Қирғизистон сиёсати Хитойга таянадими?

7
0

Қирғизистон сиёсати Хитойга таянадими?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 4 феврал куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин таклифига биноан давлат ташрифи билан Хитойга жўнаб кетди. Давлат ташрифи 7 февралга қадар давом этади, деб хабар қилди Президент матбуот хизмати.

Жапаров сафар олдидан Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлигига интервю бериб, икки давлат ўртасидаги ривожланиб бораётган муносабатлар ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, Хитой билан товар айирбошлаш 2024 йилда 22 миллиард доллардан ошган. Бу аввалги йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир. Шундан 91 фоизи импортдан, 9 фоизи эса, экспортдан иборатдир. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишининг бошланиши давлатлар ўртасидаги сиёсий ишончнинг юксаклигини тасдиқлайди. Шунингдек, Қирғизистон-Хитой чегарасида “Торугарт” ва “Эркечтом” назорат-ўтказиш пунктларидан ташқари “Бедел” назорат-ўтказиш пункти ҳам ишга туширилиб, савдо алоқаларининг янада ривожланишига замин ҳозирламоқда. Қирғизистон божхонаси назорат-ўтказиш пунктларининг иш режимини 2024 йил мартидан бошлаб 24/7 режимига ўтказган. Бундан ташқари, яқин вақт ичида “Барскоон-Учтурфон-Оқсу” автомобил йўли қурилади. Қирғизистон эса, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Низоми тамойиллари ва қоидаларига қатъий амал қилади.

Изоҳ:

Маълумки, Қирғизистон ҳукумати 2023 йилда Хитой билан “Барчасини ўз ичига олган кенг қамровли стратегик ҳамкорлик” тўғрисидаги битимни имзолаган эди.

Сиёсий жиҳатдан:

Ўшандан буён икки давлат президентлари турли форматда уч марта учрашди. Бош вазир, Бош вазир ўринбосари, Парламент Спикери даражасида қатор расмий ташрифлар ташкил этилди. Хитой фуқароларининг Қирғизистонга кириши учун 21 кунлик визасиз режим жорий этилди. Тинимсиз давом этаётган бу учрашувлар Хитойнинг Қирғизисдаги сиёсий таъсири ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса Россия Украина ва унинг ички сиёсий инқирозлари билан овора экан, мамлакат расмийлари учун бу қулай фурсат ҳисобланади.

Иқтисодий жиҳатдан:

Икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари ортиб, бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Масалан, давлат ичида Қирғизистон-Хитой автомобил йиғиш заводи ва чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қуришга ҳамда Иссиқкўлда 400 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилишининг биринчи босқичини ва Иссиқкўл айланма йўлини реконструкция қилишга, шунингдек Орто-Токой кичик ГЭС қурилишига старт берилди. 30 август куни “Жунда” заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Норин, Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятларидаги олтита йирик кўмир конлари ишлатиш учун Хитой компанияларига топширилди. “Иркештам” чегара пости яқинида кўмир йиғиш ва Хитойга жўнатиш учун савдо-логистика майдончаси, кўмир лентали конвеер ва кўмир омборлари қурилмоқда.

