Ҳизбут Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан

590
0

00

Сиқату Биллаҳнинг

1 –  Закот вожиб бўлган экинлар ва меваларнинг турларига,

2 –  Рикозга алоқадор ҳукмларга оид саволларига жавоб

Савол:

Улуғ амиримиз ва шайхимиз, қайси турдаги экинлар ва меваларга закот вожиб бўлади? Масалан, ўсимлик ёғига ҳам закот чиқарадиганлар бор. Бунинг тартиби қандай бўлади?

Маълумки, рикозда (топилмада) хумс (бешдан бирини байтулмолга топшириш) бор. Менинг саволим қуйидагича: Агар бир одам усмоний аскарларга тегишли хазинани топиб олса, бу одам бу топилманинг хумсини берганидан кейин унга эгалик қила оладими, ёки бу топилма исломий давлатнинг мулки бўлиб, уни омонат сифатида сақлаб Аллоҳнинг изни ила Халифалик тикланганида бу топилмани Халифаликка қайтарадими?

Аллоҳ сизга баракотли ато этсин. Абу Ҳисомиддин – Тарқумия – Халил – Фаластин

Жавоб:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

1 –  Закоти вожиб бўлган экинлар ва меваларнинг турлари буғдой, арпа, хурмо ва майиздир. Ҳадисларда закот шу тўрт турли экинга чекланган. Бошқа экинлар закот вожиб бўлган экинлар турига кирмайди. Бунга далиллар:

а)   Мусо ибн Талҳа Умар р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Умар р.а. деди: «Албатта Росулуллоҳ с.а.в. закотни тўрт турли экинга: буғдой, арпа, хурмо ва майизга жорий қилдилар». Бу ҳадисни Табароний ривоят қилган. Мусо ибн Талҳадан ривоят қилинган яна бир ҳадисда у айтди: «Росулуллоҳ с.а.в. Муоз ибн Жабални Яманга юборган пайтда уни буғдой, арпа, хурмо ва узумдан садақа олишга буюрдилар». Бу ҳадисни Абу Убайд ривоят қилган. Бу ҳадислар экинлар ва мевалардан закот фақат шу тўрт тур: буғдой, арпа, хурмо ва майиздан  олинишини ва бошқа турдаги экинлар ва мевалардан олинмаслигини баён қилади. Чунки биринчи ҳадис чеклашга далолат қиладиган إِنَّمَا лафзи билан келди.

б)   ‌Ҳоким, Байҳақий ва Табароний Абу Мусо ва Муоздан ривоят қилади: Расулуллоҳ с.а.в. Абу Мусо ва Муозни одамларга дин ишларини ўргатиш учун Яманга юбораётиб бундай дедилар:

«لاَ تَأْخُذَا الصَّدَقَةَ إِلاَّ مِنْ هَذِهِ الْأَرْبَعَةِ: الشَّعِيرِ، وَالْحِنْطَةِ، وَالزَّبِيبِ، وَالتَّمْرِ»

«Садақани фақат ушбу тўрт нарсадан: арпа, буғдой, майиз ва хурмодан олинглар». Бу ҳадис ҳақида Байҳақий «Ровийлари ишончли ва муттасил (узилмаган)» деган. Бу ҳадисда закотнинг шу тўрт турли экин ва меваларга чекланиши очиқ равшандир. Чунки إِلاَّ лафзидан олдин инкорни ёки қайтариқни ифодаловчи ҳарф иштирокидаги сўз келса, ўзидан олдинги сўзни кейинги сўзга чеклаб қўяди. Яъни садақани ўзидан кейин келган шу тўрт турли экин ва меваларга чеклаб қўяди. Бу экин ва мевалар: арпа, буғдой, майиз ва хурмодир.

