Садир Жапаров МДҲ саммитида иштирок этади

275
0

Садир Жапаров МДҲ саммитида иштирок этади

 Хабар: Президент Садир Жапаров 28-январ куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Санк-Петербургга боради. Бу ҳақда президент маъмурияти хабар берди.

 Йиғилишда Арманистон, Озорбайжон, Беларус, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари иштирок этади. Саммитда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбаев ҳам меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда. Норасмий саммит Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилмоқда.

 Изоҳ: Бундан роппа-роса 30 йил олдин,1991-йил 26-декабрда СССР Олий Кенгашининг юқори палатаси сессиясида СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги №142 сонли декларация қабул қилинди. Шу тариқа СССР тўлиқ парчаланиб кетди. Россия СССРнинг халқаро ташкилотлардаги вориси этиб белгиланди ва совет иттифоқининг барча қарзлари тўлаш ва активларига эгалик қилиш ваколатига эга бўлди. Россия ўзининг собиқ мустамлакаларини назорати остида ушлаб қолиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)ни ташкил этди. Аммо бу ташкилот узоқ йиллар мобайнида шунчаки расмий учрашув ва аксарияти ижро этилмаган қарорлар қабул қилишдан нарига ўтмади. У на сиёсий ва на иқтисодий жиҳатдан таъсирли ташкилотга айлана олди. У кўпроқ рамзий ҳамкорликни ифода қилиб келди.

 Бироқ, сўнгги йилларда Россия бу ташкилотдан ҳам ўз ҳарбий мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишга киришди. Шу мақсадда 2020-йилнинг кузида ШҲТ ва КХШТ билан ҳамкорликда қўшма машғулотлар ўтказди. Бундан ташқари МДҲ доирасида аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасида ҳамкорлик ва фаолиятларини мувофиқлаштириш, “терроризм” ва “экстремизм”га қарши кураш остида ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда. Бу ишда Россияга айниқса “афғон таҳдиди” қўл келмоқда.

 Бунга қўшимча, сўнгги вақтлар Украина баҳонасида АҚШнинг НАТО орқали шарққа қараб кенгайиб бориши ва Россиянинг “тумшуғининг остига” қадар кириб келиши Путинни жиддий ташвишга солиб қўйди. Шу сабабли ҳам Путин АҚШ олдига бир томонлама мажбуриятлар юклаб, унга ультиматум қўйди. Россия АҚШга қўйган шартларида, у аввал СССР таркибига кирган ва НАТО аъзоси бўлмаган давлатлар ҳудудида ҳарбий базалар ташкил этмаслик, ҳар қандай турдаги ҳарбий фаолият учун уларнинг инфратузилмасидан фойдаланмаслик ва улар билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмаслиги кераклиги таъкидланган эди. Бу Америка Россиянинг “орқа фронтидан”, яъни Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишдан тийилишга бўлган чорлов эди. Санк-Петербургда бўлиб ўтадиган норасмий саммитда ҳам Путин асосан шу масалани кўтариши ва минтақа давлатларини АҚШ ва НАТО билан ҳамкорлик, ҳарбий база учун ер беришдан тийилишга чақириб, бунинг оқибатлари жиддий бўлишидан огоҳлантириш эҳтимоли мавжуд.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here