Исроил ҳарбийлари мусулмонларни ҳибсга олишни давом эттираётган бир пайтда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос яқин кунларда Исроил давлати Араб ва Ислом оламининг тинч бир қисмига айланишини башорат қилди.
“Биз Исроил тарафи билан тинчликка эришиш учун бор кучимизни сарфлаяпмиз ва биз бу борада жиддиймиз”, деди у.
Президент Маҳмуд Аббос 6 январ куни “рождество” (Исо а.с.нинг туғилган куни) муносабати билан проваслав черкови тарафидан Байтул-Лаҳмда ташкил қилинган байрамда иштирок этар экан, Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик битимига эришиш муҳимлигини ва бу бутун Ислом оламини ўз ичига олишини таъкидлади.
“Исроил тарафи билан тинчлик битимига эришсак, бу бутун араб олами ва Ислом оламига кенг тарқалиб, оммалашади. Натижада Исроил бу тинчликнинг бир қисмига айланади”, деди Фаластин президенти.
Исроил радиосига интервью берган АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дан Шапиро ўртага ташланган таклифлар тинчлик, чегара хавфсизлиги ҳамда Қуддус мақоми ва бошқа асосий масаларни ўз ичига олишини очиқлади.
Аммо фаластинликлар бундан норози. Улар “Музокаралар вақтни чўзишдан бошқа нарса эмас. Шу баҳонада, Исроил ҳукумати яҳудий уй-жой қурилишини битириб олади”, деган фикрда.
Дарҳақиқат, Исроил мудофаа вазири Моше Яалон “Исроил ва Фаластин ўртасидаги сўзлашувлар икки тараф ўртасидаги тинчлик битими ҳақида эмас, балки музокаралар муддатини чўзиш” атрофида бўлишига ишора қилди. “Биз ҳозир сўзлашувларни 9 ойдан ортиқ муддатга давом эттириш ҳаракати билан машғулмиз”, деди у фикрини изоҳлаб.