21 миллион америкалик очликка юз тутиш арафасида

296
0

21 миллион америкалик очликка юз тутиш арафасида

Пандемия туфайли иқтисодий инқироз ва ишсизлик кўрсаткичлари кўплаб мамлакатларда тезлик билан ўсиб бораётган бир пайтда, 21 миллиондан ортиқ америкалик очарчиликка дучор бўлганлиги эълон қилинди. Ал-Жазира ахборот агентлиги АҚШда аҳолини рўйхатга олиш бюросининг маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, очликка дучор бўлаётган одамлар сонининг кўпайишига инфляция туфайли бозор нархларининг ошиши сабаб бўлган.

Мазкур бюронинг 1-13 декабр кунлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, АҚШда етарли озиқ-овқатга эга бўлмаган оилалар сони шу ойда энг юқори кўрсаткич, 9,7 фоизга етган ва айни пайтда очликка юз тутган инсонлар 21 миллиондан ортиқдир. Шунингдек, тадқиқот натижаларига кўра, президент Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланган “кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш” дастури муҳокама қилинадиган сенат йиғилишининг кечикиши келажакда вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин.

Изоҳ: Капитализмдан келиб чиққан тушунчага кўра, давлат ҳар қанча бой ва қудратли бўлмасин, унда фақир синфнинг мавжудлиги табиий ҳол бўлиб, уни йўқ қилиш учун кураш олиб бориш беҳуда иш саналади. Чунки Ғарб иқтисодчиларининг фикрича, инсоннинг эҳтиёжлари чексиз бўлиб, унга нисбатан дунёдаги ресурс ва бойликлар етарсиздир. Яъни дунёдаги мавжуд ресурс, товар ва хизматлар инсоннинг чекланмаган эҳтиёжларини қондиришга ҳеч қачон етмайди. Сабаби инсоннинг эҳтиёжлари чексиз бўлиб, дунёдаги ресурс, товар ва хизматлар эса чеклидир. Шу боис, дунёда қашшоқларнинг бўлиши муқаррардир. Фақат ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали инсоннинг чекланмаган эҳтиёжлари билан ресурслар ўртасидаги фарқни камайтириш мумкин холос. Лекин уларнинг тушунчасига кўра, барибир инсон эҳтиёжларини қондирадиган 100% ресурслар мувозанатига эришиб бўлмайди. Чунки, товар ва хизматлар барча инсонларнинг эҳтиёжини қондира олмайди. Натижада ишга яроқсизлар, ишсизлар ёки асосий эҳтиёжини қондиришга маблағи етмайдиганлар ўзларига керак бўлган товар ва хизматларга етиша олмайди ва ўз эҳтиёжларини қондира олмайдилар. Айнан мана шу тоифа уларнинг назарида жамиятда фақирлар синифи бўлиб қолаверади. Шунинг учун буюк куч қудратга эга, ресурсларга бой бўлган, ҳатто мустамлака йўли билан бошқа давлатларнинг бойликларини талон-торож қилаётган державаларда ҳам бошпанасиз, ишсиз, бир бурда нонга зор, сон-саноқсиз оч наҳор қашшоқларнинг мавжудлиги уларни ажаблантирмайди! Масалан 2008 йилда АҚШда 50 миллион одам тўйиб овқатланмаслиги БМТ тарафидан маълум қилинган эди. Бугунга келиб, 21 миллиондан ортиқ америкалик очарчилик чегарасига келиб қолганлиги айтилмоқда. Америка давлати эса бунга қарши ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан бошқа нарсага эътибор бермайди. Яъни давлат уларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришни ўзининнг вазифаси деб билмайди.

Аммо Ислом иқтисодий низоми қашшоқлшк муаммосини ечими сифатида бойликни тақсимлашга эътибор қаратди. Бунинг учун бир қанча шаръий аҳкомларни қўйди. Бойликни бир гуруҳ бойлар қўлида йиғилиб қолишидан қайтариш, рибони ҳаром қилиш, монополияни ҳаром қилиш, бойлар учун закотни фарз қилиш, мерос тақсимотини тартиблаш, мақсадсиз бойликни босиб тўплашдан қайтариш, ейиш-ичиш, кийим-кечак ва уй-жой каби фуқароларининг асосий эҳтиёжларини қондиришни давлат зиммасига юклаш шулар жумласидан.

Шунингдек, заҳираси ўта улкан бўлган ҳар турли конлар ва минерал булоқларни Ислом омманинг мулки қилиб белгилади. Шариатга кўра, уларни давлат қазиб олиш ишларига бош-қош бўлиши мумкин, аммо эгаллаб олиши ёки улкан ширкатларга сотиб юбориши асло жоиз эмас. Чунки улар барча фуқароларнинг мулкидир, барча аҳолига тенг тақсимланиши шарт. Мана шунинг ўзи бойликларнинг оммага кифоя қилишига кафилдир. Ислом иқтисодий низоми қашшоқликка қандай барҳам берганига тарих гувоҳ.

Лекин афсуслар бўлсинки, бугунги кунда бутун дунёга, шу жумладан Исломий ўлкаларга ҳам капиталистик иқтисод низоми татбиқ қилинмоқда. Мусулмонлар дунё бойликларининг қоқ марказида яшасада, аксарияти қашшоқликда умр кечирмоқда. Чунки капиталистик тузумда Исломнинг адолатли тақсимотидан асар ҳам йўқ.

وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى

– “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”.

 [Тоҳа 123-124]

Шундай экан, мусулмонлар учун Ислом иқтисодий низомини ўз ҳаётларига қайтаришлари вожибдир. Бу эса уни татбиқ этадиган Халифалик давлатини барпо қилиниш билангина амалга ошади.

 Қиёмуддин Шариф

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here