Блинкеннинг Хитой сафари

2051
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Блинкеннинг Хитой сафари

Савол:

Хитойнинг халқаро янгиликлар телеканали «CGTN» 2023 йил 30 июнда қуйидаги хабарни тарқатди: (Хитой ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатларни икки томонлама муносабатлар бўйича масъулиятсиз баёнотлар бергани учун танқид қилди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен аввалроқ берган интервьюсида Америка ва Хитой ўртасида келишмовчиликлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмаслигини, Вашингтон ўз манфаатларини ҳимоя қилишда давом этишини, Хитойга ёқмайдиган ҳаракат ва баёнотларни ҳам давом эттиришини айтган эди. Шундан сўнг Хитой ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотларга эътироз билдирди). Маълумки, бир ҳафта олдин «Арабийя»да қуйидаги хабар тарқалганди: (Блинкеннинг Хитой сафари АҚШ молия вазираси Жанет Йелленнинг яқинда Хитойга қиладиган расмий сафари учун замин тайёрлаши тахмин қилинади. Шунингдек, савдо вазираси Жина Раймондо билан Байденнинг иқлим бўйича вакили Жон Керрилар ҳам Хитойга сафар қилиши кутилмоқда. Бунга қўшимча, Хитой президенти Си Цзиньпиннинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик анжуманида иштирок этиш учун ноябр ойида Сан-Францискога сафар қилиши ва у ерда Байден билан учрашиши эҳтимоли ҳам бор). Блинкеннинг 2023 йил 18-19 июн кунлари Хитойга қилган сафаридан сўнг, Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тинч муносабатларга айланиши, вазият яна кескинлашмаслиги кутилаётган эди! Саволим шуки, Блинкеннинг Хитой сафари самарасиз бўлдими ёки шунчалик расмиятчилик юзасидан уюштирилдими? Саволим чўзилиб кетгани учун маъзур тутинг. Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.

Жавоб:

Жавоб аниқ-тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни баён қиламиз:

Биринчи: Блинкеннинг Хитой сафари билан боғлиқ вазият:

  • АҚШ-Хитой ўртасидаги муносабатлар – энг камида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп томонидан олиб борилган савдо урушидан бери – анча таранг ҳолатда. Зеро, АҚШ ҳукумати Хитой билан бўладиган савдо ва унинг маҳсулотларига турли чекловлар қўйиб, баъзи Хитой товарларига юқори божлар киритган. Шунингдек, «Huawei» каби Хитой компаниялари ва уларнинг бош директорларига санкциялар жорий қилган. Бу сиёсат Байден ҳукумати томонидан бекор қилингани йўқ. Хитой ҳукумати ҳам худди шундай сиёсат билан жавоб берган. Мана шунинг ўзи икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескинлик келтириб чиқариш учун етарли.
  • Хитойликлар технология соҳасида мустақил бўлиш учун «Made in China 2025» режаси доирасида узоқ вақт иш олиб боришди. Қолаверса, америкаликларнинг «Huawei» ва бошқа Хитой компанияларига нисбатан муносабати кескинликни келтириб чиқарди. Бу эса Хитойни ўзининг кремний чипларини ишлаб чиқаришни режалаштиришга ундади. Америкалик таҳлилчилар «Хитойнинг 5-7 йил ичида чип саноатида мустақилликка эришиши»ни тахмин қилишяпти. Буларнинг барчаси икки давлат ўртасида тўқнашувга яқинроқ бўлган рақобатни келтириб чиқармоқда.
  • Ҳарбий ва хавфсизлик соҳасида айтадиган бўлсак, ўтган феврал ойида, АҚШнинг ҳаво ҳудудига Хитой жосуслигида гумон қилинган ҳаво шари учирилди. Гарчи Хитой буни инкор этган бўлса-да, лекин бу ҳолат Блинкеннинг ўтган феврал ойига мўлжалланган Пекин сафарининг бекор қилинишига сабаб бўлди… Кейин Хитой ҳарбий кемалари Тайван бўғозида манёврлар ўтказди. Америка эса Жанубий Хитой денгизини эркин халқаро сув, дея ҳисоблаган ҳолда, ўтган ой Тайван бўғозида ўзининг эскадрон мина ташувчи кемаси орқали манёвр қилиш билан бунга жавоб қайтарди. Ўтган ой Хитойнинг ҳарбий самолёти Америка самолётларига яқин масофада парвоз қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги вазият янада таранглашди… Блинкеннинг Хитой сафари шу сабабли амалга ошмай қолганди…
  • Америка Хитойни сиқувга олиш учун бир қанча ҳарбий ва хавфсизлик шартномаларини тузди. Байден маъмурияти айни йўналиш бўйича бир қатор сиёсатларни амалга оширди. Жумладан, ҳарбий жиҳатдан Хитойга қарши туришга қаратилган ташаббуслар, айниқса, Австралия ва Британия билан AUKUS мудофаа алянси ҳамда Австралия, Ҳиндистон ва Япония билан QUAD тўрт томонлама хавфсизлик диалоги каби. Бундан ташқари, НАТОнинг Осиёдаги ролини кенгайтиришга уринишлар ҳам бор. Америка Филиппин билан қўшимча бешта ҳарбий базадан фойдаланиш бўйича шартнома имзолаб, у ердаги базалар сонини тўққизтага етказди…

