بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Саволга жавоб
Жазоирдаги шиддатли норозилик намойишлари
Савол:
«Sky News» 2019 йил 17 мартда «Жазоирдаги норозилик намойишлари ҳокимият асабини бузди» сарлавҳаси остида қуйидаги хабарни нашр қилди: «Жазоирдаги энг катта касаба уюшмаси раиси нефть ва газни ўз ичига олган энергетика секторида яқин кунлар ичида оммавий иш ташлаш амалиётини ўтказиш учун қонуний чора-тадбирлар кўрганини таъкидлади»… 2019 йил 11 март куни Бутефлика президентлик сайловидан ўз номзодини қайтариб олган эди. Аммо келаётган 18 апрелга белгиланган сайлов муддатини бекор қилиб, сайлов муддатини белгилаш учун мажлис чақиражагини эълон қилди. Бироқ одамлар бунга рози бўлмадилар, балки Бутефлика ўзининг ҳозирги тўртинчи йилини яна узайтирмоқчи, деб ҳисобладилар ва 2019 йил 15 март жума куни миллионлаб жазоирликлар иштирокида йирик намойиш бошланди. Бу намойиш 2019 йил 22 февралдаги норозилик намойишлари бошлангандан бери илк бор ўтказилган оммавий намойиш ҳисобланади. Савол ёки саволлар шундан иборатки, бу кучли норозиликлар – хусусан, нефть ишлаб чиқариш соҳасидаги иш ташлашлар – маҳаллий кучлар уюштирган намойишларми ёки бунда ташқи «кучлар» аралашуви борми? Кейин, бу норозилик намойишлари натижасида Жазоирдаги сиёсий майдонда ўзгариш бўладими? Бутефлика, айни норозиликларга қарамай, ўзининг сўнгги қарорларида айтганидек, кейинги йилга раҳбарлигини давом эттирадими?
Жавоб:
Саволларга жавоб бериш учун воқеа-ҳодисалар оқимини, ташқи «кучлар» аралашувини ва бошқа бир қанча нарсаларни келтириб ўтиш керак бўлади. Буни қуйидагича кўриб чиқамиз:
- Кўриниб турибдики, бу норозилик намойишлари табиий равишда, ўз-ўзидан келиб чиқди. Бунга одамлар чеккан зулм, бутун ҳокимият ва режимнинг коррупция ботқоғига ботганлиги ва давлат мулкини талон-тарож қилиб, одамларни қашшоқ ва муҳтож аҳволда қолдиришгани сабаб бўлди. Дарҳақиқат, одамларнинг турмуш даражаси ғоят ёмонлашиб, турли соҳалардаги муаммолар борган сари мураккаблашди. Бутефлика ўзининг бошқаруви даврида мустабидлик қилиб, ҳаддидан ошди. У 2008 йили конституцияга ўзгартиш киритиб, президентлик ваколатининг фақат икки муддатга чекланишини бекор қилди. Бу эса, унга кетма-кет тўрт муддат президент бўлишига имкон берди. Соғлиги ёмонлашганига қарамай, ҳозирда ҳам бешинчи муддатга қолиш ҳақида изланмоқда. У 2013 йилда инсульт бўлиши оқибатида одатий ҳаракатланиш ва тўғри гапириш лаёқатини йўқотган эди. Бунга ҳам қарамай, жорий ойнинг учинчисида расман президентликка номзодини қўйди. Ана шунда ғазабнок халқ портлади ва турли секторларда тинч норозилик намойишлари авж олди.
- Одамларни алдаш учун Бутефлика 2019 йил 11 март куни халққа мактуб йўллаб, қуйидаги қарорларни маълум қилди: «Биринчидан: бешинчи муддатга ҳожат йўқ. Аксинча, мен бешинчи муддатга ҳеч қачон интилмадим. Чунки соғлигим ва ёшим бунга йўл қўймайди. Аммо жазоирлик халқим олдидаги сўнгги вазифамни адо этишим керак. Бу вазифа Жазоир тузуми учун асос бўлиб хизмат қиладиган янги республикани барпо этишдир. Иккинчидан: Келаси 10 апрелга белгиланган президентлик сайлови ўтказилмайди. Буни менга йўллаганингиз қатъий талабни қабул қилганим ҳолда шундай қилдим… Учинчидан: Ҳукумат таркибини иложи борича тезроқ тубдан тузатишга қарор қилдим… Тўртинчидан: Мустақил миллий мажлис, барча турдаги ислоҳотларни ўрганиш, тайёрлаш ва уларга таяниш учун керакли барча ваколатга эга ҳайъат бўлади. Чунки бўлажак ислоҳотлар янги тузум асосларини шакллантириб, плюрализмга асосланган президентлик органини белгилайди. Шунингдек, бу ҳайъатнинг фаолият муддати 2019 йил тугашидан олдин ниҳоясига етишига эътибор берилади. Бешинчидан: президентлик сайлови кенг қамровли миллий мажлис ортидан белгиланади». (Жазоир радиоси, 2019 йил 11 март). Бу мактуб одамларни янада ғазабини оширди. Чунки Бутефлика ўз мактубида одамларга муғомбирлик қилди. У бир томондан, президентликка номзодини қўйган бўлса, бошқа томондан, асло президент бўлишни истамаганини даъво қиляпти. Бундан одамлар – Бутефлика ҳозирги тўртинчи муддатини узайтириб олишга уриняпти, коррупциячи тўдаси нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида сайловларни бекор қилди, дея тушунишди!
