Кўпхотинлилик тўғрисидаги қонунни кечиктириш

34
0

Кўпхотинлилик тўғрисидаги қонунни кечиктириш

Қирғизистон президенти Садир Жапаров кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликка тортишни бекор қилишга қаратилган “ҚР Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни Жогорку Кенешга қайтарди. Ушбу қонун парламент томонидан 2025 йил 25 июнда депутат Нурлан Азигалиев ва депутат Медербек Саккараев ташаббуси билан қабул қилинган эди. Бироқ президент Садир Жапаров Омбудсман, Бош прокуратура, Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд хулосаларига таяниб, бунга эътироз билдирди. Бу ташкилотларнинг фикрича, кўпхотинлик учун жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш Қирғизистоннинг халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларининг бир қисми ҳисобланади. Уларга кўра бу гендер тенглиги тамойилларига содиқликдан далолат беради ҳамда аёллар ва болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади. Шунингдек, гўёки бу мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида кўрсатилган оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бироқ бундай қонунни қабул қилишни кечиктириш, аслида, қасддан тўсиқлар яратиш ва узоқ вақтдан буён конструктив ечимни талаб қилиб келаётган реал муаммоларга эътибор бермаслик ҳисобланади. Бу ерда гап фақат ҳуқуқий соҳагагина эмас, балки реал ижтимоий эҳтиёжларга ҳам тегишлидир. Кўпхотинлиликни қонунийлаштириш оила бошлиғининг жавобгарлигини ўзгартирмайди, уни қонунийлаштириш тартиби ҳам оила барқарорлиги муаммосини ҳал қилмайди. Чунки оилавий муаммоларни Жиноят кодекси билан тўлиқ тартибга солиш мумкин эмас ва кўпхотинлилик барча оилавий муаммоларнинг давоси ҳам эмас. Бироқ жамиятда шундай эҳтиёж бор экан, нега бу масалани ҳуқуқий соҳада ҳал қилмаслик керак?

Энг муҳими, “аёллар ҳуқуқлари”, дея жар солишига қарамай, аёлларни ҳимоя қилишдан ожиз бўлган ғарб қадриятларига асосланган қонунлар қирғизистонликларнинг эҳтиёжларини қондира олмайди. Қирғизистонда шу кунгача аёлларга турмуш ўртоқ топиш муаммоси ҳал этилмади. Агар ушбу қонун кучга кирса, хотин-қизлар ўз муаммоларини қонун доирасида ҳал қилиш имкониятига эга бўларди.

Бундан ташқари, кўпхотинлиликни қонунийлаштиришга қаршилик ва кечиктириш янада чуқур ижтимоий илдизларга бориб тақалади. Бу, асосан, анчадан буён давом этиб келаётган исломофобик кайфиятга ҳамда оилавий муносабатларни 14 асрдан бери тартибга солиб келган Ислом қонунларининг аҳамиятини тан олмай, унга хавотир билан қарашларга боғлиқдир.

Аллоҳ Таоло “Нисо” сурасининг 3 оятида шундай марҳамат қилади:

“Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)”. (4:3).

Бу оят эркак кишига адолатли ва масъулиятли бўлиш шартини юклаб, унга кўп хотин (4тагача) олиш имкониятини беради. Кўпхотинлилик масаласи Ислом қонунлари доирасида узоқ вақтдан бери самарали ҳал этилиб келган, ва ниҳоят, Қирғизистон ҳуқуқий соҳасида ҳам бу қарорнинг долзарблигини тан олиш вақти келди. Давлат бу мавзуни очиқ муҳокама қилишни истамаса-да, ҳусусан бойлар ва чўнтаклари қоппайган амалдорлар анча вақтдан бери иккинчи, баъзилари учинчи, ҳатто тўртинчи аёллари билан ҳаёт кечириб келишмоқда. Ҳеч ким улардан бирортасининг жавобгарликка тортилганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмас. Кўпхотинлиликка оид қонунчилик ташаббуслари Ғарбнинг тенглик тамойилларига эмас, балки халқнинг ҳақиқий эҳтиёжлари ва уларнинг Исломга содиқлигига асосланиши керак.

Кўпхотинлилик аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш сифатида эмас, балки реал ижтимоий ва демографик муаммоларни ҳал қилишнинг қонуний йўли сифатида қабул қилиниши керак. Бу узоқ вақтдан бери парда ортида қолган мавзуларни муҳокама қилишга ҳам имкон беради. Кўпхотинлиликни қонунийлаштириш жамиятнинг долзарб муаммолари ва реал эҳтиёжларини шаръий йўллар орқали ҳал этишда муҳим қадам бўлиб, мамлакатдаги ижтимоий аҳволни яхшилашга хизмат қилади.

Латифул Расих

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here