Исломда ўлган одамнинг аъзоларини олиш жоизми?

152
0

Исломда ўлган одамнинг аъзоларини олиш жоизми?

Қирғизистонда соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев Жогорку Кенеш йиғилишида ўлган инсоннинг аъзоларини олишга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу масала муллалар билан ҳам муҳокама қилинган ва улар бу борада Шаръий таъқиқ йўқлигини тасдиқлаган. Шу боис мусулмон жамиятида аъзоларни кўчириш ҳукми юзасидан баҳслар давом этмоқда.

Биз Ҳизбнинг иккинчи амири, мужтаҳид олим Шайх Абдулқадим Заллумнинг “Клонлаштириш, аъзоларни кўчириш, пробирка (сунъий урчитиш), аборт ва ўлим ҳақида шаръий ҳукмлар” номли асари асосида аъзоларни кўчириш ҳукмига ойдинлик киритамиз.

Киши ўлганидан кейин унинг аъзоларини бошқа шахсга кўчириш борасидаги ҳукм унинг тириклик пайтида ўз аъзоларини ҳадя қилиши ҳукмидан фарқ қилади.

Шариатда ўлган одамга озор бериш ҳам, уни кесиб, мусла қилиш ҳам мумкин эмас. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар мавжуд. Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳа ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Маййитнинг суягини синдириш уни тириклик пайтида суягини синдириш билан бир хилдир». Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можжа ривояти.

Шунингдек, бошқа одамга кўчириш учун ўлган одамнинг қорнини ёриб, юраги, ёки буйраги, ёки ўпкаси ёки жигарини олиш ва кўзини ўйиб олиш, ҳатто ўша одам мухтож бўлса ҳам, бу иш ўлган одамни мусла қилиш ҳисобланади. Ислом дини мусла қилишдан қайтарган. Сафвон ибн Ассолдан ривоят қилган ҳадисда У киши айтади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни бир сария ичида юбораётиб шундай дедилар: «Аллоҳнинг исми билан ва Аллоҳнинг йўлида боринг. Аллоҳга кофир бўлганлар билан жанг қилинг, лекин мусла қилманг, ҳаддингиздан ошманг ва болаларни ўлдирманг». (Аҳмад, Ибн Можжа ва Насоий ривояти).

Юқорида келтирилган далиллар очиқ-ойдин таъкидлаганидек, ўлган одамнинг танасини кесиб, бошқа одамга қўйиш шаръан ҳаромдир.

Бундан ташқари, киши ўлганидан сўнг ҳеч қайси инсон унга эгалик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек киши ўлиши билан у эгалик қилиб турган моли, жасади ва аёли каби барча нарсалар унинг ҳукмронлиги ва эгалиги остидан чиқиб кетади. Шунинг учун, ўлган киши бирор аъзосини ҳадя қилиши ёки шунга васият қилиши мумкин эмас.

Шариат инсонга меросхўрларининг рухсатисиз ўз молининг учдан бирини васият қилишига изн бериши, бу фақат молга хос бўлиб ундан бошқасига алоқаси йўқ. Шунинг учун киши ўлганидан кейин бирор аъзосини ҳадя қилишга васият қилиши жоиз эмас. Аммо меросхўрларга келсак, Аллоҳ Таоло уларга мерос қолдирувчининг жасадини эмас, балки молини қолдирди. Шунинг учун улар ўлган одамнинг жасадига ва унда тасарруф қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Мажбурий ҳолат.

Аъзоларни кўчириш ҳолатига нисбатан айтадиган бўлсак, улар икки хил бўлади. Биринчиси: Юрак, жигар, икки буйрак ва икки ўпка каби ҳаётни сақлаб қолишга алоқадор аъзолар. Иккинчиси кўз, иккинчиси соғлом бўлган буйрак, қўл ва оёқ каби ҳаётни сақлаб қолишга алоқадор бўлмаган аъзолар. Бу иккинчи турдаги органларга мажбурийлик ҳукми тушмайди. Чунки бунда ҳаётни сақлаб қолиш иллати мавжуд эмас. Шариат ўлган одамнинг иккинчи ҳолатидаги аъзоларини алмаштиришни ҳам тақиқлайди.

Аммо инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга алоқаси бор аъзолар ҳақида айтадиган бўлсак, уларда икки жиҳат мавжуд:

Биринчиси: Бу аъзоларда мавжуд иллат яъни инсон ҳаётини сақлаб қолиш мажбурлик ҳолатидаги каби аниқ рўй бериш ишончи йўқ. Чунки мажбур ҳолатидаги инсон Аллоҳ Таоло ҳаром қилган нарсани истеъмол қилса, аниқ ҳаёти сақланиб қолади. Лекин юрак, ёки жигар, ёки икки ўпка, ёки икки буйракни кўчириб ўтқазиш шу ўтқазилган шахснинг ҳаётини аниқ сақлаб қолмайди. Чунки бундай ҳолатда шахснинг ҳаёти гоҳ сақланиб қолади ва гоҳида сақланиб қолмайди. Шунинг учун бу ердаги иллат мукаммал бўлмаган иллат ҳисобланади.

