Америка ва Европанинг Украинага ҳарбий ёрдамлари

181
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка ва Европанинг Украинага ҳарбий ёрдамлари

АҚШ Конгресси вакиллар палатаси 2024 йил 20 апрел куни Украинага 61 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатилишини маъқуллади. Россиянинг бир нечта нуқталарда ҳужум операцияларини кучайтирганидан кейин, фронтда эришган ютуқлари Демократлар партияси билан Республикачилар партиясининг келишувини тезлаштирди. Россия икки ой олдин Украинанинг Авдеевка шаҳрини эгаллаб олган эди. Яқинда эса, Донецкдан 30 км узоқликда жойлашган Новомихайловка қишлоғини босиб олди. Жанубий ва шарқий фронтлар кесишмасида жойлашган Угледар шаҳридан узоқ бўлмаган бу қишлоқни Россия икки ойдан бери босиб олишга уриниб келаётган эди. У Часов Ярнинг шимоли-шарқидаги Богдановкада ҳам ўз назоратини ўрнатди. Часов Яр Украина шарқидаги мустаҳкам ҳимояланган шаҳарлар устидан назорат ўрнатишга йўл очиши мумкин бўлган баланд ердаги стратегик шаҳарчадир. Шунинг учун Украинанинг урушда Россияга ютқазиши ҳақида огоҳлантиришлар бошланди. Киев бу борада кўплаб чақириқлар йўллади ва хавотир билдириб, Россия ҳужумларини қайтариш қийинлигидан шикоят қила бошлади.

Бу ёрдамлар Американинг Украина устидан гегемонлик қилишига қаратилган кредитлардан иборат бўлиб, бу кредитлар Америка иқтисодиётига фойда келтиради. Яъни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланган қонунга кўра, бу ёрдамнинг тахминан 23 миллиарди АҚШ арсеналларини қайта тиклаш учун сарфланади. 11 миллиарди эса, АҚШ қуролли кучларининг минтақадаги жорий ҳарбий опрерацияларини молиялаштириш учун ишлатилади. 14 миллиарди Украина қуролли кучлари учун қурол ва ҳарбий техника сотиб олишга сарфланади. Демак, 61 миллиард доллар жуда катта пул, аммо унинг ярмидан кўпроғини америкаликлар ўзларига сарфлашади. Айни пайтда Киев ёрдам пакети дея номланган маблағдан жуда оз миқдорини кредит шаклида, яъни вақтида тўламаса фоизи билан тўлайдиган судхўрлик қарзи шаклида олади.

Бир тадқиқотчи айтганидек, «Украинага номинал равишда ажратилган пулларнинг деярли барчаси Америка иқтисодиёти ва унинг саноат мажмуасида қолади. Америка қурол компаниялари Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш қонун лойиҳасидан фойда кўради. Уларнинг баҳоси ўн минглаб украиналикларни геосиёсий қирғинга юбориш бўлади».

Аммо украиналиклар уларни Америка ҳукмронлиги остига тушириб қўядиган бу қарзлардан Украинанинг Вашингтондаги элчиси Оксана Маркарова тилга олган эҳтимоллар билан қутулишга умид қилишмоқда. Оксана Маркарова шундай дейди: «АҚШ Вакиллар палатаси томонидан овозга қўйилган ҳужжат лойиҳаси 2024 йил 15 ноябрдан кейин қарзнинг 50 фоизигача бўлган қисмини ўчириб ташлашни кўзда тутади. Ҳар қандай бошқа сумма ҳам 2026 йил 1 январдан кейин ўчириб ташланиши мумкин. Яна бир ижобий жиҳат борки, Америка АҚШ президентига мусодара қилинган Россия активларини Украинага ўтказишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилиши ҳам мумкин». Аммо иккала эҳтимол ҳам ноаниқ. Шу боис, бу масала Украина учун хавфлилигича қолмоқда.

Агар ёрдам деб аталаётган Европа кредитларини ҳам қўшсак, Украина омон қолмайди. Чунки Европа Иттифоқи етакчилари 2024 йил феврал ойида Украина учун 2024-2027 йиллар оралиғида 50 миллиард евро миқдорида маблағ ажратишга келишишди. Ажратиладиган маблағларнинг учдан икки қисми оз фоизли кредитлар шаклида бўлади. Маблағларнинг 31 фоизи иқтисодий, молиявий ва гуманитар ёрдам, 27 фоизи ҳарбий ёрдам, 17 фоизи украиналик қочқинлар учун, тахминан 5,9 фоизи хайрия ва кредитлардир. Шундай қилиб, Европанинг ёрдами ўзи учун даромад бўлади. Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишель буни «Европа Иттифоқи манфаатлари, тинчлик ва барқарорлик йўлидаги сармоя», деб таърифлади. Европа Иттифоқи раҳбари Урсула фон дер Ляйен буни 2024 йил давомидаги «биринчи устувор вазифа» деб ҳисоблади. Улар Украинани Иттифоқ ва НАТО учун биринчи мудофаа чизиғи деб ҳисоблашди. Украиналиклар улар учун жанг қилиб, уруш оловида ёнмоқда, ғарбликлар эса, тинч омон даромад қилишмоқда.

