан оладиган ҳақиқатга айлантирмоқчи бўлди. Айни ҳудудлар ҳимояси учун ядро қуролидан фойдаланишни эса, ноаниқ қолдирди. Аммо Ғарб бу референдумларни рад этиб, Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирмоқда. Ҳатто Украинани янада илғор ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлаяпти. Бу эса, Россиянинг аҳволини янада қийинлаштирмоқда.
  • Сафарбарлик масаласига келсак, ҳарбий экспертларнинг фикрича, қисман сафарбарлик ҳамда ҳарбий машқдан ўтмаган захирадаги аскарларни жалб қилиш рус армиясига кўп ҳам фойда бермайди. Чунки Россия армиясининг заифлиги шу даражада жиддийки, буни аскарлар сонини кўпайтириш билан ҳал қилиб бўлмайди. Зеро, муаммо қўмондонликда ҳамда бугунги кунда Россияда мавжуд бўлмаган ускуналардадир. Гарчи Россия ўзининг ҳарбий ва қўшма заводларини жаҳон урушлари давридагидек максимал қувватда, армия манфаати учун ишлатаётган бўлса ҳам, бу ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмайди. Чунки Америка ва Европа давлатлари ҳам Украинани армия учун зарур бўлган жиҳозлар билан тўлиқ таъминламоқда. Агар Украинадаги рус армиясининг оғир йўқотишлари давом этадиган бўлса, Кремль Россия ичкарисидан урушни тўхтатиш учун катта босимга учрайди. Ушбу босим Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» газ қувуридаги портлашлар ва бунинг натижасида Европанинг арзон рус газига бўлган умидларининг пучга чиқиши туфайли янада кучаяди. Буларнинг барчаси Россияга нисбатан Европа душманлигининг кучайишига олиб келади. Буни Украина армиясини қўллаб-қувватлашнинг кучайишида ва арзон нархда газ олиш учун Россия билан ярашишга чақирувчи Европадаги овозларнинг заифлашишида кўриш мумкин. Бунга қўшимча Хитойнинг ортга чекиниш позицияси ҳам бор. Шу сабабли Россия майдонда Америка ва Ғарбга қарши ёлғиз ўзи қолганини тобора кўпроқ ҳис қилиб бораверади. Шу маънодаки, Хитой Россиядан анчагина воз кечди. Буларнинг барчаси Кремль раҳбарларининг ҳисоб-китоблари нотўғри бўлганлиги борасида кенг кўламли ички танқидларни келтириб чиқаради. Яъни Россиянинг навбатдаги тупикка кириб қолиши жавобгарлиги Кремль раҳбарлари зиммасига юкланади.
  • Ядровий таҳдидларга келсак, Россия аввало ҳақиқий иродани амалда йўқотиб боряпти. Зеро, Ғарб разведкаси Россия ядровий кучларининг бирорта янги ҳаракатларини кузатгани йўқ. Бу эса, Путиннинг таҳдидлари ядро қуролини амалда ишлатишдан кўра кўпроқ қўрқитишга яқин эканига Ғарбни янада ишонтиради. Чунки Америка ва Европа давлатлари бу таҳдидларни жиддий қабул қилганликларини айтишган бўлсалар-да, Россиянинг ядро қуролидан қўрқишларини намоён этишмади. Қолаверса, бу ерда ядро қуролидан Ғарб мамлакатларида эмас, балки Украина ҳудудида фойдаланиш ҳақида гап кетяпти. Америка эса, Россиянинг Украинада ҳар қандай ядро қуролидан фойдаланишига жавоб беришини айтиб ўтди. Бу жавоб Россия ва Америка ўртасида ядровий урушнинг олдини олиш учун анъанавий қуроллар орқали берилган тақдирда ҳам, буларнинг барчаси Россияни ўз арсеналидаги сўнгги қуроли бўлган тийиб турувчи кучларидан маҳрум қилиши мумкин. Яъни бу билан Россия урушдан кейинги ечимларда ўзининг ядро қуролига фалокат келтириши мумкин.
  • Россиянинг аннекциядан воз кечишига келсак, бу Россиянинг халқаро майдондан четлаштирилишини ва унга бўлган таъсирининг ниҳоясига етишини англатади. Бу эса, рус раҳбарияти учун жуда оғир нарса. Шу боис, Россиянинг аннекция бўйича референдумлар ўтказилган ушбу тўрт вилоят чегарасида туриши кутилади. Эҳтимол, у Харковда бой берган ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилиб, қўл остидаги территорияларни бироз кенгайтириши ҳам мумкиндир. Шу орқали Россия президенти 2014 йилда Қримни аннекция қилганидан кейин янги ҳудудларни забт этган бўлиб, ўз халқи олдида «кучли раҳбар» бўлиб кўринади. Аммо бунга эришган тақдирда ҳам, бу нарса қисқа вақт ичида бутун Украинани ютиб юбориш билан таҳдид қилиб, супер куч бўлиб кўринган мамлакат учун жуда кичик мақсаддир. Лекин бунга қарши Америка ва Ғарб давлатлари Украинани рағбатлантириб, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун унинг армиясини қўллаб-қувватламоқда. Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдамларни кучайтириши ва Россияда захирадаги аскарларнинг сафарбар қилинишини ҳисобга олсак, Украинадаги жанг майдони – катта эҳтимолга кўра – шиддатли жангларга гувоҳ бўлади ҳамда уруш узоқ вақт давом этади. Россия урушда ядро қуролидан фойдаланмасдан ғалаба қозонишни кафолатлай олмагани учун Украинадаги уруш халқаро таҳдидларга тобора кўпроқ мойил бўлади. Россия ташқи ишлар вазири Лавров Россия музокаралардан бош тортмаганини эслатаётган бўлса, Америка ва Британия Украинани Россияни буюк давлатлар рўйхатидан чиқариб юборадиган майдонга айлантиришга қаттиқ бел боғлаганини кўрсатишмоқда. Иродалар кураши кетаётган ҳозирги шароитда Украина майдони ҳамма нарсани остин-устун қилиб юбориши мумкин бўлган кутилмаган ҳодисаларга тўла майдон бўлиб қолаверади.
  • Охирида шуни таъкидламоқчимизки, ҳозирги даврдаги дунёнинг йирик давлатлари ҳеч қандай инсоний ва ахлоқий қадриятларни эътиборга олмай, ўзларининг ваҳший амбицияларини амалга ошириш учун бир-бирлари билан курашишмоқда. Зулм бу давлатларнинг наздида – гарчи бошқаларга зарар етказса ҳам, турган-битгани ёмонлик бўлса ҳам, модомики, ўзларининг хоҳишларини амалга оширар экан – адолат ҳисобланади. Бу давлатлар ер юзини ёвузликка тўлдиришди. Шу боис, олам фақатгина шу давлатлар йўқ бўлсагина ўнгланади. Ана шундан кейин Аллоҳ Таолонинг ёрдами ҳамда Ислом Умматининг содиқ фарзандларининг саъй-ҳаракатлари билан Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик яна қайтиб келади.

﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларга нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир»                                                       [Рум 4-5]

                                                                                                               6 робиулаввал 1444ҳ

                                                                                                                       2 октябр 2022м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here