‌в)   Ҳадисларда келган буғдой, арпа, хурмо ва майиз лафзлари жомид исмлар бўлгани учун бу лафзлар бошқа экин ва меваларни мантуқан ҳам, мафҳуман ҳам ўз ичига олмайди. Чунки булар сифатларнинг номлари ҳам, маъноларнинг номлари ҳам эмас. Балки бу номлар булар билан номланган ва шу номлар берилган нарсаларга чекланган. Шунинг учун бу лафзлардан қуритиш ёки захира қилиб қўйиш маънолари олинмайди. Чунки бу лафзлар бу маънолар ва сифатларни ифодаламайди. Закотнинг вожиблигини шу тўрт турли экин ва меваларга чеклаб келган ҳадислар «Ёмғир суви билан суғорилган ерлардан ушр, челак ёки чарҳпалак орқали суғорилган ерлардан ушрнинг ярми тўланади» деган ҳадисдаги умумликни ифодалайдиган лафзларни хослаб келади. Бу билан бу ҳадиснинг маъноси «Ёмғир билан суғорилган буғдой, арпа, хурмо ва майиздан ушр тўланади, челак ёки чархпалак билан суғорилса ушрнинг ярми тўланади» деб тушунилади.

г)   Бу тўрт турдан бошқа турдаги экин ва меваларга закот вожиб бўлмайди. Шунинг учун маккажўҳори, гуруч, ловия, нўхот, ясмиқ ва булардан бошқа экинлардан закот олинмайди. Шунингдек олма, нок, шафтоли, ўрик, анор, апельсин, банан ва булардан бошқа мева турларидан закот олинмайди. Чунки буларни буғдой, арпа, хурмо, майиз лафзлари ўз ичига олмайди. Шунингдек буларни санаб ўтган саҳиҳ далил ҳам келмаган, бу ҳақда ижмо ҳам йўқ ва бу ҳақда қиёс ҳам килинмайди. Чунки закот ибодатлардан бўлиб ибодатларда қиёс қилинмайди ва уларда насга чекланилади. Шунингдек тарра, бодринг, ошқовоқ, бақлажон, шолғом, сабзи каби сабзовотлардан ҳам закот олинмайди. Умар, Али, Мужоҳид ва бошқалардан ривоят қилинишича, сабзовотлардан садақа олинмайди. Буни Абу Убайд, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.

2 –  Саволнинг иккинчи қисми, яъни рикоз ҳақида айтадиган бўлсак, ким бир рикоз (топилма) топиб олса унинг бешдан бирини Ислом давлатига топширади. Давлат уни мусулмонлар манфаатига ишлатади. Қолган тўрт қисми топилмани топган одам учун қолади. Фақат бу одам топилмани бошқанинг еридан топмаган бўлиши шарт.

Агар бугунги кундагидек Ислом давлати мавжуд бўлмаса топилмани топган одам унинг бешдан бирини фақирлар, мискинларга беради ва мусулмонларнинг манфаатига ишлатади, бу бобдаги ҳақни излайди (яъни фақирлар ва мискинларга бергани яхшими ёки мусулмонлар манфаатигами, шу борада изланади). Қолгани уники.

Бунга далил:

а)   Рикоз ерга кўмилган олтин, кумуш, жавоҳирлар, марваридлар ёки булардан бошқа зеб-зийнатлар ва қуроллар каби бойликлардир. Булар мисрликлар, бобилликлар, ассурийлар, сосонийлар, румликлар, греклар ва булардан бошқа қадимги қавмларнинг кўмилган хазиналари бўлиши, подшоҳлари ва буюк одамлари қабридан ёки вайронага учраган қадимги шаҳарларининг қўрғонларидан топилган пуллар, зеб-зийнатлар ва жавоҳирлар бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари жоҳилият давридаги ёки Исломнинг ўтмиш давридаги ер тубига хумга яширилган тилла ва кумуш тангалар бўлиши ҳам мумкин. Буларнинг барчаси рикоз ҳисобланади.

