Қрим ярим оролининг Симферопол шаҳри кўчаларида ҳуқуқ тартибот ходимлари ҳижобли муслималарни тўхтатиб ҳужжат талаб қилишмоқда.
“Симферополда ҳижобли қизларни тўхтатиб ҳужжат сўрашмоқда. (Шунча йилдан буён ўзимиз билан паспорт олиб юрмаган эдик, мана энди янги ҳукумат келиб шунга мажбур бўляпмиз). Аллоҳнинг ўзи бизга ёрдам берсин”, деб ёзади Қримлик муслималардан бири ўзининг Facebook ижтимоий тармоғида.
“15 минут” ахборот агентлигининг хабар қилишича, бунга ўхшаш ҳолатлар Симферопол ва Бахчасарай шаҳарларида кузатилган. Ҳуқуқ тартибот ходимлари муслималардан ҳужжат талаб қилаётганда бунинг сабаблари ҳақида тушинтириш бермаганлиги айтилади хабарда.
Қрим мусулмонлари диний бошқармаси бу каби ҳодисалардан ҳеч бир мусулмон муфтиётга шикоят қилмаганлигини, бироқ бундай ҳолатлар бўлиб туриши эҳтимолдан холи эмаслигини билдирди.
Қрим муфтисининг ўрин босари Айдер Исмаилов ҳуқуқ тартибот ходимларининг бу ҳаракатларини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб сифатлади.
“Агар диққат эътибор айнан ҳижобли аёлларга қаратилиб, уларнинг ҳужжатлари текширилаётган бўлса албатта бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат ва мусулмонларнинг туйғуларини ҳақоратлашдир”, дея таъкидлади Қрим муфтисининг ўрин босари Исмаилов.