Депутатлар Атамбаев ва Жээнбековни “сўроққа” чақиришмоқчи

645
0

Депутатлар Атамбаев ва Жээнбековни сўроққа чақиришмоқчи

 “Knews”нинг хабар қилишича, 16 май куни Жогорку Кенеш Бишкек ИЭСда рўй берган авария сабабларини ўрганиш бўйича депутатлик комиссияси хулосасини, шунингдек, уни модернизация қилиш учун ажратилган кредитнинг сарфланиши ҳолатини муҳокама қилишни давом эттирди.

 ҚСДП фракциясидан депутат Рискелди Момбеков ЖК депутатлари олдига ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳамда давлатнинг амалдаги раҳбари Сооронбай Жээнбековни “сўроққа” чақиришни таклиф қилди.

 “Халқ ким кредит пулларини ўзига олиб қолганини кўрмоқда. Биз ҳукуматни айбламоқдамиз, бу ерда эса, бизнинг орамизда коррупцияга алоқадорлар ўтирибди, масалан, Қодирқулов ва Муратбеков. Депутатлар орасида жуда бойлари бор, уларнинг ўзи ўнта ИЭСни қуриши мумкин. Биз кимнинг пули қаердан келганини жуда яхши биламиз”, – деди у.

 Унинг қўшимча қилишича, ИЭСдаги аварияда одамлар ҳақиқатни билиб олишди. “Насосга раҳмат, унга орден бериш керак. Айнан у туфайли биз авария ҳақида билдик”, – деган Момбеков.

 Шу билан бирга, унинг ҳамкасби, ҚСДП фракциясидан депутат Асал Кодуранованинг маълум қилишича, ИЭСдаги вазиятга Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни айбдор қилиб қўйишмоқчидек тасаввур уйғонмоқда. У Момбековни қўллаб-қувватлаб, ЖК йиғилишига ҚР президенти Жээнбеков ва Атамбоевни таклиф қилишни сўради.

 “Атамбаевнинг айби нимада? У грантлар ва кредитларни жалб қилганидами? Унда ҳозирги президент Сооронбай Жээнбеков янги грантларни жалб қилиш ва йўлларни қуришдан олдин бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриши керак, у ҳам кейин бунга жавоб беради. Жээнбеков ва Атамбаевдан буни сўрашга қурбингиз етадими? Депутатлар ўзини бундай тутиши нотўғри. Хитой эртага қандайдир баёнот берсачи? Бишкекдаги йўлларни грант ҳисобидан қураётганимиз маълум қилинади. Ким биз билан ишлашни хоҳлайди? Бир томонлама фикр бўлмаслиги учун ИЭСнинг модернизациясига алоқадор бўлган барчадан сўраш керак”, – дея айтиб ўтди у.

 Собиқ бош вазир Сапар Исаков депутатларнинг саволларига жавоб қайтариб, Атамбаев босим ўтказмагани ва бир компания манфаатларини илгари сурмаганини бир неча марта такрорлаб ўтди.

 Исаковнинг сўзларига кўра, Атамбаев фақат ИЭС модернизацияси бўйича ишларни ўзига олмоқчи бўлган компанияга оид таклифларни кўриб чиқишни сўраган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here