- Бутефлика намойиш босими остида қолиб, 2019 йил 11 март кунги қарорлари доирасида Аҳмад Уяҳё ҳукуматини тарқатишга қарор қилди, шу орқали ўзини юртда ўзгариш қилаётган, коррупцияга қарши курашаётган қилиб кўрсатишга уринди. Гўё одамлар унинг коррупциячиларидан битта ёлғончининг ўрнига яна бир ёлғончини олиб келишига ишонишадигандек! Бироқ, афтидан, одамлар бу каби алдовларга нисбатан бир мунча онгли кўринади. Шу сабабли унинг қарорлари ортидан 2019 йил 15 март жума куни одамлар намойиши кучайиб кетди… Бутефликанинг Нуриддин Бадавийни бош вазир этиб тайинлаш қарори ҳам, Рамтан Ламамранинг Ташқи ишлар вазирлигидан бўшатмаган ҳолда, бош вазир ўринбосари қилиб тайинлаши ҳам мутлақо нотўғри қарор бўлди. Бу икки шахс президент Бутефлика қарорлари билан одамларни алдашга уринишди. Масалан, Нуриддин Бадавий 2019 йил 14 март куни ўринбосари Рамтан билан қўшма матбуот конференцияси ўтказиб, «Ўтиш даври фақат бир йил бўлади, ундан зиёд бўлмайди. Президент сайлов муддатини халқ истаги асосида кечиктирди. Ҳозирда бўлаётган ҳукумат тузиш маслаҳати тажрибали кишилардан ташкил топган ҳукуматни тузади, мен янги қонун давлатини барпо этишга даъват қиламан. Бунда мухолафатни ҳам иштирок этишга чақираман», дея баёнот берди. (Жазоир телевидениеси, 2019 йил 14 март). Ундан икки кун аввал эса, Рамтан Ламамра Жазоир ҳукумати радиосига «Диалог ўтказилиши шарт, чунки барча жазоирликларни бирлаштириш бизнинг устувор вазифамиздир. Янги барпо бўлажак режим халқ истагига асосланади», дея баёнот берганди. Бироқ одамлар онгли бўлиб, бу баёнотларга алданадиган эмасдилар. Айниқса, уларнинг онглилиги шу нуқтада яққол кўзга ташланди. Чунки улар буларнинг барчасини рад қилиб, президентнинг кетиши талабида қаттиқ турдилар ҳамда Бадавий билан Ламамрани истеъфо беришга чақирдилар, икковининг диалог ўтказиш, президентнинг муддатини узайтириш ва башараларнигина ўзгартириш каби таклифларига рози бўлмадилар. Одамларнинг буларнинг барчасига норози эканликлари, айниқса, жума куни (2019 йил 15 мартда) улардан миллионлаби кўчага чиққанидан яққол маълум бўлди. Натижада, режим боши берк кўчада қолиб, одамларни қамоққа ола бошлади!