Иккинчиси: Қиёсланаётган нарса иллат ҳукмига қарши бўлмаслиги зарур. Аъзоларни кўчириш масаласида ўлган одам ҳаққига тажовуз қилишни ва уни мусла қилиш зиддини талаб қиладиган кучли нусуслар келган. Шунинг учун ўлган одамнинг органларини муҳтож кишига кўчириш жоиз эмас. Бу ерда ўликнинг мусулмон, зиммий, муоҳид (исломий давлатда шартнома асосида яшовчи), ёки мустаъмин (ҳимоя сўровчи) бўлишининг фарқи йўқ.

Аммо тирик бир шахс ўз ихтиёри билан қўли, оёғи, кўзи каби ўлимга олиб келмайдиган аъзосини шу аъзоларга муҳтож бошқа бир шахсга ҳадя қилиши шаръан жоиз. Бунинг воқеси шундай, агар бир шахс бошқа бир шахс томонидан қўли кесиб юборилса, ёки кўзи ўйиб олинса, у ўша шахсдан хун олиши ва унинг қўлини кесмаслиги ва кўзини ўймаслиги яъни уни кечириб юбориши мумкин. Кесиш ва ўйиб олишни кечириш унинг ўрнига хунга эгалик қилиш дегани, хунга эгалик қилиш эса ҳадя қилиб юборган аъзога эгалик деганидир. Аъзога эгалик қилиш уни тасарруф қилиш ҳуқуқига эга деганидир. Аллоҳ Таоло қасос ва хунни кечиб юбориш жоизлиги ҳақида шундай дейди: «Кимга ўз биродаридан бир нарса авф қилинса, бас яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу Роббингиздан енгиллик ва раҳматдир».

Бироқ, киши ҳаётлик пайтида аъзоларини ҳадя этиши учун ҳадя этилаётган аъзо ҳадя этувчининг ҳаётини тўхтатиб қўймаслиги лозим. Яъни бу аъзо юрак каби аъзолардан бўлмаслиги керак. Чунки бу каби аъзоларни ҳадя этиш шахснинг ўлимига олиб боради. Бу эса ўз жонига қасд қилиш бўлиб, инсон ўз жонига қасд қилиши ёки унинг розилиги билан бошқаси уни ўлдириши жоиз эмас. Бу ҳақида Аллоҳ Таоло шундай дейди: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг», «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг».

Бу умумий бўлиб, у ўзини ўлдиришни ҳам ва бошқани ўлдиришни ҳам ўз ичига олади. Имом Муслим Собит ибн Заххокдан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: «… Ким бир нарса туфайли ўз жонига қасд қилса, Аллоҳ уни жаҳаннам ўти билан азоблайди». Имом Бухорий ва Муслимлар Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтади:”Ким тоғнинг устидан ташлаб, ўз жонига қасд қилса, у жаҳаннам ўтидадир…”.

 Шунингдек инсон ўзининг тухумини ҳадя қилиши гарчи уни ўлимга олиб бормасада жоиз эмас. Чунки жинсий ҳужайралар яъни эркак ва аёлнинг тухумидан бола вужудга келади. Демак инсон насли жинсий ҳужайралардан пайдо бўлади. Эркак тухумида маний ишлаб чиқувчи ҳужайралар бўлади, демак ҳужайралар маний ишлаб чиқадиган корхона бўлса, тухум манийни сақловчи омбордир. Бу корхона бошқасига кўчирилса унга ҳам ҳужайрадан маний ишлаб чиқараверади. Шунинг учун тухум бошқасига кўчирилгандан кейин туғилган болалардаги хромосомалар тухум эгасининг хромосомалари бўлади. Чунки тухум кимники бўлса, болалар пайдо бўлаётган манийни ўша тухум ишлаб чиқади. Шунинг учун болалар тухум эгасининг хусусиятларини олади, аммо кейин кўчирилган кишининг бирор хусусиятини олмайди. Шунингдек бу болаларнинг биологик отаси тухумини берган киши бўлади. Шунинг учун иккита тухумини ҳадя қилиш жоиз бўлмаганидек, битта тухумини бериш ҳам жоиз эмас. Ислом бундай амални ҳаром қилади ва наслни сақлашга буюради, ҳамда ўз отасидан бошқасини отам деб даъво қилишдан қайтаради. Ибн Можжа Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: «Ким ўз отасидан бошқасини ота деб даъво қилса ва ўз ҳожасидан юз ўгирса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўлган одамнинг аъзоларини кўчириш ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаром ҳисобланади. Тирик одамнинг органларини кўчиришда эса қаралади, бунда ҳадя қилинаётган орган ўлимга сабаб бўлмайдиган ва тухум каби шариат уни ҳадя қилишни тақиқламаган бўлиши шарт.

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here