Иккинчи: Блинкеннинг Хитой сафарига келсак, бу расмиятчилик юзасидан бўлгани йўқ. Аксинча, ундан бир қанча мақсадлар кўзланган:

  • Аввалги ишлар сабабли келиб чиққан кескинликни юмшатишга уриниш. АҚШ давлат департаменти ушбу ташриф мақсадини тушунтириб баёнот берди. Баёнотда, айни сафардан икки давлат ўртасида ўзаро ҳамфикрликка эришиш учун алоқа линияси ва ҳарбийлар ўртасида алоқа каналини қайта очиш ҳамда икки давлат ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш кўзлангани қайд этилди. Баёнотдан кўриниб турибдики, Блинкен сафари маълум мақсадларга эришган, бироқ икки давлат ҳарбийлари ўртасида алоқа ўрнатишга эриша олмаган.
  • Шарқул Авсат газетаси 2023 йил 19 июнда бундай хабар чоп этди: (Хитой раҳбари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан бўлиб ўтган 35 дақиқалик учрашувидан сўнг ўзининг мамнунлигини ижобий сўзлар билан ифодалаган бўлса-да, бироқ Блинкен Вашингтон билан ҳарбий каналларни қайта очишдан Пекиннинг бош тортганини билдирди. Маълумки, бу масала президент Жо Байден маъмурияти учун устувор масала бўлиб, Блинкен сафарининг асосий мақсадларидан бири эди. Бироқ, Хитойнинг халқ мажлислари залида ўтказилган учрашув ҳар икки давлат ҳам ўзаро муносабатларнинг очиқдан-очиқ душманликка айланиб кетишини истамаётганидан ҳамда ўзларининг рақобатлари улкан хатарларни келтириб чиқаришини англаб етганликларидан далолат берарди).
  • Шарқул Авсат газетасида яна бундай қўшимча қилинди: (Хитойнинг юқори мартабали мулозимлари билан икки кунлик учрашувлардан сўнг Блинкен Қўшма Штатлар томонидан ушбу сафар учун аниқ мақсадлар қўйилганини ва уларга эришганини айтиб, ҳарбий муносабатлар масаласини «қайта-қайта» кўтарганини билдирди. Блинкен «Ўртамизда бундай алоқалар бўлиши жуда муҳим. Биз бу масала устида ишлашда давом этамиз», дея қўшимча қилди. Американинг айни саъй-ҳаракатлари 2021 йилда Хитой АҚШ мудофаа вазирлиги (Пентагон)нинг юқори даражадаги мулоқотлар ўтказиш бўйича ўндан ортиқ сўровларини рад этгандан сўнг бошланди. Шарқул Авсат газетаси, 2023 йил 19 июн).
  • Шундай қилиб, ҳал қилинмаган асосий масалалардан бири АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳарбий муносабатларни тиклаш бўлиб турибди. Икки давлатнинг юқори мартабали ҳарбий мулозимлари ўртасидаги алоқалар музлатилганича қолмоқда. Яқинда содир бўлган икки воқеа зиддиятли муносабатлар низога айланиб кетиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирди. Хитой яқинда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу ўртасида Сингапурда учрашув ўтказиш тўғрисидаги Американинг таклифини рад этди… Блинкен ўзининг йиғилишларида бундай каналларга бўлган эҳтиёжни «қайта-қайта» кўтарган бўлса-да, «бу борада тез олға силжиш бўлмаган»ини айтди. Кейин «Айни пайтда Хитой буни давом эттиришга рози эмас. Менимча, бу – устида ишлашни давом эттиришимиз керак бўлган муаммо… Айни каналларни қайта тиклашимиз жуда муҳим масала», дея қўшимча қилди. (Си-Эн-Эн, 2023 йил 19 июн).