- Дарҳақиқат, армиянинг Бутефлика ва унинг ҳокимиятини қўллаб-қувватлаётгани кўринди. Бутефликага жуда яқин, дея танилган Жазоир Мудофаа вазири ўринбосари ва Бош штаби бошлиғи Аҳмад Қойид Солиҳ «Юртни аламли ва оловли йилларга қайтаришга уринаётганлар бор», дея намойишчиларга таҳдид қилиб, «Армиянинг хавфсизлик ва барқарорлик тизгинини қўлда маҳкам ушлашда давом этажаги»га ваъда берди. Сўнг «Жазоирни тинч ва барқарорлигини кўролмайдиган, аксинча, уни аламли ва оловли йилларга қайтаришга уринаётган доиралар мавжуд», деди. (Ўрта Шарқ ва Би-Би-Си, 2019 йил 3 май). У 26 февралда ҳам намойишчиларни алданганлар, дея сифатлаб, уларга қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилди, сўнг намойишга чақираётган номаълум томонларни қоралади. Лекин Мудофаа вазирлиги айни баёнотни қайтиб олди ва барча оммавий ахборот воситаларидан уни тарқатмасликни талаб қилди ва халққа муғомбирлик қилиб, «Халқ билан унинг армияси ўртасини боғлаб турган мустаҳкам ва ажойиб алоқа-муносабатдан келиб чиқиб, бундан фахрланмаслик мумкин эмас. Зеро, халқим ростгўй ва холисдир. Менинг сўзларим маъносини яхши тушунади», деди. (Sky News, 2019 йил 13 март). Маълумки, юртга ҳукмронлик қилаётган тараф армия ҳисобланади. Чунки Бутефлика Францияга содиқ бўлган қўмондонларни четлатишга ва ўзига содиқ қўмондонларни тўплашга муваффақ бўлган. Шу боис, армия ва хавфсизлик хизмати қўмондонлари англияпараст Бутефлика тарафдорларига айланган. Дарҳақиқат, биз Британияга қарашли Би-Би-Си радиосининг армия қўмондони Аҳмад Қойид Солиҳга ижобий баҳо бериб, бундай деганига гувоҳ бўлганмиз: «Катта офицер Аҳмад Қойид Солиҳ Жазоир армияси бош штаб бошлиғи лавозимини сақлаб қолиш билан бирга, 2013 йилда миллий армия қўмондони лавозимига кўтарилганидан бери кўпчилик унга Бутефликанинг ишонган ўнг қўли, дея баҳо бериб келмоқда. Айтишларича, генерал Тавфиқ (Мадин) раислигидаги разведка хизмати раҳбарлари президент Бутефликани Францияда даволанаётган пайтда ағдаришга уринишган. Бироқ Қойид мудофаа вазири лавозимини эгаллагандан сўнг бир неча разведка зобитларини ишдан бўшатишга муваффақ бўлган». Кейин Бутефлика генерал Тавфиқни 2015 йил 13 сентябрда разведка хизмати раҳбарлигидан озод этди.
- Шундай қилиб, демак, норозилик намойишлари табиий бошланди. Аммо у аланга олганидан кейин Хорижий «қўллар» ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ва унга аралашишга уринишди. Бу ҳақда сўз юритишдан олдин мен Жазоирдаги халқаро кураш воқеси ҳақида 2015 йил 23 сентябрдаги нашрамизда келган сўзларни эслатиб ўтмоқчиман: «Жазоир маълум обрўга эга бир давлат бўлиб, АҚШ режаларига қарши ўз қўшнисидан кўра кўпроқ курашиб келган. Масалан, 1965 йилда Бумедин инқилоб қилди ва бу Мисрдаги Абдунносир билан биргаликда АҚШ йўлидан юрган Ибн Белла бошқарувига қарши инқилоб бўлди. Ўша вақтдан бери Жазоирда Британия нуфузи мустаҳкам ўрнашиб келмоқда. Шу билан бирга, Франция ҳам – айниқса, Жазоирдаги айрим заиф президентлар даврида – аҳён-аҳёнда бош кўтариб туради. Бумедин 1965 йил 19 июндан бошлаб ҳаётининг охирига қадар (1978 йил 27 декабргача) ҳокимиятда қолди. Кейин, Бутефлика ҳам 1999 йилдан то шу кунга қадар президент бўлиб келяпти ва Британия билан алоқасини ҳануз мустаҳкамлаб турибди. Айниқса, 2006 йилда Британияга қилган сафари жазоирлик президентнинг бу мамлакатга қилган биринчи сафари бўлди. Шундай бўлса-да, Жазоир армиясида Франция тарафдорлари маълум таъсирга эга бўлиб, Бутефлика билан Британия ўртасида алоқа мавжудлигини ҳам, аммо Бутефлика Франция сиёсатига рози бўлмаганини ҳам тушунишади. Бироқ армиядаги францияпараст зобитлар ҳамон уни президентликдан тушира олишгани йўқ! Ўз навбатида, Британия ҳам Франциянинг Жазоирга бўлган нуфузидан, АҚШ нуфузидан хавфсираганчалик хавфсирамайди. Аммо Франциянинг аҳён-аҳёнда бош кўтариб туриши нуфузини кучайтириб юборади, деб ҳисоблаб, бунга чек қўйишга ҳаракат қилди. Аммо бу масалада, Британия шошилмади, чунки у Францияга қарши курашмасди, балки унинг кураши АҚШга қарши қаратилганди. Шунинг учун армия сафидаги францияпараст зобитларни ўзгартириш ишини худди курашда таранг вазият бўлгани каби таранг суратда олиб бормади! Ҳатто Бутефлика 2015 йил 13 сентябрда францияпараст зобитлардан каттаси бўлган давлат разведка директори (генерал Тавфиқ, номи билан машҳур) Муҳаммад Ламин Мадинни вазифасидан озод қилганда ҳам, бу иш таранг вазиятда бўлмади, яъни, режим тузилмасига таъсир қилмади! Айтиш мумкинки, Бутефлика айни ишдан олишларни Британия қўллаб-қувватлови билан муваффақиятли олиб борди. Гарчи армия сафида ҳамон Францияга жой мавжуд бўлса-да, яъни, армия маданияти ва машқлари масаласи, асосан, Франция томонидан олиб борилса-да, бироқ бу иш худди спорт беллашуви сингари бўлди, режимнинг сиёсий масалаларига таъсир қилмади». Иқтибос тугади.
