ХУЛҚЛАР

2990
0

بسم الله الرحمن الرحيم

ХУЛҚЛАР

Мусулмонларда Ислом тушунчаси заифлашиб қолгандан бошлаб, ахлоқ мавзуъсида ҳам кўплаб хатоликлар содир бўла бошлади. Баъзи инсонлар ахлоқларга эътибор бермай, яъни умуман маънавий ва руҳий тарафга ҳаётларида ҳеч қандай ўрин қолдирмай, фақат моддийликка шунғиб, моддий манфаат ортидан умрларини ўтказишаётган бўлсалар, баъзилар аҳлоқ жамиятни ислоҳ қилади деб, эътиборларини фақат ахлоқларга қаратишиб, шу асосида ахлоқий жамоатлар ташкил этишган, жамиятни ахлоқ асосида ислоҳ қилишга чақиришни асосий вазифалари қилишиб олишган, ҳатто бузуқ ахлоқларни гўзал хулқ деб ҳисоблашар ва ўша асосида мусулмонларга баҳо бера бошлашди. Масалан, катталар томонидан содир бўлаётган ҳар қандай нотўғри иш, ҳаққа қарши гап-сўзларга нисбатан сукут сақланиш одоб саналиб, ноҳақликларга рози бўлмай, унга қарши турган инсонни ахлоқсизга чиқариш ёки ҳар қанча зулм, бировнинг ҳақларига тажовузларни кўрсалар-да, “золимларга тенг бўлмайман”- деб лом-мим демасдан, ер чизиб, ўзини четга олиш “ҳаё” ёки “донолик” саналди-да, Аллоҳ Таолонинг амру-маъруф ва наҳий-мункарга бўлган амрини ўрнига қўйиш “беҳаёлик”, “аҳмоқлик” бўлиб қолди. Хиёнат, ёлғон гапириш, бировларни ҳаққига тажовуз қилиш, жабр-зулм қилиш одатий кўриниш, ҳатто “ишни кўзи билиш” деб хавас қилинадиган ишлардан бўлиб қолди. Ҳатто Уммат ишларига бош бўлганларнинг хоинликлари, ёлғон гапиришлари, порахўрликлари, ноҳақдан, бегуноҳ инсонларни жиноятчига чиқариб, жабру-зулм қилишлари, халқ мулкини талон-тарож қилишлари одатий хол ҳатто бунга ҳеч ким ажабланмайдиган ҳам бўлиб қолди.

Амонатдор бўлиш, ваъдага вафо қилиш, ростгуй бўлиш, савдода тўғри муомала қилиш, силаи-раҳм, қариндошчилик, қўни-қўшнини, дўстликни ҳақларини адо қилишлар унитилди.

Ахлоқ – инсон ўз шахсига нисбатан бўладиган алоқасидан бўлиб, инсоннинг асосларидан бири, яъни хулқи гўзал шахс яхши инсон бўлиши мумкин, аммо хулқи қабих шахс ёмон инсон бўлади. Бузуқ шахсни ислоҳ қилишда ақидаси, ибодати, муолмиласига эътибор берганимиз каби хулқига ҳам аҳамият беришимиз зарур, чунки бу тўрт нарса инсоннинг асоси, қайсики шахсда улар хато ёки бузуқ бўлса ўша инсон ёмон инсон бўлади, улар ислоҳ бўлиши билан ўша шахс яхши инсонлар қаторига қўшилади..

Аммо жамият фақат гўзал ахлоқли инсонлар билангина ислоҳ қилинмайди, ҳатто инсонларнинг ҳаммалари яхши бўлсалар-да, инсонлар жамият асосиларидан бири халос. Жамият ислоҳ бўлиши учун яна қолган уч асос, яъни фикрлар, туйғулар ҳамда қонунлар ислоҳ бўлиши билан жамият ислоҳ бўлади. Бошқача қилиб айтганда, жамиятда умумий урф тўғри бўлсагина жамият ислоҳ бўлади, масалан, мавзуга алоқадор бир мисол: ахлоқли инсонга нисбатан хавас қилиш, ахлоқсиз инсонга нисбатан нафратланиш бўйича умумий урф бўлсагина жамият ислоҳ бўлади. Ҳамма инсонларни ахлоқли қилиш маҳол, лекин урфни ислоҳ қилишни мақсад қилган жамоа учун урфларни ислоҳ қилиш муаммо эмас. Шунда ахлоқсиз инсонлар ҳам тўғри урфларга мослашади, урфларга қарши чиқиша олмайдилар. Демак, жамият ислоҳ бўлиши учун урфлар ислоҳ бўлиши керак.

