ЯИМ қашшоқликни бартараф қиладими?!
Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов жорий йилда Қирғизистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши 10,5 фоизга етишини маълум қилди. У Чўлпон-Отада бўлиб ўтган форумда шундай деди: “Давлат бюджети уч баробарга, иқтисодиёт икки бараварга ўсди, ЯИМ эса уч йилдан буён ҳар йили 9 фоизга ошмоқда. Бу йил эса 10,5 фоизга етиши кутилмоқда”.
Байсаловнинг сўзларига кўра, бюджет ортиб, ЯИМ ўсиб бормоқда ва бу иқтисодий ютуқ сифатида тақдим этиляпти. Бироқ бу кўрсаткичлар халқнинг иқтисодий аҳволи яхшиланаётганини англатмайди. Масалан, бюджетнинг икки баравар кўпайишининг сабаби солиқларнинг кўпайиши ва янги солиқ турларининг жорий этилишига бориб тақалади. Бошқача айтганда, бюджет халқ чўнтагидан олинадиган солиқлар ҳисобига тўлдирилмоқда.
ЯИМнинг ўсишига келсак, капитализмда иқтисодий ривожланиш жисмоний шахсларнинг иқтисодий аҳволи билан эмас, балки бутун жамиятнинг аҳволи билан, аниқроғи ЯИМ кўрсаткичига қараб белгиланади. ЯИМ – бу мамлакатда кўрсатилган хизматлар ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий миқдоридир. Шунга кўра, ЯИМ жисмоний шахсларнинг реал иқтисодий аҳволини эмас, балки фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларнинг умумий миқдорини акс эттиради. Шунинг учун капитализмда қабул қилинган “ЯИМ иқтисодий ўсишни кўрсатади” деган таъриф нотўғри таърифдир. Бундай тушунча ва фикрлар халқнинг реал иқтисодий аҳволини яхшилашга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, ҳозирги кунда капитализм қашшоқликни бартараф этиш учун ЯИМни ошириш зарур, деган фикрни олға суради. Бошқача айтганда, ҳар бир камбағалга тўғридан-тўғри маблағ ажратиш ўрнига, ЯИМни кўпайтириш зарурлиги таъкидланади. Аммо камбағалларга ҳақиқий ёрдам кўрсатиш зарурати эътиборга олинмайди. ЯИМнинг ўсиши эса камбағалларга ҳеч қандай фойда келтирмайди. Яъни, турли корхоналар очилиши, маҳсулот ишлаб чиқариш кўпайиши ва ЯИМнинг кўрсаткичи ошиши мумкин. Бироқ ўша корхоналарда одамлар арзимаган ойлик учун меҳнат қилиб тирикчилик қилади. Капиталистлар эса халқни шу тарзда эксплуатация қилиб, катта фойда олади. Сўнгра бу ҳолат ЯИМнинг ортиши ва иқтисодий юксалиш сифатида тақдим этилади. Ҳақиқатда эса, фақат капиталистлар бойиб, халқ қашшоқлигича қолаверади.
Аслида мусулмонлар учун Исломнинг иқтисод низомидан бошқаси бекордир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада илк Ислом давлатини барпо этганларидан бошлаб то 20-асргача муваффақиятли амалга оширилган бу низом дунёга намуна бўлиб келди. Ислом одамларни ишлаб чиқаришга чорлайди ва шу билан бирга бугунгидек оғир солиқлар солмайди. Қолаверса, Ислом иқтисодининг мазмун-моҳияти байтулмолдан ва закотдан камбағалларга етарли миқдорда маблағ ажратиш орқали аҳолининг асосий эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. Чунки бу ишсизликни бартараф этиш масаласи эмас, балки камбағалларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласидир.
Ҳорун Абдулҳақ