- Яна мазкур нашрамизда бундай дегандик:
«Бу Америкага қарши ҳамда унинг Жазоирдаги сиёсий нуфузига доир режаларига қарши ҳақиқий курашдан фарқ қилади. Мисол учун:
а) Испания 91 йил мустамлака қилиб келган Ғарбий Саҳродан 1976 йилда чиқиб кетгандан кейин, Америка Ғарбий Саҳро мустақиллиги учун Полисарио ҳаракатида имконият мавжуд, деб билди ва Шимолий Африкага, хусусан, Жазоирга аралашиш учун шу ҳаракатни дастаклади. Бироқ Жазоирдаги англияпараст ҳукумат бу масалага ҳушёр қаради ва чегарада Полисариони қамал қилиб, чор атрофига айғоқчиларни қўйди, чунки шу тарафдан Американинг сизиб кириши мумкинлигини тушунди. Тўғри, Америка Ғарбий Саҳро иши бўйича БМТ ва унинг делегациясини ўз назорати остида ушлаб келди, бироқ шунга қарамай, Жазоирга нуфузини ўрната олмади.
б) Америка терроризмга қарши кураш, деган дастак билан Ғарбий Саҳрода ҳарбий база очишга уринди. Буни ўзининг «АФРИКОМ» (АҚШ Қуролли Кучларининг Африкадаги Қўмондонлиги) орқали амалга оширмоқчи бўлди. Лекин Жазоир бунга рози бўлмади, чунки Жазоир ҳам, унинг ортида турган Британия ҳам АҚШнинг ҳарбий база қуриши Жазоир ишларига аралашишини англатади, деб билишди. Масалан, Жазоир Ташқи ишлари вазирилиги 2007 йил 3 март куни «Жазоир «АФРИКОМ» қароргоҳига мезбонлик қилишдан манфаатдор эмас», дея баёнот берди.
в) Америка Малида 2012 йил 22 мартда содир бўлган ҳодисалардан фойдаланиб, терроризмга қарши кураш, деган нарсани қўзғашга уринди ҳамда бу ерга ҳам терроризм етиб келиши мумкин, деган нарсани дастаклаб, Жазоирни терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилишга тортиш учун АҚШ-Жазоир зиёратларини бошлаб юборди. Шундай бўлса-да, Жазоир (ва унинг ортидаги Британия) Американинг айни ҳаракатларига рози бўлмади. Ўртадаги зиёратлардан асосийси, 2012 йил 29 октябрда Хилларининг Жазоирга келиши ва Бутефлика билан учрашиши бўлди.
- Британия
билан Франция ўртасидаги муносабатлардан деярли спорт беллашувини кўриш мумкин.
Аммо Америка билан Британия ўртасидаги кураш кўпроқ қайноқ халқаро курашдан
иборат. Бу ҳолат ҳануз кўзга ташланиб турибди. Зеро, бугун Америка билан Франция
Жазоирдаги норозилик намойишларидан фойдаланишга уринмоқда. Иккаласи ҳам у
ердаги ўз малайларини одамларга пешқадам бўлишларини, кейин бошқарувга сизиб
кириб, Британия малайлари ўрнига жойлашишини исташяпти. Аммо иккаласи
бир-биридан фарқли равишда ҳаракат қиляпти:
- Масалан, Американи оладиган бўлсак, унинг ташқи ишлар вазири матбуот воизи Роберт Палладино 2019 йил 5 март куни бундай деди: «Биз Жазоирдаги намойишларни кузатяпмиз ва кузатишда давом этамиз. Қўшма Штатлар албатта Жазоир халқини ва тинч намойиш қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди». (Би-Би-Си, 2019 йил 6 март). Бу Американинг Жазоир воқеаларига нисбатан биринчи реакцияси. Айни реакция Американинг намойишлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи эканига далолат қилмоқда. Бутефликанинг сайловларни бекор қилиш билан боғлиқ қарори ортидан АҚШ ташқи ишлар вазири матбуот воизи Роберт Палладино бундай деди: «Биз Жазоирда барча жазоирликларнинг хоҳиш-иродасини акс эттирадиган ва уларнинг ишончли ва фаровон келажакларига умид бағишлайдиган диалог орқали янги йўлни кашф этмоқдамиз. Жазоирликларнинг намойиш қилиш ва ўз позицияларини ифодалаш ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз. Сайлов муддатини кечиктиришга доир қарорларни яқиндан кузатиб бориш билан бирга, жазоирликларнинг эркин ва шаффоф сайловлар орқали танлов ҳуқуқларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз». (Рейтер, Шуруқи Жазоирия, 2019 йил 12 март). Лекин АҚШ воизи Бутефлика қарорига изоҳ бермади, яъни бу масаладан Америка гўё кўз юмди. Бу эса, Америка айни қарорларга ҳам, сайловларнинг бекор қилинишига ҳам рози бўлмаётганидан дарак беради.
