Ўзбекистон ҳукумати имомларга босим ўтказмоқда

51
0

Ўзбекистон ҳукумати имомларга босим ўтказмоқда

Ўтган август ойида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Наманган шаҳрида кўриниши ҳам, мазмуни ҳам, заррача иймони бор кишининг қонини қайнатадиган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳукумат вакиллари тарафидан барча маҳаллий имомларнинг аёллари чақиртирилиб, уларга қандай рўмол ўраш кераклиги “уқтирилди”. Шунингдек аёлларга рўмолни “арабча тарзда” боғлаш ман этилганлиги ва улар рўмолни фақат “анъанавий маҳаллий” усулда, яъни орқа томондан боғлашлари лозимлиги таъкидланди. Акс ҳолда масжидда имомлик қилаётган эрлари ишсиз қолиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўлими бошлиғининг ёрдамчиси Сайёра Исоқова кўрсатма берди. Журналистлар қўлга киритган аудиоёзувга кўра, Исоқова: агар “ножўя” рўмол ўраган имомнинг аёли ички ишлар органларининг қўлига тушиб қолса, унинг эрини ҳеч ким қутқариб қола олмаслигини айтган. Бундай баёнотлар сўнгги йилларда диний доирага қилинаётган босимнинг янги усулига айланди. Давлат мулозимлари мулоқот орқали эмас, балки қўрқитиш ва шантаж орқали ўз ифлос мақсадларига эришмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳижобга тўғридан-тўғри тақиқ йўқ. Бироқ, мулозимлар қонунни ўзларича талқин қилиб, аёлларнинг диний эътиқодига зид бўлган талабларни қўйиш учун маъмурий жазо кодексдаги “шахснинг юзини таниб олишга тўсқинлик қилувчи кийим”га оид моддадан баҳона сифатида фойдаланмоқда. Аслида, рўмолни “арабча эмас, ўзбекча” қилиб ўраш талабидан урф-одатларни сақлаб қолиш мақсад қилинган эмас, аксинча, бу Исломий кўринишларни таъқиқлашга уринишдир!

Босим нафақат аёлларга, балки имомларнинг ўзларига ҳам қаратилди. Ҳатто узоқ вақтдан бери ҳокимиятга содиқ бўлган ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий бўлинмаси таркибига кирган имомлар ҳам ички “тозалашлар” нишонига айланди. Маҳаллий уламоларнинг айтишича, сўнгги икки йил ичида вилоят ҳайъати раҳбари Мусахон Аббосиддинов 40дан ортиқ имом-хатибни ишдан бўшатган. Сабаблари хилма-хил бўлса-да, асосий омил уларнинг “нотўғри” позицияси ёки маъмурият кўрсатмаларига риоя қилишдан бош тортиши бўлган. Улардан бири рафиқаси ҳижоб ўрагани, иккинчиси ҳокимиятга “садоқатсизлиги”, учинчиси эса мулозимлар билан келишмовчилиги ва ҳоказолар сабабли ишдан бўшатилган.

Қонунга кўра диний ишлар конституция билан тартибга солиниши керак. Давлатнинг “дунёвий”лиги ва виждон эркинлиги конституцияда кафолатланган. Бироқ, амалда гап дунёвийлик ҳақида эмас, балки борган сари кучайиб бораётган агрессив назорат ҳақида бормоқда. Мусулмонлар идораси ҳар ҳафта масжидларга бир хил нусхада жума хутбасини тарқатади ва унга ўзгартириш киритишни тақиқлайди. Ҳукумат улардан “тўғри эътиқод”ни эмас, “тўғридан-тўғри итоат қилишни” талаб қилмоқда. Шунинг учун, таҳлилчиларга кўра, ҳижобга қарши кампания имомларнинг аёлларидан бошланган. Давлатга “ўрнак бўладиган намуналар” керак. Имомнинг аёли ҳижобсиз юришидан, “демак бу жоиз, бошқа аёллар шундай қилишлари керак ”, деган фикрни тарқатиш мақсад қилинган.

Журналистлар таъкидлаганидек, ҳукумат Фарғона водийсида узоқ йиллардан буён ҳижобга қарши кураш олиб бораётганига қарамай, аёлларни ҳижобдан воз кечишга мажбур қила олмади. Шу боис, давлат мутасаддилари янги услубга ўтишга мажбур бўлиб, имомларнинг аёллари орқали “ўрнак кўрсатиш” мақсадида “жамоий босим” тактикасини қўлламоқда. Агар ҳурматли имомнинг, Қуръонни яхши биладиган диний раҳбарнинг аёли кўчага ҳижобсиз чиқса, бу “оддий ҳол” ҳисобланади. Натижада қолганлар ҳам шунга эргашишлари керак бўлади. Бу шунчаки маъмурий чора эмас, балки расмий равишда давлатга хизмат қилаётган мусулмонларнинг қўли билан олиб борилаётган деисломизация кампаниясининг белгисидир.