Бундан ташқари, ўнлаб йиллардан буён айтиб келинаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига 2024 йил 27 декабрда старт берилди. Агар темир йўл қурилиб, фойдаланишга топширилса, бу Хитой таъсирини кучайтирувчи яна бир омил бўлади. Чунки темир йўлни қурадиган компаниянинг 51 фоизи Хитойга тегишли бўлса, қолган 49 фоизи 24,5 фоиздан Қирғизистон ва Ўзбекистонга тегишлидир. Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланган. Бундан ташқари, Хитой компанияларига тегишли қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, Хитой компаниялари иштирокида ва назорати остида қўшма корхоналар ташкил этилди. Бу корхоналар Манас шаҳри, “Атбоши” халқаро савдо-логистика маркази каби йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳозирда Қирғизистонда Хитойнинг жами 300дан ортиқ корхонаси, шунингдек, 200га яқин Қирғизистон-Хитой қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Тоғ-кон саноати корхоналарининг 80 фоизи Хитой компанияларига тегишли. Бундан ташқари, темир йўл лойиҳаси доирасида Жетим-Тоо темир кони ва Қизил-Омпол титан кони каби бир қатор стратегик фойдали қазилмалар қазиб олинади. Мазкур табиий ресурслар хомашё сифатида ва қайта ишланган ҳолда Хитойга экспорт қилинади. Барскоондан Уч-Турпон ва Оқ-сувга ўтиш имконини берадиган Бедел довони ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Буни истеъфодаги Бош вазир Оқилбек Жапаровнинг Хитойдаги йирик титан қазиб олувчи компания билан “Қизил-Омпол”нинг титанини қайта ишлаш бўйича олиб борилган музокаралари ҳам тасдиқлайди. Қирғизистоннинг Хитойдан олган қарзи эса, 4,5 миллиард долларлик умумий ташқи қарзининг учдан бир қисмини (36%) ташкил қилади. Шундай экан, президент ўз лавозимига киришганида айтганидек, табиий ресурслар ташқи қарзни тўлаш учун ишлатилиши ҳам мумкин.

Сақофий жиҳатдан:

Сўнгги йилларда Пекин Қирғизистоннинг таълим-тарбия соҳасига ҳам эътиборни кучайтира бошлади. Хитой тили ва маданиятини тарғиб қилиш ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Тўртта Конфуций институти бор, Бишкек, Ўш ва Жалолободда 20дан ортиқ Конфуций синфлари мавжуд. Уларда 10 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Хитойдаги университетларда таҳсил олаётган Қирғизистон фуқаролари сони сезиларли даражада кўпайган. Айни пайтда Хитойнинг турли вилоятларидаги олийгоҳларга бепул таълим олиш учун борадиган қирғизистонлик талабалар оқими ҳам кўпаймоқда.

Хулоса қилиб айтганда, минтақада Хитой таъсирининг кучайиши мусулмонлар учун хавфли эканлигини унутмаслигимиз керак. Айрим инфратузилманинг яхшиланиши ва стратегик лойиҳаларнинг амалга оша бошлаши бизни алдаб қўймаслиги лозим. Чунки бу лойиҳалар Хитойга қарамлигимизни яна-да кучайтиради. Қирғизистон ҳукуматининг Россия чангалидан қутулиш мақсадида Хитойга ён босиши “ёмғирдан қочиб, дўлга тутилиш” каби ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Бу эса, давлат келажаги ва мусулмон халқнинг эътиқодига жиддий таҳдиддир. Бироқ расмий ҳукумат Хитойдан олаётган грант ва кредитлар эвазига давлат эшикларини хитойликларга ланг очиб қўймоқда. Ҳозирги кунда Шарқий Туркистондаги мусулмон биродарларимизнинг бошига тушган зулмлар кўпчилик учун эртакдек туюлади. Хитой Шарқий Туркистонда репрессия бошлашдан аввал ўнлаб йиллар давомида фуқароларни сақофий мустамлака қилиш билан шуғулланди. Шундай экан, биз мусулмонлар Уммат манфаатларига зид бўлган бундай келишувларга ва динсиз Хитойнинг минтақадаги босқинчилик сиёсатига қарши туришимиз зарурдир! Албатта, бу қаршилик исломий тамойилларга асослансагина самарали бўлади. Чунки миллатчилик ва ватанпарварлик туйғуларига асосланган қаршилик вақтинчалик бўлиб, ҳозирги тузумга қарши тура олмайди. Шунингдек, биз мусулмонлар Хитойнинг босқинчи сиёсатига қарши туришда Ғарбнинг ҳийла-найрангларига алданиб, унинг сиёсатига хизмат қилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Бинобарин, биз мусулмонлар фақат Исломни олий қилишга интилаётганлар сафларида ҳаракат қилиш билангина икки дунё бахтига эришамиз, иншааллоҳ!

Мумтоз Маверанаҳри

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here