Коронавирус юқтирганлар 23 кишига етди, 16 минг киши карантинда
19 март ҳолатига кўра:
– Ўзбекистонда 23 кишида вирус аниқланди. Булар Париж, Истанбул, Лондон ва Дубайдан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг тиббий кузатув остида бўлган яқинларидир.
– ССВ: оғир аҳволдаги бемор йўқ, уларнинг яқинлари шифохона ва уй карантинида, жами карантинга олинганлар 16 минг кишидан ошиқ.
– 16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтади, таълим муассасалари ёпилди, давлат идораларида мажлислар тўхтатилди.
– Европа ҳануз COVID-19 пандемияси маркази бўлиб қолмоқда, аксар Европа давлатларида фавқулодда вазият амалда.
– Вирус юқтирганлар расмий сони 200 мингдан, ўлганлар сони эса 8 минг кишидан ошди, 90 мингга яқин одам соғайди.
ЎЗБЕКИСТОН: Инқирозга қарши жамғарма тузилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
10 триллион сўм эвазига Инқирозга қарши жамғарма шакллантирилиши маълум қилинди.
Ушбу йиғинда маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида жами 16 минг киши карантинга олинган. (Манба Озодлик).
Таҳлил: Исломий ўлкалар, шунингдек, Марказий Осиё сингари учинчи олам мамлакатлари, пандемияга қарши курашда ўз ҳолатлари, иқтисодий имкониятлари ва фуқоролари минталитетларидан келиб чиқиб, ўзларича услублар ишлаб чиқишса тўғри бўлар эди. Хитой ва Ғарб давлатларининг иқтисодий имкониятлари нисбатан жуда юқори. Улар ўз фуқоролари учун карантин ҳолатини халқаро стандартларга яқин шароитлар ярата олишади.
Куни кеча интернетдан Ўзбекистондаги карантинда сақлаш шароитидан норози бўлган одамларнинг видеолари ва аянчли шароитлари тарқаб кетди. Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам ҳолат деярли шундай. 16 минг одамни ҳар бири вирусдан касалланган деб гумон қилинаётгани билан, уларни бир бирларидан ажратиб сақлаш учун имконият ҳам, шароит ҳам йўқ. Ҳатто улардан бир нечаси вирусдан касалланган бўлганида ҳам, карантин уларнинг барчасига юқтириши учун атайин шароит пайдо қилиб берилаётгандек тасаввур пайдо қилди. Яъни биз бир неча ўнлаган касаллар учун, айтайлик 16 минг одамни қамаб бир-бирларига юқтиришлари учун қўйиб бераяпмизми?. Эртага карантиндаги одамлар сони яна бир неча баробар ортиши мумкин. Унда бундан ҳам баттар бўлиши кутилади.
Давлатларимиз касалликка қарши курашда халқаро стандартларга риоя қиламан деб, катта давлатларга тақлид қилиб имкониятлари кўтармаса ҳам расмиятчилик йўлидан воз кечиши керак. Минглаган одамни карантин қилиб, қолганларидан узиб сақлай олмаса, карантин услубидан бош тортиб, айтайлик ўз уйларида, шаҳар, қишлоқни карантин қилиб даволаш услубига ўтиши тўғрироқ бўлар эди.
Давлат раҳбарларимиз фуқороларини вабодан сақлашни ҳаётий масала қилиб олишлари керак эди. Аксинча улар халқаро ташкилотларнинг назарига тушиш учун кўр-кўрона уларга эргашиш йўлидан боришяпти. Иқтисодий имкониятларини ҳисобга олмай, халққа зулм қилиб, касалликка шароит ва кенг имконият яратиб боришяпти. Халқаро донор давлатлардан ёрдам олиш ёки ички фуқороларининг бадавлат қатламидан ихтиёрий ёки мажбурий жамғарма йиғиб олиш мақсадини ҳам кўзлашади. Шунингдек халқ бошига тушган балодан фойдаланиб бюджет камомадлари ва бир қатор сиёсий муаммоларидан қутилиб олмоқчи бўлишади.
Исломий мамлакат раҳбарлари ҳам, насронийлар сингари вазият ва шароитлардан келиб чиқиб, халқнинг эътиқодий ишончларидан фойдаланиб, уларни ўз динларига боғлаган ҳолда ишонч билан хавфга қарши йўналтиришлари керак эди. Негаки вабога қарши курашда, халқни давлат билан фикр-туйғу уйғунлиги асосий мувоффаққият гарови бўлиб ҳисобланади. Бу эса давлат ва умматнинг фақат ўша масаладаги иймоний муҳитда бирлашиши билан, яъни вабога қарши курашдаги шаръий масалага риоя қилишлари билан амалга ошади. Ўшанда халқ давлатга ва унинг шу масалада чиқариб бораётган қарорларига ихтиёран, қалбдан риоя қила бошлайди. Шу қалбдан келиб чиққан уйғунлик бўлмас экан, давлатларимиз вазиятдан қутила олмай катта давлатлардан ёрдам олиб, яна миллиардлаган қарзларга ботиб бораверади.
Абдураззоқ Мўъмин.