بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ислом лойиҳаси Шом қўзғолонининг мустаҳкам қўрғонидир
Устоз Аҳмад Муоз
Туркия президенти Эрдоган май ойи бошида ўз мамлакатининг бир миллиондан зиёд суриялик қочқинни Сурия шимолидаги «хавфсиз» ҳудудларга «ихтиёрий» равишда қайтаришга ҳозирлик кўраётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар кўмагида Анқара суриялик қочқинлар учун «ихтиёрий қайтиш» лойиҳасига ҳозирланмоқда. Ушбу эълон Туркиянинг хавфсиз ҳудуд яратиш учун Сурия шимолида ҳарбий амалиёт ўтказмоқчилиги тўғрисида айтилаётган гаплар билан бир вақтда янгради. Маълумки, Туркия 30-35 километр узунликдаги хавфсиз зона яратишни истаётган эди. Жарчилар Идлибда ҳарбий амалиётлар олиб борилиши тўғрисида жар сола бошлашди. Мурек ва унинг ташқарисида ҳам ҳарбий амалиётлар бўлиши тўғрисида гапирила бошлади. Эрдоган жанубий чегара бўйлаб 30 км. узунликда хавфсиз зоналар ўрнатиш бўйича бошланган ишларнинг қолган қисми ҳам тез орада давом эттирилишини, айниқса, Туркияга ҳужум қилиш учун бошланиш нуқтаси ҳисобланган ҳудудларда ва аввалда қурилиши режалаштирилган хавфсиз ҳудудларда қайта иш бошланишини маълум қилди.
Туркиянинг суриялик қочқинларни ўз юртларига ихтиёрий равишда қайтариш тўғрисидаги эълони билан бир вақтда, Сурия шимолида ҳам хавфсиз ҳудуд барпо этмоқчилиги тўғрисида эски янги гаплар пайдо бўлди. Бу айни истакни амалга ошириш учун муносиб дея ҳисобланган бир вақтда бўлмоқда. Зотан, хавфсиз ҳудуд барпо этиш истагини Туркия ҳукумати ўзининг миллий хавфсизлиги билан боғлиқ, дея даъво қилса-да, бироқ бу – агар амалга ошса – Сурияда Америка учун кўрсатган катта хизматлари эвазига берилган бўлади. Айниқса, ҳозирда Россия-Украина уруши бўлаётган ва Швеция билан Финляндия НАТОга қўшилишни талаб қилаётган ҳамда Туркия террорчи партия деб ҳисоблаган Курдистон Ишчилар Партияси бу икки давлат томонидан қўллаб-қувватлангани учун уларнинг НАТОга қўшилишига нисбатан Туркия эгаллаган консерватив позицияни юмшатиш зарур бўлиб турган бир пайтда шундай.
Бироқ Америка Туркиянинг ҳарбий амалиёт қилишига ва мавжуд вазиятни ўзгартиришига рухсат бермади ва бу билан қуллар хўжайиннинг амрига ҳаргиз қарши чиқмасликлари яна бир бор исботланди.
Тўғри, Эрдоганнинг сайловларда ютиб чиқиши Америка учун керак ва у Эрдоганнинг ўз халқи олдида обрўсини тиклаб олиш учун бирор иш қилишига рухсат беради. Бироқ, Америка бунинг муносиб вақти ҳали келмади, деб билаётган кўринади. Шу боис, биз Туркия ташқи ишлар вазирининг «ҳарбий амалиётни қачонки хавф ортиб кетса бошлашга мажбур бўламиз», дея баёнот бериш билан чекинганини кўрдик. Чунки унинг қачонки хавф ортиб кетса, деган гапи ҳарбий амалиёт кечиктирилганини ёки худди Эрдоган тортган барча қизил чизиқлардан воз кечилгани каби, ундан ҳам воз кечилганини англатади.
Ушбу ҳарбий амалиёт ҳақидаги гап-сўзлар ҳали кучаймасидан туриб, Идлиб минтақасини назоратида ушлаб турган Таҳрири Шом ҳайъати муборак Шом қўзғолонига қарши навбатдаги жиноятга қўл урди. Яъни БМТнинг гуманитар ёрдамларини фронт чизиғи орқали Тарнаба ўтиш пунктидан қонхўр режим билан биргаликда киритди. Ростгўй қўзғолончиларга маълумки, Таҳрири Шомнинг қўзғолончиларга ва уларни ўз бағрига олган халқ базасига қарши бундай қадами қонхўр режим билан муносабатларни нормаллаштиришга, шу орқали Америка истаган сиёсий ечимга одамларни рози қилишга мажбурлашга қаратилган.