Бутефлика қарорлари ортидан АҚШ матбуотида чиққан мақолалар айни қарорларга нисбатан норозиликни кўрсатиб турибди. Мисол учун, Нью-Йорк Таймс газетаси мухолафат тутган позиция ва унинг президент Бутефлика ниятларига нисбатан шубҳаси ҳақида ёзиб, унинг намойишчиларга йўллаган мактубини алдов, деб атади. Бир вақтнинг ўзида, Вашингтон Пост Бутефликанинг эълон қилинмаган равишда президентлик муддатини узайтиришга ҳамда ҳокимиятни ўзидан кейинги шахсга топшириш ва унга йўл беришдан ўзини олиб қочишга уринаётгани ҳақида ёзди. Демак, бундан Американинг Бутефлика томонида эмаслиги, балки намойишлардан фойдаланишга ва шу орқали Жазоирга кириб олиб, ўз нуфузини ўрнатишга ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди. Юқорида айтганимиздек, у шунга уриняпти ва ҳар қандай давлатда қилаётгани каби, Жазоирдаги барча воқеа-ҳодисалардан фойдаланиб қолишга ҳаракат қиляпти. Албатта, Америка ушбу халққа жонкуярлигидан қилмаяпти буларни. Чунки у Миср, Ироқ, Сурия, Сомали, Афғонистон ва бошқа мусулмон юртларида халқни қириб ташлашга ҳаракат қилди. Буни ё уларнинг ишига аралашиш билан бевосита ёки инқилоблар орқали ҳамда ўзининг шерик ва малай давлатларини вакил қилиш билан билвосита амалга оширмоқда.
- Франция позициясига келсак, бу беқарор позиция бўлмоқда. Гоҳ Бутефлика тарафда турса, гоҳида унга қарши туради. Чунки Франция ҳар қандай вазиятдан Британия билан муаммога кирмаган ҳолда фойдаланишга уриняпти. У Жазоирдаги воқеаларни – худди воқеалар унинг ички ишидек – диққат билан кузатиб келди. Чунки у ўзини собиқ колониялари васийсидек кўради! Дарҳақиқат, 2019 йил 4 март куни Франция Ташқи ишлар вазири бундай баёнот берди: «Париж президент Абдулазиз Бутефликанинг апрел ойига белгиланган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйганидан хабардор ва овоз бериш энг яхши шароитларда ўтказилади, деган умидда». Яна бундай деди: «Кимни сайлаш бўйича қарор ҳам, қандай келажакни танлаш қарори ҳам жазоирлик халқ қўлида». (Рейтер, 2019 йил 4 март). Франция ташқи ишлари давлат секретари Батисти Лемуан 2019 йил 5 март куни Франция давлат радиосига берган баёнотида «Биз Жазоир режимини ёшларнинг намойиш қилишларига қўйиб беришга чақирамиз. Чунки Франция бу ёшларнинг ўз мақсадларини тинч йўл билан ифода этишлари керак, деб ҳисоблайди. Келинг, ифода этишларига имкон берайлик», деди. Лекин Бутефлика қарор чиқарганда француз раҳбари Макрон буни олқишлади ва «Жазоирлик президент Абдулазиз Бутефликанинг бешинчи муддатга номзодини қўйишдан чекиниш қарори Жазоир тарихида янги саҳифа очади», деди ҳамда «маъқул бир муддатли ўтиш даври»га чақирди. Сўнг «Биз ўтиш даври босқичида дўстона равишда ва ҳурмат билан Жазоир ёнида бўлишга бор имкониятимиз билан ҳаракат қиламиз», деди. Шунингдек, «Франция Ташқи ишлар вазири Ле Дриан Бутефлика қарорини ҳамда Жазоир сиёсий тузумида янгилик яратиш учун қабул қилган тадбир-чораларини олқишлади». (Жазоир радиоси, 2019 йил 12 март).