  • Шубҳасиз, Блинкеннинг сафари бироз олдинга силжиди. Аммо унинг ўзи айтганидек, олдинга силжиш осон бўлгани йўқ. Блинкен Хитойни тарк этишдан олдин бундай деди: («Алоқалар қалтис нуқтада эди ва ҳар икки томон ҳам уни барқарорлаштириш устида ишлаш зарурлигини англаб етди… Бироқ тараққиётга эришиш осон эмас. Бу вақт талаб қилади. У биргина ташриф, биргина саёҳат ёки биргина суҳбат билан амалга ошмайди… Умид қиламанки, келажакда янада яхшироқ мулоқот ва ҳамкорлик бўлади…». АҚШ расмийлари катта ютуқ бўлиши эҳтимолини жуда ҳам паст санашаётган эди. Лекин улар Блинкен сафари кўпроқ икки томонлама учрашувларга, жумладан, молия вазираси Жанет Йеллен ва савдо вазираси Жина Раймондоларнинг келгуси ойлардаги эҳтимолли сафарларига йўл очиб беради, деган умиддалар. Шунингдек, йил охирида Си Цзиньпин ва Байден ўртасидаги саммитга ҳам йўл очади, дея умид қилинаётган эди. Рейтер, 2023 йил 20 июн).
  • Украина уруши масаласига келсак, Ал-Жазира нет қуйидаги хабарни нашр қилди: (Блинкен Хитойнинг Украинада доимий тинчлик ўрнатиш ҳақидаги таклифларини олқишлаб, Хитой Россияга Украина урушида ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаганини таъкидлади, деди. Бироқ, у «Бу ишга Хитой компанияларининг аралашуви»дан хавотирда эканини билдирди. Ал-Жазира нет, 2023 йил 19 июн). Блинкенга кўра, (Хитой Россияга асло ҳалокатли ёрдамларни кўрсатмаслигига АҚШ ва бошқа давлатларни ишонтирган. «Биз бунинг аксини тасдиқловчи далилларни кўрмадик», дея таъкидлаган Блинкен, Хитой томонидан берилган кафолатлар сўнгги ҳафталарда такрорланган баёнотларга мос келишини билдирди. Си-Эн-Эн, 2023 йил 19 июн).
  • Тайван масаласига келсак, Шарқул Авсат газетаси хабарига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири (Тайван масаласидаги ҳамда сўнгги йилларда Вашингтон билан оролдаги мустақиллик тарафдори бўлган Тайван ҳукумати ўртасида давом этаётган яқинлашув борасидаги ўз мамлакати позициясини яна бир бор таъкидлади. Вазирликка кўра, Цинь Ган «Тайван масаласи Хитойнинг асосий манфаатлари марказида бўлиб, Хитой-АҚШ муносабатларидаги энг муҳим масала ва энг катта хавф ҳисобланади», деб айтди. У яна «Хитой Қўшма Штатларни ягона Хитой принципини ҳурмат қилишга», яъни Тайван билан расмий муносабатлар ўрнатмасликка ҳамда «Тайван сепаратистларини қўллаб-қувватламаслик борасидаги мажбуриятларига риоя қилишга чақиради», дея таъкидлади. Ўз навбатида, Хитойнинг ташқи ишлар масалалари бўйича бош расмийси Ван И АҚШ ташқи ишлар вазирига ўзининг мамлакати Тайван масаласида ҳеч қандай ён бермаслигини алоҳида урғулаб ўтди. Шарқул Авсат, 2023 йил 19 июн). Блинкен ҳам ўз мамлакати Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини ва муаммонинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдори эканини таъкидлаб, Хитой билан бўладиган келишув «Тайван билан боғлиқ ҳар қандай низоларни тинч йўл билан ҳал этишга асосланган бўлиб, биз ягона Хитой принципини қўллаб-қувватлаймиз», деди. Ал-Жазира нет, 2023 йил 19 июн). Би-Би-Си веб-сайтига кўра, (Блинкен Хитойнинг Тайван бўғозидаги «провокацион ҳаракатлари»дан хавотир билдирса-да, аммо Қўшма Штатларнинг Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини яна бир бор таъкидлади. Ҳар куни тижорат контейнерларининг 50 фоизи Тайвань бўғози орқали ўтишига, ярим ўтказгичлар (semi conductor)нинг 70 фоизи Тайванда ишлаб чиқарилишига эътибор қаратган Блинкен, агар Тайвань устида инқироз юзага келса, бу нарса «бутун дунёга таъсир қилиши мумкин бўлган иқтисодий кризисга олиб келиши» мумкин деб айтди… Би-Би-Си, 2023 йил 19 июн).