«Сурия ва минтақа келажагини қўллаб-қувватлаш» шиори остида донор давлатларнинг Брюссел конференцияси бўлиб ўтди ва унда йирик миқдорда пул йиғилди. Ушбу конференция қўшни давлатлардаги суриялик қочқинлар ва Сурия шимолидаги кўчирилганлар учун БМТнинг ёрдам дастурини қўллаб-қувватлашга қаратилгани очиқ билдирилди. Конференцияда йирик миқдорда пул йиғилганидан кўриниб турибдики, Америка Шом қўзғолонини тугаганини эълон қилмоқчи. У Суриядаги кризисни жинояткор режимдан не-не зулмлар кўриб, унга қарши қўзғалган халқ қўзғолони эмас, балки давлатларнинг молиявий қўллаб-қувватловини талаб қиладиган гуманитар кризис, дея кўрсатиш билан буни амалга оширмоқда.
Бу тил бириктирувчи донор давлатларга малайлик қилиш, улар билан алоқа қилиб, ёрдам сўраб пинжига кириш шундай бир иллатдирки, энг кучли армияларга эга давлатларни оёқ-қўлини боғлаб, бирор қадамини ҳам хўжайинларининг истагисиз ташламайдиган давлатларга айлантиради. Мана, Туркия режимини олинг, Америкага дунёдаги кўплаб масалаларда катта хизматлар кўрсатганига қарамай, ўзининг миллий хавфсизлигига бир оз ёрдам берадиган хавфсиз ҳудуд барпо қилиш истагини узоқ вақтдан бери амалга оширолмай, оёқ-қўли боғлиқ қолмоқда!
Хўш, ўз қарорини донор давлатларга ўз қўли билан топширган ва онг етишмаётган жангчи гуруҳлардан қўзғолонга ва Умматга бирор яхшилик кутишимиз мумкинми?! Мудом, улар мана шундай фикрлашда қолаверсалар ҳамда мудом қўзғолон тақдири қўзғолончилар қурбонлари билан даллоллик қилаётган ва одамлар нони билан савдо қилаётган кимсалар қўлида қолаверар экан, улардан ҳаргиз яхшилик келмайди.
Бу жангчи гуруҳларда сиёсий онгнинг етишмаслиги, ирода ва қарорини душманга топшириб қўйишгани уларни залолатга тушириб, қулай имконият ва шароитни қўлдан бой берадиган қилиб қўйди. Улар тил бириктирувчиларга алданиб, ички низо ва ёлғон ваъдалар тузоғига осонгина илинишяпти. Зеро, ҳозирги қулай имконият ва шароит уларга ўз йўлларини тўғрилаб олишга, қўзғолон қарорини қайтариб олиш йўлида жиддий ҳаракат қилишга имкон беради… Шунингдек, қўзғолон мақсадини, асосан, қонхўр режимни ағдариш ва Ислом бошқарувини барпо этишни рўёбга чиқариш учун садоқат ила ҳаракат қилишга қодир қилади.
Россия Украина уруши ботқоғига ботмоқда, Суриядаги фаолиятини жиддий равишда йўқотмоқда ва у ердан баъзи кучларини олиб чиқиб кетгани тўғрисида хабарлар бор… Бу ёқда Башар режими ҳам ўзининг энг заифҳол кунларини кўряпти… Бироқ, бу жангчи гуруҳлар эса, миқ этишмаяпти. Жим турибгина қолмай, ҳатто одамларга зўравонлик қилиш ва сохта ҳукуматларни ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланишяпти… Бу ҳукуматларнинг вазифаси эса, зулм ва зўравонликни қонунийлаштириш ҳамда халқаро ҳамжамиятга фуқаровий бошқарув, деган нарсани тақдим этишдан иборат!
Қўзғолонга қарши кураш ишини ўзининг давлатлари, ташкилотлари ва жангчи гуруҳлари қўли билан идора қилаётган Америка Суриядаги сиёсий ва ҳарбий бўшлиқнинг тўлмай қолишини хавфли деб ҳисоблаяпти. Чунки бу бўшлиқни хориж билан алоқа қилмайдиган холис қўзғолончи кучлар тўлдириши мумкин. Масалан, собиқ АҚШ давлат котибаси Хиллари Клинтон «биз Сурияда сиёсий бўшлиқ бўлишига асло йўл қўймаймиз», деган. Шу боис, Америка ўша пайтда миллий кенгаш тузиш устида ишлади, унинг муваффақият келтирмаслиги ортидан миллий коалиция тузди. Шунинг учун Россиянинг фаолияти заифлашган ва бундай катта бўшлиқни Эрон ҳам тўлдира олмайдиган бугунги нозик босқичда Америка тайёр туришга ҳаракат қиляпти.