‌Рикоз «ركز, يركز» (махфий бўлди) феълидан иштиқоқ қилинган. Агар найза кўмиб қўйилса, ركز الرمح найза яширин бўлиб қолди, деб айтилади. Махфий овозга «рикз» дейилади: Аллоҳ Таоло айтади:

«Ёки овозларини эшитурмисиз?!»                   [Марям 98]

 

Аммо маъдан эса Аллоҳ Таоло еру осмонни яратган кунда ерда яратган олтин, кумуш, мис, қўрғошин ва бошқа қазилма бойликларидир. Маъдан «عدن» (бир жойда ўрнашиш) феълидан иштиқоқ қилинган. Жаннат абадий қоладиган жой бўлгани учун «Адн» деб номланган. Маъдан одамлар кўмган бойликлар эмас, балки Аллоҳ Таоло ер остида яратиб қўйган бойликлардир. Шуниси билан у рикоздан фарқ қилади. Чунки рикоз одамлар кўмган бойликдир.

б)   Рикоз ва маъдан ҳукмларининг асли қуйидаги ҳадислардир: Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Набий с.а.в. дедилар:

«اَلْعُجْمَاءُ جُرْحُهَا جُبَارٌ، وَفِي الرِّكَازِ الْخُمْسُ»

«Бўшалиб кетган ҳайвоннинг талофати тўланмайди. Рикоздан хумс берилади». Бу ҳадисни Абу Убайд ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в.дан эски харобадан топилган бойлик ҳақида сўралганида:

«فِيهِ وَفِي الرِّكَازِ الْخُمْسُ»

«Бундан ва рикоздан хумс берилади», деганлар. Али ибн Абу Толиб р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. дедилар:

«وَفِي السُّيُوبِ الْخُمْسُ. قَالَ: وَالسُّيُوبُ عُرُوقُ الذَّهَبِ وَالْفِّضَّةِ الَّتِي تَحْتَ الْأَرْضِ»

«Суюбда хумс бор. Суюб ер остидаги олтин ва кумуш зоти».

в)   Шунга биноан қабрлардан, қўрғонлардан, олдинги қавмларнинг шаҳарларидан, ўлик ерлардан, эски харобалардан топилган олтин, кумуш, зеб зийнатлар, жавоҳирлар ва булардан бошқа кўмилган ҳар қандай бойликлар, бу бойликлар жоҳилият даврида кўмилган ёки мусулмонлар кўмган бўлишидан қаъий назар топиб олган одамнинг мулки бўлади. Бу одам бу бойликнинг бешдан бирини байтулмолга беради.

Шунингдек бирортасининг мулки бўлмаган ўлик ердан топилган олтин ёки кумушдан иборат (бу олтин ё кумушнинг зоти бўладими ёки қуми бўладими, фарқсиз) ид (оқар сув каби) бўлмаган, яъни миқдори чекланган ҳар қандай маъдан топиб олган одамнинг мулки бўлади. У бу бойликдан бешдан бирини байтулмолга беради. Аммо бу кўмилган бойлик миқдори чекланмаган кон бўладиган бўлса, бу кон умумий мулк бўлиб, бунинг тафсилоти бошқачадир.

‌Рикоз ёки маъданни топиб олган одамдан олинадиган хумс фай даражасида бўлади ва у файнинг ҳукмини олади. Уни байтулмолнинг ўлжа ва хирож девонига қўйилади, ўлжа ва хирож сарф қилинадиган жойга сарф қилинади. Бу иш халифага топширилган бўлиб, халифа ўз ижтиҳодига мувофиқ Умматнинг ишларини бошқаришга ва манфаатларини амалга оширишга ишлатади.

г)   Бирор одам ўзининг мулки бўлган ер ёки бинодан рикоз ёки маъдан топиб оладиган бўлса, бу унинг мулки бўлади. У бу ер ёки бинони мерос қилиб олганми ёки бошқасидан сотиб олганми, бунинг фарқи йўқ. Агар бирор одам бошқа одамнинг ери ёки биносидан рикоз ёки маъдан топиб оладиган бўлса, бу топиб олган одамнинг эмас, балки ер ёки бино эгасининг мулки бўлади.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта         

5 муҳаррам 1435ҳ         8 ноябр 2013м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here