Ахлоқларга нисбатан бўлган урфлар ислоҳ бўлиши учун аввало хулқни тўғри тушуниб олишимиз шарт, албатта. Шундагина хулққа нисбатан тўғри урфлар жамиятда ҳукумрон бўлади-да, икки дунёда зафарга эришамиз, иншоАллоҳ. Аксинча, урфлар бузуқ бўлса, масалан, бузуқи-ахлоқсизлар эл орасида ҳурматланадиган,  эъзозланадиган, уйнинг тўғрисида уларга жой бериладиган ҳатто улар жамиятда юқори-масъулиятли мансабларни эгаллайдиган урф ҳукумрон бўлса ҳамда гўзал хулқли инсонлар хорланадиган, масъулиятли мансаблардан четлатиладиган, жамиятдан қувғинликда бўлган, қамоқлар билан қўрқитиладиган, ҳатто ўлим билан таҳдид қилинадиган, хўрланишларга маҳкум бўлган, эл улардан нафратланадиган урфлар ҳукмрон экан, бундай жамият қалоқлик, тубанлик ботқоғига ботишда давом этаверади, ҳамда Охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар. Аллоҳ Таоло айтади:

قُلۡ سِیرُوا۟ فِی ٱلۡأَرۡضِ ثُمَّ ٱنظُرُوا۟ كَیۡفَ كَانَ عَـٰقِبَةُ ٱلۡمُكَذِّبِینَ

Сен: «Ер юзида сайр қилингиз, сўнгра (Пайғамбарларни) ёлғончи қилувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солингиз», деб айт. (Анъом сураси, 11-Оят)

Хулқни гўзал ёки хуник эканини фақат шариат тўғри белгилайди

Хулқнинг қандайлигини шариат белгилайди. Қайси бир хулқни шариат яхши деса, ўша яхши хулқдир. Қайси бирини ёмон деса, ўша ёмон хулқдир. Чунки хулқлар шариатнинг Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларнинг бир қисмидир. Шариат яхши хулқларга ундаб, ёмон хулқлардан қайтарган. Мусулмон киши, хусусан даъватчи шаръий ҳукмлар асосида гўзал хулқларга эга бўлиши лозим. Ёдимиздан кўтарилмасинки, хулқлар исломий ақида асосида барпо бўлиб, мўмин киши уларни Аллоҳнинг буйруқлари ва тақиқлари деган эътибор билан қабул қилмоғи керак. Масалан, ростгўйликни, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликни, омонатдорликни олайлик. Кофир уни одамлар ўртасида ишонч ҳосил қилиш ва шу билан нимагадир эришиш учун, бир сўз билан айтганда, моддий манфаат учун қабул қилади. Мўмин эса Аллоҳ шунга буюрган, деган эътибор билан қабул қилади. Бу икки қабул қилишнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

“Ислом – Аллоҳ Таоло саййидимиз Муҳаммад с.а.в. га инсоннинг яратган Яратувчиси билан, ўз шахсига нисбатан ва бошқа инсон фарзандлари билан бўладиган алоқаларини тартибга солиш учун нозил қилган дин – деб таъриф берилган. Инсоннинг ўз Яратувчиси билан бўладиган алоқаси ақида ва ибодатларни ўз ичига олади, ўз шахсига нисбатан бўладиган алоқаси ахлоқ, емак-ичмак ва кийиниш масалаларини ўз ичига олади, бошқа инсонлар билан бўладиган алоқалари эса муомалот ва жазо чораларини ўз ичига олади. Ислом инсоннинг барча муаммоларини ечимини берган, албатта, ахлоқларнинг ҳам яхшиси-ю, ёмонини тўла баён қилган, Аллоҳ Таоло айтади:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِّكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَىٰ لِلْمُسْلِمِينَ

Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик. (Наҳл сураси, 89)

Биз мўминлар, тўғри ечимларни фақат Аллоҳ Таоло билади, ҳар бир нарсага тўғри ҳукм чиқаради деб ишонганимиз билан кофирлардан фарқ қиламиз, Аллоҳ Таоло айтади:

 أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ ۚ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِّقَوْمٍ يُوقِنُونَ

Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Ишончи комил қавмлар учун Аллоҳдан ҳукми яхшироқ ким бор. (Моида сураси, 50-Оят)

Хулққа алоқадор ҳужжатлар:

  • Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар:

 ‎‫إن من خياركم أحسنكم اخلاقا‎

«Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир».

  • Наввос ибн Самъон ривоят қилади. «Пайғамбар с.а.в.дан «яхшилик ва гуноҳ ҳақида сўраган эдим, у киши

 ‎‫البر حسن الخلق والإثم ما حالك في صدرك وكرهت أن يطلع عليه الناس.

«Яхшилик гўзал хулқдир, гуноҳ эса ичингни ғаш қилиб, одамлар билиб қолишидан чўчиган ишингдир», дедилар». (Муслим)

  • Абу Дардодан ривоят қилинишича, Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар:

ما من شيء أثقل في ميزان المؤمن يوم القيامة من حسن الخلق، وإن الله يُبغض الفاحش البذيء

«Қиёмат кунида мўминнинг мезонида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ ахлоқсиз беномусни ёмон кўради». Бу ҳадисни Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳасан, деган. Уни ибн Ҳиббон ҳам ўзининг «Саҳиҳ»ида чиқарган.

  • Абу Хурайра ривоят қилади, Пайғамбар с.а.в.дан одамларни энг кўп жаннатга олиб кирадиган нарса хусусида сўрашганида:

‎‫تقوى الله وحسن الخلق‎

«Аллоҳдан тақво қилиш ва гўзал хулқ», деб жавоб бердилар. Одамларни энг кўп дўзахга олиб кирадиган варса хақида сўраганларида:

‎‫الفم والفرح‎

«Оғиз ва фарж (яъни, очкўзлик ва шаҳвоний ҳирс)» – деб жавоб бердилар. Бу ҳадисни Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ, деган. Уни ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида, Бухорий «ал-Адаб ал-муфрад»да, ибн Можа, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.

  • Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар:

لٱنا زعيمٌ ببيتِ في رَبَضِ الجنةِ لمَن تَرَكَ المِراءَ وإن كان مُحِقًّا ، وببيتِ في وسطِ الجنةِ لمَن تركَ الكذبَ وإن كان مازحًا ، وببيتٍ في أعلى الجنةِ لمَن حَسُنَ خُلُقُه

«Ҳақли бўла туриб, жанжал кўтармаган одам учун жаннатнинг қуйи қисмидан уй олишига, ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмаган одам учун жаннатнинг ўртасидан уй олишига, хулқи гўзал одам учун Жаннатнинг юқори қисмидан уй олишига мен кафилман». Абу Довуд ривояти. Нававий уни, саҳиҳ ҳадис деган.

  • Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар:

‎‫أكمل الْمُؤْمِينَ إيمانا أحسنهم خلقا، وخياركُمْ خَياركم لنسائهم.‎

«Мўминларнинг иймони комилроғи гўзал хулқ эгаларидир. Сизларнинг яхшинглар аёлларига яхшиларингиздир». Бу ҳадисни Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳасан, деган. Уни Аҳмад, Абу Довуд ва ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.

Бу борада Оиша, Абу Зарр, Жобир, Анас, Усома ибн Шарик, Муоз, Умайр ибн Қатода. Абу Саълаба Ҳашаний каби саҳоба р.а. лардан кўп ҳадислар ривоят қилинган. Бу ҳадисларнинг ҳаммаси ҳасан ҳадислар.(давоми бор).

Абу Мастур Ибн Муҳаммад

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here