Америка Шом аҳлига нисбатан оч қўйиш, қамал қилиш, зулм-зўравонлик қилиш, террор қилиб, қамоққа ташлаш орқали мунтазам тазйиқлар ўтказаётганига қарамай, ушбу аҳлимиз қалбидаги қўзғолонни йўқ қила олмади. Биз бунга кўп ҳолатларда гувоҳ бўлдик, мисол учун, қўзғолон аҳли халқаро гуманитар ёрдамларнинг фронт чизиғи орқали қонхўр режим билан биргаликда киритилишини қораладилар… ҳамда Ҳалаб шарқидаги Боб шаҳри аҳли режимнинг қирғин ва номусга тажовуз амалиётларини содир этганликда айбланган унсурларининг ҳарбий полиция томонидан қўйиб юборилишига қарши намойиш ўтказдилар. «Ўтиш даври ҳукумати»нинг мудофаа вазири баёнот бериши ва бу унсурларнинг озод этилишида жавобгар офицерни ишдан бўшатишдан бош тортиши ортидан бу норозилик намойиши янада кенгайиб, Эъзоз ва Ифрин шаҳарларигача етиб борди… Қўзғолон аҳли шунингдек, коррупциячиларни ҳимоя қилиш, деган ўйинга қарши чиқиб, кескин муносабат билдирдилар. Буларнинг барчаси шуни кўрсатмоқдаки, Шом аҳли узоқдагидан олдин яқиндагининг хиёнати ва тил бириктируви каби кўплаб фитна-синовларни бошдан кечирганларига қарамай, қўзғолон уларнинг виждонида чуқур ўрнашган.
Шом қўзғолони устидан бўлаётган бундай халқаро тил бириктирув ҳар қандай ақли расо инсонга яққол кўриниб қолди… Туркиянинг роли эса, қутулиш ва халос бўлиш керак бўлган найзанинг учи ҳисобланади.
Шом қўзғолони қандай аҳволга келиб қолганини англаётган эканмиз, шунингдек, бошқа араб баҳори қўзғолонларини ўрганиб, уларнинг оқибати қандай тугаганини кўра билаётган эканмиз, бу нарса Шом аҳли олдида улкан масъулиятни юклайди. Токи бу билан катта тил бириктирувлар ва оғир қийинчиликлар гирдобида яшаётган қўзғолон кемасини қутқариб қолсинлар. Буларнинг барчаси қўзғолоннинг аниқ ва тиниқ исломий лойиҳага эга онгли сиёсий етакчиликка муҳтож эканини яна бир бор таъкидламоқда. Чунки фақат шундай етакчиликкина барчани ўз байроғи остига бирлаштириб, уларнинг саъй-ҳаракатини бир қилади, калималарини жамлайди, йўлларини ёруғ қилиб беради. Токи, улар ушбу ҳидоят ва онг йўлидан юриб, Роббилари Субҳанаҳунинг ваъдасини ҳамда Росулуллоҳ ﷺнинг золим подшоҳлик ниҳоясида унинг харобалари узра Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликнинг барпо бўлиши тўғрисидаги башоратларини рўёбга чиқарсинлар.
Ҳизб ут-Таҳрир аниқ-тиниқ тарзда ва муфассал дастур шаклида тақдим этаётган лойиҳа мана шу. Бу лойиҳани қабул қилиш билан Шом қўзғолонини йўқ қилишга ва қурбонликларини сотишга қаратилган барча тил бириктирувларга қарши турилади. Шундан сўнг қўзғолон мустаҳкамланиб, Америка Женевада парда ортида тайёрлаган куфр конституциясига амал қилишга чек қўйилади.
Биз Роббимиз ваъдасига, ўзгартириш истагининг Уммат фарзандлари билан Шом қўзғолони аҳли қалбида мавжудлигига ҳамда Аллоҳнинг нусрати яқин эканига чуқур ишонамиз. Зеро, Шом қўзғолонида ёвузликнинг умри узун эмас, чунки бу ўлка Китобу суннатда фақат баракотли ва ўткир имонли, дея зикр қилинган. Баракот ва ўткир имон нифоқ умрини қисқартириб, мунофиқларни ҳалок қилади. Яъни бугун Шом ўз танасидан иллат-фасодни чиқариб ташлаш учун қаттиқ оғриқларни бошдан кечирмоқда ҳамда офиятга эришиш ва тузалиш арафасида турибди. Зотан, унинг тузалиши билан бутун Ислом Уммати тузалажак, инша Аллоҳ.
Роя газетасининг 2022 йил 8 июн чоршанба кунги 394-сонидан