Британияда чиқадиган «Sunday Times» газетасида собиқ бош вазир Тони Блэрнинг мақоласи чоп этилди. Мақолада у «Исломий Давлат» ташкилотига нисбатан қилинадиган муомалада янги стратегия ишлаб чиқишга чақирган. Блэрга кўра, бугун дунё юз тутаётган ҳақиқий хавф зўравонлик эмас, балки шу зўравонликка сабаб бўлаётган экстремистик идеологиядир. У – айнан мана шу реал муаммо билан шуғулланмаслик «терроризмни йўқ қилишдаги барча саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятсизликка юз тутиши»ни англатади, дея гапини давом эттирди.
Блэр «Биз исломни рад этиш ҳолатида яшамоқдамиз» номли мақоласида «кўпчилик мусулмонлар эргашаётган тинчликпарвар ислом таълимотлари билан асл ақидадан тойган исломий экстремизм ўртасини фарқлаш лозим»лигини таъкидлади.
Бироқ собиқ бош вазир «ислом дунёсидаги ҳодисаларни рад этиш ҳолати»га чек қўйиш лозимлигини айтди. У «Сўнгги эллик йил ислом дунёсидаги кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлди. Ўз навбатида, бу ўзгаришлар ушбу диннинг давлат ва сиёсатдаги ролига, бошқа динлар олдидаги позициясига нисбатан кўз-қарашларни ўзгартириб юборди. Бу эса янги дунё принципларига мутлақо зид ўзгаришлардир», дея қўшимча қилди.
Тони Блэрга кўра, исломий экстремизмга ҳамда ақида номидан содир этилаётган зўравонликларга жавобгар бўлган бундай исломийликка қарши туриш лозим.
Муаллиф экстремизм ва унинг оқибатларига қарши туриш йўлларини изоҳлар экан, буни дунё давлатлари ўртасидаги разведка ҳамкорлигини яхшилаш орқали амалга ошириш кераклигини, бу эса баъзи ҳолларда айни ҳамкорликни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий чекловларни четлаб ўтишни талаб қилаётганини билдирди. (Би-Би-Си арабий).
Роя газетаси шарҳи:
Тони Блэр сўзларини диққат билан кузатган киши шуни гувоҳи бўладики, Блэр наздида асл масала Исломий Давлат ташкилотига қарши туриш эмас, балки у айтган «зўравонлик амалиётларига сабаб бўлаётган экстремистик идеология»дир. У «экстремистик идеология» деб, Исломга ҳаётнинг барча соҳасини ўз ичига олган мабда сифатида қарашни, яъни одамлар ишларини бошқариш ҳам Исломга мувофиқ бўлиши керак, шунингдек бошқа ақидалар, сақофатлар ва динлар устидан ҳукм чиқаришда ҳам мана шу Ислом мабдаси миқёс қилиб олиниши лозим, деган кўз-қарашни назарда тутяпти. Бу нарсани исботлашга унинг «Сўнгги эллик йил ислом дунёсидаги кўп ўзгаришларга гувоҳ бўлди. Ўз навбатида, бу ўзгаришлар ушбу диннинг давлат ва сиёсатдаги ролига, бошқа динлар олдидаги позициясига нисбатан кўз-қарашларни ўзгартириб юборди. Бу эса янги дунё принципларига мутлақо зид ўзгаришлардир», дея айтган сўзлари кифоя қилади. Демак, Тони Блэр асл муаммо деб, Исломнинг ролини, унинг сиёсат билан боғлиқлигини назарда тутяпти. Яъни Ислом аҳкомларининг Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатида татбиқ этилиши, инсонлар ишлари Ислом билан бошқарилиши Блэр учун реал муаммодир. Унинг бу сўзларига Австрия канцлери Вернер Файманнинг мана бу баёноти мос келади. У «Die Presse» газетасининг ўтган якшанба кунги сонида бундай деди: «Ислом дини муаммо эмас, балки мана шу динни бузаётган экстремистлар муаммодир». Кейин «дин ҳар бир инсонга хос нарса. Дин сиёсатда қандайдир рол ўйнаган пайтда, ижтимоий демократия доим қаттиқ танқидларга нишон бўлади», дея қўшимча қилди. У «Исломий томондаги радикал кучларни назорат қилиб бориш зарур»лигига эътиборни қаратди. Файман шунингдек, «Европадаги ижтимоий демократия динга амал қилиб, уни маҳкам ушлаган киши билан дин ва сиёсат ўртасини боғловчи кишини ажратади», дея таъкидлаб, «Динни сиёсат билан боғлаш эркинликка ҳам, демократияга ҳам алоқаси йўқ»лигига ҳам эътиборни қаратди.
Роя газетасининг 2016 йил 30 март чоршанба кунги 71-сонидан