Демак, Франция ўзини норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаётган қилиб кўрсатяпти, бир вақтнинг ўзида, Бутефликани провокация қилишни истамай, қарорларини олқишлаяпти! Бунинг боиси шундаки, Франция икки йўлдан юрмоқчи: биринчи, режимни провокация қилмайдиган енгил-ювош йўл билан аралашишни истайди, иккинчи, Бутефликага қарши Америка томонидан бўлиб кўриниб қолишни истамайди. Чунки Франция зарур бўлганда, Европанинг бир бўлаги ҳисобланади, агар Жазоирда Британиянинг ўрнини эгаллай олмаса, Жазоирда АҚШ нуфузига қарши курашаётган Британия нуфузига ёрдам бериш томонда туришни афзал билади.
Энди, Франция матбуотига келсак, «Франс 24» 2019 йил 2 март куни Франция матбуоти изоҳларини келтирди: «Францияда чиқадиган «Liberation» газетасига кўра, жазоирлик ёшлар ижтимоий адолатга чанқоқлар, бугун хусусан, ҳаётларида президент Бутефликадан бошқасини танимаган ёшлар ўзгариш қилишни истайдилар». Яна бундай дейди: «Бугун жазоирлик ёшлар – нега биз танимайдиганимиз ўтмишнинг ёмон оқибатларига сабр қилишимиз керак, дея тушунолмай қолганлар. Ғайрат ва шижоатга тўла бу ёшлар сохта президент ортига яширинган режимнинг сиёсий ҳукмронлигидан кўпроқ нарсага лойиқдирлар». Ҳар куни нашр қилинадиган «Le Figaro» газетаси эса, «Жазоир режимига қарши шиддатли тўлқин» сарлавҳаси остида Жазоир намойишлари тўғрисида алоҳида саҳифа очди. Унда «намойишларда айрим сиёсий ва партиявий шахсларнинг қатнашаётгани таъкидланган, масалан, «Толаили Ҳуррият» партияси раиси Али ибн Фалис, келаси сайловларга номзод Рашид Никкоз, собиқ ҳукумат бош вазири Аҳмад ибн Байтур ҳамда Абдулазиз Бутефликанинг биринчи тур президентлиги пайтида мансабдан бўшатилган маданият вазири Абдулазиз Раҳҳобий кабилар». (Франс 24, 2019 йил 2 март).
- Британияга келсак, унинг томонидан Жазоир намойишлари ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот чиқмади. Би-Би-Си радиоси бўлса, намойишга алоҳида диққатни қаратмай, балки бу ҳақда таънали гаплар айтиб ўтди, холос. Британия матбуоти на Бутефликани танқид қилди ва на намойишчиларни қўллаб-қувватлади. Бу эса, Британиянинг Бутефлика тарафида эканига, уни қўллаб-қувватлаб, тахтдан кетишини истамаётганига далолат қилади. Шунинг учун у ўз ахборот воситалари орқали одамларни қўзғамасликни, айни ҳодисани янада катталаштириб қўймасликни афзал билди. Миср, Туркия, Судан каби давлатлардаги намойишларга ўз ахборот воситалари орқали жамоатчилик диққатини жалб қилгани каби, Жазоир намойишларини ҳам шундай қилишни истамади. У ердаги мухолафат ҳаракатлари, уларнинг баёнотлари, таниқли, айниқса, англияпараст шахсларга диққатни қаратмади, Жазоир режимининг хатти-ҳаракати ва репрессиясини танқид қилмади. Бу шунга далолат қиладики, Жазоирдаги нуфуз соҳиби бўлган Британия Бутефлика ва унинг тўдасига ишоняпти, кўнгли хотиржам. Ўзининг одатий нопок сиёсат услуби бўйича, ўзини гўё Жазоир ҳодисалари қизиқтирмаётгандек тутяпти ва у ердаги малайларини ҳимоя қилиш учун ўзининг ифлос сиёсатини юзага чиқармаяпти!
