Акилбек Жапаров: Қарзни тўлай олмасак баъзи объектлар бошқалар қўлига ўтиб кетади
Хабар: Жогорку Кенешда Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров бошчилигидаги ҳукумат вакиллари мамлакатдаги сўнгги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳақида маълумот берди.
Йиғилишда ҳукумат раиси ташқи қарзни тўлаш масаласи бюджетнинг харажатлар қисмида алоҳида ўрин тутади деди. Жапаров агар Қирғизистон қарзни ўз вақтида тўламаса, бир қанча объектлар бошқаруви бошқалар қўлига ўтиб кетиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
“2023-йилдан 2028-йилгача биз йилига камида 400 миллион доллар, айрим ҳолларда эса 460 миллион долларгача бўлган ташқи қарзни тўлаймиз. Кейинги беш йили мобайнида давлат қарзини тўлаш учун 35-50 миллиард сом сарфлашимиз керак бўлади. Ташқи қарзнинг 50 фоиздан ортиғи Хитойнинг Эксимбанкига тўлаймиз. Бу таҳдид эмас, лекин, тўлай олмасак, Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин, шимол-жануб муқобил йўли бошқа бировнинг қўлига ўтади”, – деди Жапаров.
2022-йил 28-феврал ҳолатига кўра, Қирғизистон давлат қарзи 5 миллиард 182 миллион долларга етган. Шундан 817 миллион доллари ички қарз бўлса, давлат ташқи қарзи 4,3 миллиард долларни ташкил этади. Бу Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 53,70 фоизни ташкил этади.
Изоҳ: Қирғизистоннинг амалдаги ва собиқ раҳбарлари томонидан 30 йил давомида олинган ташқи қарзлар оддий халқ учун бирор манфаат келтиргани йўқ. қачон ва қанча миқдорда қарз олинмасин олинган қарзлар ўша вақтдаги ҳукумат ва амалдорлар томонидан талон-тарож қилинди ва ўзлаштириб юборилди. Оддий мисол, Бишкек ИЭСни реконструкция қилиш учун Хитойдан олинган 386 миллион доллар нархлар сунъий оширилиб (бир дона омбир 600 долларга баҳоланган) талон-тарож қилинди. мамлакатга олиб келинган ускуналарнинг нархи – божхона хизматининг маълумоти бўйича – ҳужжатдагидан 800 минг долларга кам кўрсатилгани аниқланган. Хитой компанияси шаффоф бўлмаган маъмурий ва “консультант ҳаражатларига” 20 млн долларга яқин пул сарфлаган. Олинган 386 миллион долларлик қарз эса фоизлари билан 500 миллион доллар қайтарилиши керак. Қурилиши бошланганда лойиҳанинг умумий қиймати 850 миллион долларга баҳоланган мамлакат шимолини жануби билан боғловчи муқобил автомобил йўли ҳам қурилиш охирига келиб 937 миллион 500 минг долларга қадар кўтарилди.
Одатдагидек, янги амалга келган ҳукумат давлат қарзи ошишида собиқ ҳукуматларни айблаб, улар йўл қўйган хатолар сабабли давлат қарзга ботиб кетганини рўкач қилиб келади.
Ўтган йил феврал ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ахборот агентликларидан бирига берган интервьюсида собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев давлат қарзи бўйича битимлар имзолагани, улар туфайли Қирғизистон кўплаб объектларидан маҳрум бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Жапаров айбдорларни қамоққа ташлатди, “қустирди” ва қўйиб юборди.
Жапаров президентлик сайлови арафасида “Хитойнинг қарзидан қутулиш йўлларини излаяпмиз. Қутулиш йўли бор. Буни топамиз”, -деган эди. Бугунга келиб, Жапаров қарзлардан қандай қутилмоқчи бўлгани равшан бўлди. Ҳукумат бўшаб қолган бюджетни тўлдириш ва қарзлардан қутулиш учун халқ бўйинидаги солиқлар тури ва миқдорини ошириш орқали ёпмоқчи бўляпти. Шунинг учун ҳам ҳукумат барча тадбиркорларга мажбурий тарзда Назорат касса-машиналари ўрнатмоқда. Ҳукумат раиси Акилбек Жапаров ЖКда бўлиб ўтган йиғилишда “Йўл фонди” орқали ҳар бир автомобилдан солиқ йиғиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Шусиз ҳам автомобил эгаси машинасига қуйган ҳар бир литр бензин учун акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғи (НДС) кўринишида солиқ тўлаб келаётган эди. Унинг сўзларига кўра, жорий этиладиган янги солиқ йўллар таъмири ва ташқи қарзларни тўлаш учун сарфланади. Демак, ўз вақтида олинган ва ўша вақтдаги амалдорлар томонидан ўзлаштириб юборилган қарзлар юки халқ зиммасида қолаверади. Халқ ҳукумат томонидан зиммасига юклатилган ноўрин ва ношаръий солиқларни тўлагани етмаганидек, бу йиғилган солиқлар ҳам мақсадли сарфланишига, коррупция ва бошқа йўллар билан талон-тарож қилинимаслигига кафолат йўқ.
Абдураҳмон Одилов