Қумтор бўйича икки ойдан кейин маълумот берилади

293
0

 Қумтор бўйича икки ойдан кейин маълумот берилади

 Хабар: “Қумтор” олтин конидаги кейинги бир йиллик фаолиятга оид маълумотлар икки ойдан кейин жамоатчиликка тақдим қилинади. Бу ҳақда 10-май куни президент Садир Жапаров маълум қилди.

 Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ҳисоб палатасига “Қумтор”нинг бир йиллик молиявий ва бошқа фаолиятини текшириш топширилгани ҳақида ёзиб, “Текширувдан сўнг (таҳминан икки ойдан кейин) жамоатчиликка маълумот берилишини” қўшимча қилган.

  Маълумки, қирғиз ҳукумати 2021-йил май ойида Канаданинг “Центерра” компанияси бошқариб келган “Қумтор”ни ўз тасарруфига олган эди.

 Садир Жапаров 4-апрел куни халққа мурожаат қилиб, “Центерра” билан суд даъвосидан воз кечиш ва низони ҳал қилиш бўйича келишув имзолангани, Қирғизистон ундаги 26 фоизлик акцияларини ўтказиб, ҳар икки томон даъволардан воз кечишини ва бундан буён Қирғизистон “Қумтор Голд Компани”нинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилишини маълум қилди.

 Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 21-март куни “Ташқи бошқарув жорий этилганида “Қумтор” ҳисобида бор-йўғи 48 минг доллар бўлган бўлса, йил охирига келиб соф фойдаси 220 миллион долларни ташкил қилди”, деган эди.

 Изоҳ: Қумтор олтин конини миллийлаштириш ташаббуси президентликка келгунга қадар ҳам, президент бўлиб сайлангандан кейин ҳам Садир Жапаров кўтариб келган энг асосий мавзулардан бири бўлиб келди. Ўтган йиллар давомида Қумтор олтин конидан фақат Канада компанияси фойда кўриб келди. Ўтган йилнинг 17-май куни Жогорку Кенеш Қумтор бўйича масалани кўриб чиқиш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказган ва йиғилишда ди парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида “Кумтор Голд” компанияси фаолиятини текширган давлат комиссияси томонидан тайёрланган фильм намойиш этилган эди. Ушбу фильмда Қумтор олтин конидан Қирғизистон 1,5 миллиард доллар, “Центерра” 11,5 миллиард доллар фойда олгани айтилганди. Агар Қирғизистон ҳукумати олтин конини қўшқўллаб хорижий компанияга топшириб қўйма, чўқич ва белкурак билан қазиганда ҳам бундан кўра кўпроқ даромад қилган бўлар эди.

 “Центерра” Қумтор учун қилган чиқимини аллақачон 10 баробар ва ундан кўпроқ қилиб чиқариб олди. У ҳозир қирғиз ҳукуматини “сизларга қарши ҳеч қандай даъвоимиз йўқ, судсиз ўзаро келишиб оламиз” деб алдаб конни ташлаб чиқиб кетса ҳам ҳеч нарса ютқазмайди. Қирғизистон халқи учун эса ўрнини тўлдириб, қайта тиклаб бўлмас асоратлар қолдириб кетади. Ҳозир Жапаров иш судгача бормай, ўзаро келишув билан кон ўзимизга қолди деяпти. Аммо ўтган йиллар мобайнида деярли йўқ қилинган Давидов ва Лисий музликларини қайта тиклаб бўлмайди. Конни ишлатишда тўпланган чиқиндиларнинг эса табиатга етказадиган зиёнининг ўрнини тўлдириб бўлмайди.

 Ўтган йилнинг 10- май куни Бишкек шаҳар Октябр туман суди “Қумтор” олтин конининг Давидов ва Лисий музликларидаги чиқинди ташланадиган жойларни ноқонуний деб топган эди. Суд “Кумтор Голд” ширкати зиммасига 261 миллиард 719 миллион 674 минг сўм (3 миллиард доллардан ошиқ) давлатга тўлаш мажбуриярини юклади. Бундан ташқари, Канада компанияси 1 миллиард 300 миллион сўм миқдорида бадал тўлаши ҳақида ҳукм чиқарди.

 Демак, қирғиз ҳукумати Канада компанияси билан ўзаро келишиб, даъволардан воз кечиш орқали Октябр туман суди компания зиммасига юклаган жарималардан ҳам воз кечмоқда. Жапаров бу келишувни гўёки ғалаба сифатида тақдим қилаётган бўлсада, аслида бу маҳлубият ва халқ кўзини бўяшдан бошқа нарса эмас. Халқ шу кунга қадар “Қумтор” фойдасини кўргани йўқ. Токи, устимизда капиталистик тузум ҳукм юритар экан бундан кейин ҳам кўрмаслиги аниқ. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here