Ғарбдаги фуқароларнинг аксарияти, хусусан, Германия аҳолисининг 61 фоизи Украинадаги уруш кўлами кенгайиб, ўз мамлакатларига таъсир қилишидан қўрқишмоқда. Шунингдек, сўлчи ва Социалистик партиялар 2024 йил 15 апрелда бўлиб ўтган йиғилишда урушни тўхтатишга ва Россия билан келишишга чақиришган. Германия парламентидаги Социал-Демократик партия блоки раҳбари Рольф Мутринич 2024 йил 15 мартда «урушни тўхтатиш ва уни тугатиш учун ҳаракат қилиш» ғоясини таклиф қилди. У Германия канцлери Шолцнинг Украинага узоқ масофали Таурус ракеталарини беришдан бош тортиш қарорини ҳимоя қилиб, коалициянинг бошқа аъзоларига, яъни Украинага ушбу ракеталарни етказиб бериш истагини билдирган Яшиллар партияси ва Либерал Демократик партияга ҳужум қилди. Яшиллар партияси аъзоси Германия ташқи ишлар вазири Алина Бербок бу ғоядан ва парламентнинг Украинани ракеталар билан таъминлашдан бош тортганидан норозилигини билдирди. Шунингдек, у Христиан Демократик партияси раҳбари Меретсга ҳам ҳужум қилди. Шолц ракеталарнинг етказиб берилиши Украинада немис аскарлари бўлишини талаб қилишини ва бу ҳақда гап бўлиши ҳам мумкин эмаслигини айтиб, ракеталарнинг етказиб берилмаслигини оқлади. Ушбу ракеталар Россия ичкарисидаги нишонларга, жумладан, Москва ва Петербурггача етиб боради. Бу эса можаронинг кучайишига олиб келади.

Германияда Меретс бошчилигидаги Яшиллар партияси, Либерал Демократик партия ва Христиан Демократик партия Россияга қарши Американинг сиёсати йўлидан боришни қўллаб-қувватлайди. Маълумки, Германия канцлери Шолц 2021 йилда Яшиллар ва Либераллар билан коалиция тузишга мажбур бўлган эди. Россия 2022 йилда Украинага бостириб кирганида Шолц улар (Яшиллар ва Либераллар) билан бирга юришга мажбур бўлди. Чунки Путин такаббурлик қилгани ва эгилувчан бўлмагани учун Германияда жамоатчилик фикри Россияга қарши бўлиб қолди. Шолц ва Россияга қарши урушга олов ёққан Британия Бош вазири Сунак 2024 йил 24 апрел куни Берлинда Украинани «нима бўлишидан қатъий назар» қўллаб-қувватлашга ваъда беришганини тасдиқлашди.

Урушни авж олдириб, унга олов ёқишга ҳаракат қилаётган Америка 2024 йил 25 апрел куни ташқи ишлар вазирлиги орқали жорий ойда узоқ масофага учувчи «ATACMS» ракета тизимини яширинча юборганини эълон қилди. АҚШ мудофаа вазири Остин 2024 йил 26 апрел куни шундай деди: «Путиннинг очиқ-ойдин тажовузи қаршисида Америка Украинани қўллаб-қувватлашдан асло чекинмайди… Украина Путиннинг оёқ кийими остига қуласа, Европа ҳам унинг сояси остига тушади».

Россия Кремл матбуот котиби Песков орқали қуйидагича жавоб қайтарди: «Америка бу можарога бевосита аралашди ва ўзининг қурол-яроғ тизимлари доирасини кенгайтиришга қаратилган йўлни тутди. Бироқ бу Украинадаги махсус операция натижасини асло ўзгартирмайди». Россия ташқи ишлар вазири Лавров 2024 йил 26 апрел куни шундай деди: «Ғарбга қарам бўлган Украина келажаги кўп жиҳатдан ноаниқ. Аксинча, фақат чинакам рус бўлган ва рус дунёсининг бир қисми бўлишни ҳоҳлайдиган, шунингдек, рус тилида гаплашишни ва фарзанндларини ўқиқитишни хоҳлайдиган Украина бўлади. Бу ерда ҳеч қандай альтернатива ҳақида гапиришга ўрин йўқ. Россия сайловчиларни қўрқитиш учун Ғарб даъво қилганидек, НАТО давлатларига ҳужум қилишни истамайди. Лекин агар улар НАТО чегарасини бизнинг чегарамизгача суришмоқчи бўлишса, биз, албатта, Украинада бунга қандай йўл қўймаслигимизни биламиз».

Иккала томон ҳам ўз позиция ва мақсадларида қатъий. Шунинг учун Украина инқирози чўзилиб, кучаяди ва уруш яқин ўртада тўхтамайди. Бу эса, исломий минтақада урушларни алангалатиши ва у ердаги жиноятчи режимларни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган руслар ва Ғарбни холдан тойдиради. Улар Ғазога қарши тажовузда яҳудий вужудини мутлақ қўллаб-қувватлашларини эълон қилишди. Аллоҳ Қудратли, интиқом Соҳибидир.

﴿وَكَذَٰلِكَ نُوَلِّي بَعۡضَ ٱلظَّٰلِمِينَ بَعۡضَۢا بِمَا كَانُواْ يَكۡسِبُونَ﴾

«Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз»                                                                                                              [Анъом 129]

Роя газетасининг 2024 йил 1 май чоршанба кунги 493-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here