Исроил армияси Ғазо тарафидан ракета отилганлигини даъво қилиб мусулмонларни яна қирғин қилишни бошлади.
Исроил армиясининг сўзчиси Патер Ларнер твиттер тармоғи орқали тарқатган даъвога кўра, Ғазо тарафдан Исроилга қарата учта ракета отилган. Бироқ ҳужумдан ўлганлар ёки жароҳат олганлар йўқ.
“Оташкесим давом этаётган бир пайтда ракета ҳужумларининг янгидан бошланиши Исроил армиясининг Ғазони яна ҳужумга тутишига сабаб бўлди”, дейилади Исроил армияси тарафидан чиқарилган ёзма баёнотда.
Исроил узоқ йиллардан буён қамал қилиб келаётган Ғазони шу йилнинг 7 августида турли баҳоналар билан қирғин қила бошлаган эди. Бир ойдан ортиқ давом этган ҳужумларда икки мигдан ошиқ Мусулмонлар қатл этилди. Шундан сўнг Мисрда тарафлар ўртасида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ва бу қарор муддатини узайтириш учун бир неча бор уринишлар бўлиб ўтди. Охирги марта ўт очишни тўхтатиш қарори 24 соатга узайтирилган эди.
Исроилнинг “Haaretz” газетасининг ёзишича, охирги даъволардан сўнг бош вазир Бинямин Нетаняҳу Қоҳирадаги музокарачиларини ортга қайтишига буйруқ чиқарган.
Бундан аввал Исроил мудофаа вазири Моше Ялан “Ҳимоя чизиғи” амалиёти охирига етмаганлигини маълум қилган эди.
“Ҳимоя чизиғи амалиёти ҳали тугамади. Ваъда қилганимиздек, сукунат ва хавфсизлик рўёбга чиққунигача ҳужумни давом эттирамиз”, деди у Исроил денгиз қўшини олдида чиқиш қилиб.