Сурия ҳукумати қулади: Мусулмонлар алданиб қолмаслиги лозим
Мусулмонларнинг узоқ вақт кутган умиди амалга ошиб, Сурия ҳукумати қулади. Бу кунга етиш учун қанчалар қон тўкилди, қанчадан-қанча қурбонликлар берилди, ярим миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди! Асад режимининг қулаши жуда тез содир бўлди. Унга қарши ҳарбий амалиёт ноябр ойининг охирида бошланиб, Шомнинг қўлга олиниши ва режимининг қулаши билан якунига етди.
АҚШнинг малайи бўлган Асад сулоласи Сурияни эллик йилдан ортиқ бошқариб келди. Ўтган асрнинг 70-йилларида ҳокимиятни эгаллаб, ўзига хос зўравонлиги билан танилган Ҳофиз Асад 2000 йилда вафот этганидан сўнг ҳокимиятга унинг ўғли Башар Асад келди. Бу пайтларда Сурия режими Ливанга таъсир ўтказишда, Ироққа қарши урушда ва бошқа масалаларда Американинг минтақадаги манфаатларини амалга ошириб келди. Шунинг учун ҳам Сурия режими Американинг минтақадаги энг муҳим қуролларидан бири ҳисобланади. Шу боис Америка “араб баҳори” деб аталмиш қўзғолонлар сабабли Сурия режимини қулашига йўл қўймаслик учун бор кучи билан ҳаракат қилди. (Аслида “араб баҳори” доирасидаги қўзғолонлар “Ислом баҳори” деб аталиши керак эди. Чунки мусулмонлар капиталистик мустабид тузумларга қарши бош кўтариб, Исломни талаб қилишди. Бироқ бу қўзғолонларни Исломдан чалғитиш ва қўзғолонларнинг Ислом асосида ривожланишини олдини олиш учун Ғарб унга “араб баҳори” деб ном берди).
2011 йилда Сурияда бошланган қўзғолон тезда бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Одамлар Исломни талаб қилиб, Суриянинг диктатор режимига қарши намойишлар уюштиришди. Бунга отасидан қолишмаган золим Башар Асад қирғинлар, қатлиомлар, номусларни оёқ ости қилишлар ва қувғинлар билан жавоб берди. Чунки Башар Асад жиноят содир этишда чегара билмас ва жазодан қўрқмас эди. Бунинг сабаби Америка уни ҳар қандай жиддий жазодан ҳимоя қилишни биларди. Режимнинг бундай қонли жавоби туфайли одамлар қўлига қурол олиб, ҳарбий қаршиликка ўтди. Натижада режим назоратидаги ҳудудлар янада қисқариб, мамлакат ҳудудининг атиги 20 фоизи Асаднинг қўлида қолди. Бироқ ўз малайи Башар Асад ўрнига муқобил кадр топа олмаган Америка бир томондан Россияни жалб қилган бўлса, иккинчи томондан минтақадаги қуроли бўлмиш Эрон режимини (Эронга боғланган ҳарбий қисмларни) уришга тортиб, уларни Сурия режимига ёрдам бериш учун ишга солди. Яна бир томондан, Туркияни исёнчилар тарафида туришга ундади. Бу уч режим (Россия, Эрон, Туркия) Сурия масаласи бўйича ташкил этилган Остона конференцияларининг кафолатчисига айланди. Аслида ушбу Остона ва Женева конференциялари Суриядаги исённи бостириш, Сурия режимини сақлаб қолиш ва исёнчиларни жиловлашга қаратилган эди.
Четдан дастак олган Сурия режими ўз назорати остидаги ҳудудни яна кенгайтира бошлади, шафқатсиз қирғинлар уюштирди, ҳатто ўз халқига қарши кимёвий қурол ҳам қўллади. Демократиянинг отаси бўлган Америка эса, режимнинг бу жиноятларига кўз юмиб, юқорида айтиб ўтганимиздек уни жиддий жазодан ҳимоя қилди. Бу ҳолат Башар Асад режими Американинг қуроли бўлганини тасдиқлайди.
Бироқ, Сурия режими бундай ҳарбий ва сиёсий ёрдамларга қарамай, исённи тўхтата олмади. Аксинча, вақт ўтиши билан заифлашиб, ҳокимиятни сақлаб қолиш имкониятини ҳам йўқотди. Бу ҳолат – мусулмонлар ҳеч қачон умидларини йўқотмайди, ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамайди – деган ҳақиқатни яққол кўрсатиб турибди. Уларни фидойиликка, сабр-тоқатга, мардликка, жасоратга ундайдиган нарса Исломдир! Мусулмонлар, ким Аллоҳнинг динига ёрдам берса, Аллоҳ ҳам уларга ёрдам беришини яхши билади. Шомдаги мусулмонлар шунинг учун ҳаракатларини тўхтатмади, асло умидсизликка тушмади. Бундан кейин ҳам барча саъй-ҳаракатлар Ислом учун бўлиши керак. Чунки Уммат Ислом учун қурбонликлар берди, сабр қилди, ҳар турли оғир ҳолатлар ва қийноқларга бардош берди.
Ҳозирда оммавий ахборот воситалари Сурия режимининг қулаганини эълон қилмоқда. Шу билан бирга, Америка бошчилигидаги Ғарб давлатлари, халқаро ташкилотлар ва Американинг қуроли бўлган минтақадаги малай режимлар худди кеч қолаётгандек, “мамлакатда тезроқ қонуний ҳукумат тузилиши керак”, “2254-резолюцияни амалга ошириш зарур”, “муваққат ҳукумат тузилиши керак”, “халқаро ҳуқуққа асосланган қадамлар ташланиши керак”, “мамлакатда янги сиёсий жараённи яратиш учун Сурия халқи билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дея баёнот бера бошлашди. Улар Суриядаги вазият назоратдан чиқиб кетишига ва Исломнинг кучайишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Америка турли конференциялар, ташаббуслар ҳамда Туркия каби режимлар орқали суриялик мусулмонларни тузоққа илинтиришга ҳаракат қилиб келди ва бундан кейин ҳам шундай қилади. Шунинг учун Ғарб ва унинг қуроли бўлган режимлар тарафидан қўйилган ташаббуслардан узоқ туриш керак. Улар Сурия режимига ўхшаш капиталистик режимни қайта тиклашни кўзламоқда. Сурия халқи ва мужоҳидлар шунинг учун қон тўкишдими?! Албатта йўқ! Улар Ислом учун жонларини ва молларини фидо қилишди. Аллоҳ Таоло мана шундай холис ҳаракатларга ғалаба беради. Шундай экан, ўн уч йиллик машаққатли меҳнат зое кетмаслиги керак. Фақат Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатигина мусулмонлар орзу қилган ўзгаришларга олиб келади. Ундан бошқа ҳар қандай ташаббус ва ҳаракатлар зулматга, жаҳолатга ва зўравонликка олиб келади. Аллоҳ Таоло айтади:
وَلَيَنصُرَنَّ اللَّهُ مَنْ يَنصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ
“Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир”. [22:40]
Ҳорун Абдулҳақ