КХШТ кучларининг қўшма ўқув машғулотлари бошланди

250
0

КХШТ кучларининг қўшма ўқув машғулотлари бошланди

 Хабар: Иссиқкўл  вилояти Балиқчи шаҳридаги “Эделвейс” ҳарбий полигонида Коллектив хавсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлар тезкор ҳаракат кучларининг қўшма машғулоти бошланди.

 “Кобалт – 2022” деб номланган махсус-тактик ўқув машғулотининг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашда куч тузилмаларининг яқин ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.

 Хабар қилинишича, махсус кучлар “бандит тузилмалар, террорчилик гуруҳларни қидириш, блокировка қилиш ва зарарсизлантириш, шунингдек, наркотик моддалар контрабандаси каналларини тўсиб қўйиш ҳамда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва ишлаб чиқариш омборлари, лабораторияларини аниқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш вазифаларини” бажаради.

 Машғулотлар 5-августга қадар давом этади.

 Маълумот ўрнида, КХШТга Россия, Қирғизистон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон ва Арманистон аъзо.

 Изоҳ: Россиянинг халқаро сиёсатдаги вазни сезиларли даражада йўқолиб бораяпти. Бунга Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши натижасида унга қарши АҚШ бошчилигидаги дунё хамжамияти қўллаган санкциялар ва халқаро сиёсатда яккалаб қўйиши сабаб бўлмоқда.

 Бироқ, Россия ҳозирча тақдирга тан бермоқчи эмас. У қандай бўлмасин Марказий Осиёни ўз таъсири остида ушлаб қолишга ҳаракат қилади. Бунда Россия суяниши мумкин бўлган ҳарбий қувватидан бошқа ричаглари деярли тугаб бораяпти. Россия минтақада сиёсий жиҳатдан АҚШга ютқазган бўлса, иқтисодий жиҳатдан мавқейини Хитойга бой бериб бормоқда. Шу сабабди Россия  минтақани ўзининг ҳарбий ҳимоясига мухтож ҳолатга олиб келишга харакат қилади. Бунинг учун сунъий хавфлар ёки атайин беқарорлик келтириб чиқаришда турли провокациялар уюштириши керак бўлади. Бунда Россияга синалган усул – экстремизм ва терроризмга қарши кураш қўл келади.

 Бундан ташқари, Путин КХШТ уставига ўзгартириш киритш орқали аъзо давлатларни ўзи бошчилигидаги “тинчликпарварлик” амалиётларига жалб қилиш учун замин ҳозирлаб олди. Жорий йилнинг март ойида Россия президенти Владимир Путин Давлат Думасига КХШТнинг тинчликпарварлик фаолияти тўғрисидаги битимга “назорат қилувчи давлат” деган янги тушинчани жорий этишни назарда тутувчи тузатишларни ратифткация қилиш учун тақдим этган эди. “Протоколда “мувофиқлаштирувчи давлат” тушинчаси киритилади ва унинг ҳомийлигида БМТ тинчликпарвар амалиётларида фойдаланиш учун КХШТнинг коллектив тинчликпарвар кучлари ташкил этилиши назарда тутилади”, – дейилади Путин томонидан таклиф қилинган ҳужжатнинг тушинтириш хатида.

 Маълумки, КХШТнинг амалдаги уставининг 4-моддасида “аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади” деб белгилаб қўйилган. Агар ташкилот уставига ўзгартириш киритилиб, унга тинчликпарвар амалиётлари ҳам қўшиладиган бўлса, “Мувофиқлаштирувчи давлат”, яъни Россия КХШТ кучларини “тинчликпарварлик амалаиётлари” доирасида Донецк ва Луганскга жалб қилиш имконига эга бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here