- Юқоридаги саволларга нисбатан менинг тўғри деб билганим хулоса қуйидагича:
а) Норозилик намойишлари ўз-ўзидан ҳамда сиёсий ва иқтисодий зулмга реакция сифатида табиий келиб чиқди. Чунки Бутефлика ўзининг жиноятчи тўдаси билан биргаликда ҳокимиятни ўз чангалига олган бўлиб, давлат мулкини талон-тарож қилмоқда, конституцияни ҳам ўзларининг ўлчовларига мувофиқ ўзгартиришяпти… Унинг соғлиги ёмонлашганига ҳамда ҳаракатланолмай ва гапиролмай қолганига қарамай, президентлигининг тўртинчи муддатини, бешинчисига ўтмасдан узайтиришга уриняпти! У ҳам, унинг гумашталари ҳам коррупция ва маблағларни ноқонуний ўзлаштириш билан айбланганлар. Алҳол, жазоирлик одамлар қашшоқлик, қимматчилик, ишсизликдан азият чекмоқдалар, асосий ва зарурий эҳтиёж молларини сотиб олишдан ожиз қолганлари сабабли «харид қувватининг пасайиши», деган нарса пайдо бўлган. Ваҳоланки, уларнинг давлати бойликларга, айниқса, нефть ва газга бой мамлакат. Аммо ажнабий компаниялар бу бойликларни режим тепасидагилар ва Бутефлика аймоғи билан шерикликда талон-тарож қилмоқда… Одамлар эса, танг-бахтсизлик ва ночор турмуш оловида жизғинак бўлиб келмоқдалар…
б) Бутефлика ўлмагунча майдондан ғойиб бўлмаслик учун қаттиқ чираняпти ва армия томонидан ҳамда Британия сиёсий синфи томонидан қўллаб-қувватланяпти. Зотан, бу юртдаги сиёсий нуфуз соҳиби Британия. У режимни ҳам, ўзининг одамларини ҳам сақлаб қолмоқчи. Чунки англияпараст кимсаларнинг режимда бўлишлари, унинг учун Шимолий Африкада АҚШга қарши курашда ғоят қўл келади. Зеро, Жазоир Ливиядаги америкапараст Ҳафтарга қарши туриб, Америка томонидан қўллаб-қувватланувчи Полисариони жиловлаб олишга ҳаракат қиляпти.
в) Франция Жазоирда сиёсий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан мустамлакачилик манфаатларига эга. Уни ҳануз бу юртга нисбатан қадимги мустамлакачилик туйғулари қитиқламоқда. Франция Британия билан келишиб олган. Зотан, Британия 1965 йилдаги Бумедин инқилобидан бери Жазоирдаги сиёсий таъсир эгаси бўлиб келяпти ҳамда мақсади ўзи билан мустамлакачилик ва нуфуз ўрнатишда рақобатлашаётган АҚШга қарши туришдир. Шу билан бирга Франция Ғарбнинг бутун мустамлакачилик сиртмоғидан қутулишга ҳаракат қилаётган жазоирлик мусулмонларга қарши туришда ҳам Британия билан келишиб олган. Зеро, Жазоир аҳли Исломга, унинг давлатига ва аҳкомлари татбиқига қаттиқ муштоқ ҳолатда. Юрт аҳолисининг аксар қисми адолат ҳам, ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, барчаси Исломда, ундан бошқаларида адолат ҳам, яхшилик ҳам йўқ, деб биладилар. Франция малайлари эса, 1992 йил инқилоб уюштириб, юртга ёвузлик ва бузғунчилик келтиришган ҳамда юз минглаб мусулмонни қириб ташлашган эди. Уларнинг хўжайини Франция озодлик урушида бир ярим миллион жазоирликни қатли ом қилганди. Нима бўлганда ҳам, намойишларда Франция одамларидан бир нечтаси қатнашиб, унинг тўлқинини бошқаришга уриняпти, бироқ юқорида айтганимиздек, эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишмоқда.
г) Америка Жазоирга киришга ҳаракат қиляпти ҳамда Жазоирдаги вазият ва намойишлардан фойдаланмоқчи бўляпти. Ўзини зулму истибдодга қарши халқпарвар қилиб кўрсатяпти. Аслида эса, зулм ҳам, репрессия ҳам уни ташвишлантирмайди. Аксинча, зулм ва истибдодни бутун дунёда парваришлаётган, мустабид ва золим режимларни, хусусан, исломий ва арабий юртлардаги тоғутларни қўллаб-қувватлаётган унинг ўзидир. Масалан, Саудияда Салмон ва унинг ўғли режимини, Мисрда Сисий режимини бевосита қўллаб-қувватлаган бўлса, Сурия режимини шерик ва малайлари орқали билвосита қўллаб-қувватлади… Шу боис, жазоирлик халқ уни асло ташвишлантирмайди. Билъакс, Америка у ерда, айниқса, Шимолий Африкада «АФРИКОМ» орқали ҳарбий база қуришни истаяпти. Кейин у ердан Франция нуфузи остидаги Жанубий Саҳрога ва Ғарбий Африкага йўналиб, унинг нуфузи ўрнига ўз нуфузини ўрнатмоқчи. Америка ўзининг малайи Ҳафтарга Жазоирнинг қарши турганига жаҳли чиқяпти. Чунки Америка Жазоир бойликларига эга чиқишни кўзлаш билан бирга, Ливия ғарби Ҳафтар томонидан назорат остига олинишини истаётган эди.