Давлат томонидан фойдаланилиб, кейин  қурбон қилинган дин пешволари ҳақида тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзбекистонда 2020 йилларнинг бошида либераллаштиришга уринишлар бўлган бўлса-да, бугун биз унга зид жараёнга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ислом Каримов даврини эслатувчи – цензура, кузатув, ишдан бўшатиш, қўрқитиш, оилаларни “қайта тарбиялаш” усуллари яна қайтиб келмоқда.

Хусусан, ўзбек жамиятидаги диндорлик даражаси юқори эканини ҳисобга олсак, бу хавфли кўриниш ҳисобланади. Фарғона водийси мамлакатда диндорлар кўп истиқомат қиладиган ҳудудлардан биридир. Бу ерда диний ва маданий меъёрларни маъмурий усул билан ўрнатиш провокация ҳисобланиб, эътиқодли мусулмонлар билан давлат ўртасида тафовут яратиши мумкин. Бу шунчаки қонун бузилиши эмас, балки жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига таҳдид ҳамдир.

Сиртдан қараганда, гап “рўмол масаласи” ҳақида кетаётгандек кўриниши мумкин, бироқ аслида гап мусулмоннинг ўз эътиқодига кўра яшаш ҳуқуқи ҳақида кетмоқда. Яъни, гап имомнинг мулозимларга эмас, ўз эътиқодига кўра Аллоҳга ва Унинг шариатига итоат қилиши сабабли ишдан ҳайдалиш хавфи остида қолиши ҳамда бир муслиманинг эрининг тақдиридан қатъий назар, ўз эътиқоди асосида бурчларини бажариш ҳуқуқи ҳақида кетмоқда.

Яна шуни ҳам унутмаслик лозимки, бу чора-тадбирлар имомларнинг аёллари орқали мусулмонларнинг диндорлигини зимдан назорат қилишга уринишдир! Бу чоралар аввалги сиёсий босимнинг давоми ҳисобланади. Қонун бўйича чекловлар натижа бермагач, “норасмий” учрашувлар, суҳбатлар, кўрсатмалар, таҳдидлар ва маъмурий босим ўтказиш усулларига ўтилди. Бу расман қонунийликни сақлаётгандек кўринса-да, аслида эркинликни чеклашга қаратилгандир.

Бу ҳолат Исломнинг жамият орасида янада кучайиб бораётганидан далолат беради. Бу эса ҳокимият учун “таҳдид” туғдирмоқда. Чунки “диний ўзлик” ҳукумат томонидан ўрнатилган хулқ-атвор моделлари билан тўқнаш келмоқда. Исломий жамиятнинг ҳамдамлиги ва бирлиги ҳамда мусулмонларнинг ижтимоий эркинлиги расмийларни тобора хавотирга солмоқда.

Исломга қарши олиб борилаётган кампания имомлардан бошланган бўлсада, бу ҳали охиргиси эмас. Бу чора-тадбирлар расмийларнинг асл ниятларини кўрсатмоқда. Агар вазият шундай давом этса, кейинги қадамлар янада кескинроқ бўлиши, ҳатто қонун чегарасидан ҳам чиқиб кетиши мумкин. Ҳокимият жамиятга янги меъёрларни ўрнатиш воситаси сифатида имомлардан фойдаланишни кўзламоқда. Бироқ, бу қадамлар халқ орасида ҳокимиятга бўлган ишончнинг пасайишига ва норозиликнинг кучайишига олиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳукумати мавжуд назоратдан қониқмай, диний ўзликка қарши ҳужумларини давом эттирмоқда, шахсий ҳаётга ва эътиқодий масалаларга чуқур аралашмоқда. Кураш экстремизм, қонунбузарликка қарши эмас, балки Исломни ҳаёт тарзи сифатида қабул қилганларнинг хоҳиш-иродасига қарши олиб борилмоқда. Тарих шуни кўрсатадики, динга бўлган босим ҳеч қачон жавобсиз қолмаган. Босим қанчалик кучли бўлса, иймон-эътиқод ҳам шунчалик кучли бўлиб бораверади. Оқибатда ҳукумат ва жамият ўртасида жарлик пайдо бўлади ва халқнинг ҳукуматга ишончи йўқолади. Аллоҳ Таоло айтади:

يُرِيدُونَ أَن يُطْفِؤُواْ نُورَ اللّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَيَأْبَى اللّهُ إِلاَّ أَن يُتِمَّ نُورَهُ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ ﴿٣٢﴾

“Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. (Тавба: 32).

Ҳужжат Жамия

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here