Учинчи: буларнинг барчасидан қуйидагилар аён бўлади:

  • АҚШнинг Тайванга нисбатан позициясида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Зеро, Қўшма Штатлар Тайван мустақиллигини тан олмаган. (Маълумки, 15га яқин мамлакат Тайван мустақиллигини расман тан олган бўлиб, уларнинг орасида Ватикан ҳам бор). Америка Қўшма Штатлари Тайван мустақиллигини расман тан олмаган бўлса-да, бироқ Тайванга мустақил давлат сифатида қарайди. Буни Тайбэйда Америка элчихонаси сифатида фаолият юритувчи Америка идорасининг мавжудлиги ҳамда Тайван билан мудофаа шартномаларини имзолаб, уни турли замонавий қуроллар ва бошқа ёрдамлар билан таъминлаб келиши ҳам тасдиқлаб турибди. Хитойдан Тайванга ҳарбий ҳужум бўлса, Америка уни ҳимоя қилишини билдирган. АҚШ президенти Байден ўтган йилнинг май ойида (Хитой Тайван масаласида ўт билан ўйнашяпти, дея огоҳлантириб, агар Тайван ҳужумга учраган тақдирда, оролни ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлашга ваъда берган эди. Би-Би-Си, 2022 йил 23 май).
  • Блинкеннинг ушбу Хитой сафари ҳамда унинг «натижалари» икки давлат ўртасидаги вазиятни тинчлантириш учун етарли бўлмаса-да, аммо вақтинчалик тинчлик эшигини очиши ва навбатдаги сафарлар учун дебоча бўлиши мумкин. Саволда таъкидланганидек, (Блинкеннинг Хитой сафари АҚШ молия вазираси Жанет Йелленнинг яқинда Хитойга қиладиган расмий сафари учун замин тайёрлаши тахмин қилинади. Шунингдек, савдо вазираси Жина Раймондо билан Байденнинг иқлим бўйича вакили Жон Керрилар ҳам Хитойга сафар қилиши кутилмоқда. Зеро, уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳамкорликнинг муштарак манфаатлари йўлида Хитой ва АҚШни боғлайдиган масалалар бўйича масъул ҳисобланади. Бунга қўшимча, Хитой президенти Си Цзиньпиннинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик анжуманида иштирок этиш учун ноябр ойида Сан-Францискога сафар қилиши ва у ерда Байден билан учрашиши эҳтимоли ҳам бор). Лекин бу дегани икки давлат ўртасидаги кескинлик эшиги ёпилди ва доимий осойишталикнинг янги эшиги очилди, дегани эмас. Бу уларнинг манфаатлари ҳар хил бўлгани учун эҳтимолдан узоқ нарса. Гап шундаки, Американинг Япония, Жанубий Корея ва Филиппин каби Хитой атрофидаги иттифоқчилари, кейин Тайван масаласи бор. Буларнинг барчаси кескинлик эшикларининг ёпилишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун икки давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таранглик эшиги қайта ланг очилиши учун қия қолдирилади.
  • Бироқ, Блинкен сафарининг амалга ошмаган муҳим мақсадларидан бири шуки, Америка Хитой ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида жосусликка ўхшаш мақсадларда алоқа каналини очмоқчи бўлди! Афтидан, Хитой буни англаб етиб, бундай канал очишни кескин рад этди. Бу эса Блинкеннинг ғазабини қўзғади… Гарчи у буни очиқ-ойдин кўрсатмаса ҳам, лекин юқорида тушунтирганимиздек, унинг сўзларидан, гапларидан билиниб турди. Мен буни қуйида яна бир бор келтириб ўтаман:
    • (Хитой раҳбари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан бўлиб ўтган 35 дақиқалик учрашувидан сўнг ўзининг мамнунлигини ижобий сўзлар билан ифодалаган бўлса-да, бироқ Блинкен Вашингтон билан ҳарбий каналларни қайта очишдан Пекиннинг бош тортганини билдирди. Маълумки, бу масала президент Жо Байден маъмурияти учун устувор масала бўлиб, Блинкен сафарининг асосий мақсадларидан бири эди).
    • (Хитойнинг юқори мартабали мулозимлари билан икки кунлик учрашувлардан сўнг Блинкен Қўшма Штатлар томонидан ушбу сафар учун аниқ мақсадлар қўйилганини ва уларга эришганини айтиб, ҳарбий муносабатлар масаласини «қайта-қайта» кўтарганини билдирди. Блинкен «Ўртамизда бундай алоқалар бўлиши жуда муҳим. Биз бу масала устида ишлашда давом этамиз», дея қўшимча қилди).
    • (Яқинда содир бўлган икки воқеа зиддиятли муносабатлар низога айланиб кетиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирди. Хитой яқинда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу ўртасида Сингапурда учрашув ўтказиш тўғрисидаги Американинг таклифини рад этди… Блинкен ўзининг йиғилишларида бундай каналларга бўлган эҳтиёжни «қайта-қайта» кўтарган бўлса-да, «бу борада тез олға силжиш бўлмаган»ини айтди. Кейин «Айни пайтда Хитой буни давом эттиришга рози эмас. Менимча, бу – устида ишлашни давом эттиришимиз керак бўлган муаммо… Айни каналларни қайта тиклашимиз жуда муҳим масала», дея қўшимча қилди).
  • Эҳтимол, Хитойнинг бу позициялари Блинкеннинг хаёлида сақланиб қолган кўринади. Чунки у ҳарбий алоқаларни ўрната олмади. Саволда келганидек, балки мана шунинг учун ҳам ўзининг сўнгги баёнотларини берган… Бундан ташқари, Сабаъ веб-сайтида ҳам 2023 йил 29 июнда бундай хабар нашр қилинди: (Хитойнинг Синхуа ахборот агентлиги Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мао Ниннинг АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнотига жавобан айтган гапларидан иқтибос келтирди. Мао Нин «Қўшма Штатлар билан Хитой ўртасида келишмовчиликлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас», деди. Сўнг «Қўшма Штатлар томонидан айтилган сўзлар ва қилинган хатти-ҳаракатлар халқаро муносабатларни тартибга солувчи асосий қоидаларни бузди», дея қўшимча қилиб, ўз мамлакатининг бу нарсага қарши эканини таъкидлади…).

Аллоҳ Азза ва Жалла ҳаққи рост сўзлаган:

﴿وَكَذَلِكَ نُوَلِّي بَعْضَ الظَّالِمِينَ بَعْضًا بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ﴾

«Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз»                                                                                                              [Анъом 129]

Яна бундай дейди:

﴿وَالْكَافِرُونَ هُمُ الظَّالِمُون﴾

«Кофирлар фақат зулм қилувчилардир»                                                              [Бақара 254]

 

                                                                                                           

 15 зулҳижжа 1444ҳ

                                                                                                                       

3 июл 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here