д) Энди, Жазоир халқи ҳақида айтадиган бўлсак, у кечаётган ишларни онгли равишда тушунмоқда. Унинг ҳайқириқларидан бири «Йўқолсин Вашингтон, йўқолсин Париж, раҳбарни ўзимиз танлаймиз» бўлди. Бу эса, одамларнинг ажнабий аралашув ва мақсадлар нималарга олиб келишини англаб етаётганига далолат қилади. Чунки халқ ювиндихўр ҳукмдорлар ва уларнинг жиноятларини ўз тажрибаларида синаб бўлдилар, мустамлакачи давлатларнинг роли қандайлигини ҳам, уларнинг малай ва коррупциячи режимларни ҳимоя қилишаётганини ҳам тушунишмоқда. Шу боис, бу халқ ўзгариш ишида жиддий, Исломнинг қайтишига муштоқдир. 1991 йилда Исломни қайтарамиз деб айтганларни 84 % овоз билан сайлаган шу халқдир. Ўшанда жума намози ортидан масжидлардан намойиш бошлаб чиққан инсонларда исломий туйғу яққол намоён бўлганди, намойишларда иштирок этган илмонийлар ҳам сон-саноқсиз мусулмонларнинг масжидларга намозга оқиб келаётганига гувоҳ бўлиб, бу ҳолатга бўйсунишга мажбур бўлишган эди.
е) Ушбу ҳаракат натижаси ўлароқ, нима бўлиши мумкинлигига келсак, Жазоирда қарор чиқариш органини ўз қўлида ушлаб турган фаол сиёсий синфнинг аксари Британияга малайдир. Франциянинг одамлари эса, заиф ва озайиб қолган. Чунки йигирма йилдан зиёд ҳукмронлик қилаётган Бутефлика уларнинг кўпчилигини нозик мансаблардан, қарор чиқарувчи марказлардан ҳайдашга муваффақ бўлган. Шу боис, ҳозирда Франция одамларининг бор-йўқ истаклари, ҳокимиятдаги Британия малайлари ўрнига ўтириш эмас. Балки улар билан биргаликда асосий бўлмаган марказларда иштирок этишса, бас, шунинг ўзи уларга кифоя қилади. Ҳатто бу ҳам савол остида. Чунки бунинг учун бўлаётган намойишлардан фойдаланиб, у ерда қанчалар вазнга эга бўла олишлари керак бўлади.
Америкага келсак, у Жазоирда ўзининг сўзини ўтказиши мумкин бўлган сиёсий синфга муҳтож. Одатига кўра, бундай ҳолатда у армияга мурожаат қилади, армия эса, режимни қўллаб-қувватламоқда.
Яъни, режимнинг сиёсий тобелигини англияпарастликдан францияпарастлик ёки америкапарастлик сиёсатига ўзгартиришини ҳозир норозилик намойишларидан кутиш қийин.
ё) Энди, Бутефликанинг ҳокимиятда давом этиш-этмаслигига келсак, шундоқ ҳам у ҳозир амалда бошқараётгани йўқ. Балки ҳокимиятни у каби Британияга малай бўлган атрофидаги гумашталари бошқаряпти. Шу боис, шу нарса бўлиши мумкинки, қачон норозилик намойишлари янада кучайиб, айниқса, нефть ва газ секторида иш ташлашлар авж оладиган бўлса, бундай ҳолатда Британия ўзининг одатдаги услубини, маккорлик, ёлғончилик ва нопоклик йўлини тутади. Яъни, Бутефликани тахтдан олиб, ўрнига бошқа башарани қўяди, у эса, Бутефликадан ҳам «чиройли» ва «гапдон» бўлиб чиқади!
ж) Бироқ мудом Жазоир режими Аллоҳ ва Росулидан узоқ юриб, барча ёвузлик ва бузғунчилик уяси бўлган ғарбча капиталистик тузум билан ҳукм юритар экан, мазкур ишларнинг бирортаси ҳам азоб-уқубатни ҳаргиз енгиллаштирмайди, танг-бахтсиз турмуш тарзини асло ўзгартирмайди. Аксинча, муаммони ҳал қилиш ва азоб-уқубатдан фориғ этиш учун Аллоҳ Субҳанаҳу шариати билан ҳукм юритиш лозим. Шунинг учун намойишчилар вазифаси – уларнинг жуда кўпчилиги мусулмон – ўз истакларини Ислом ва пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик истагига айлантиришдан иборатдир. Чунки бу дунё ва охират азизлиги ҳамда фаровон ҳаёт ва бутун дунёга адолат ва эзгуликнинг ёйилиши фақат мана шундадир. Ана шунда танг-бахтсиз турмуш тарзи бўлмайди. Йўқ-аксинча, бу дунё азизлиги ва охират муваффақияти бўлади.
فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى * وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكاً
«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур» [Тоҳа 123-124]
12 ражаб 1440ҳ
21 март 2019м