Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди
Хабар: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26 январ куни давлат ташрифи билан Бишкекка келди.
Олий даражадаги музокараларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинади.
Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кўзда тутилган.
Изоҳ: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида Бишкек шаҳрида Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбир давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Форум давомида маълум қилинишича, 2016 йилдан буён ўтган вақт давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида товарайирбошлаш 7 марта ошган. Хусусан, ўтган 2022 йилда ушбу кўрсаткич 543 миллион доллардан ошиқни ташкил этган бўлса, ўзаро товар айирбошлаш 2021 йилга нисбатан 21 фоизга ўсган.
Яқин йилларда ҳар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ошириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, ҳар икки давлатнинг ташқи савдо алоқалари таҳлил қилинганда Ўзбекистон томони бошқа давлатлардан импорт қилаётган 500 миллион долларлик товарни Қирғизистондан олиши мумкинлиги, шунингдек, Қирғизистон томони импорт қилган 800 миллион долларлик кимё, текстил, маиший техника, фармацевтика ва бошқа соҳа маҳсулотлари Ўзбекистонда мавжуд бўлиб, товар айирбошлашни янада яхшилаш имконияти бор эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, чорва, иссиқхоналар технологияси, текстил, чарм маҳсулотлари, гидроэнергетика, кўмир, йўл-транспорт, туризм ва бошқа бир қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсад қилинган.
Шунингдек, йўл-транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи ҳақида сўз борди. Айни вақтда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Андижон-Ўш-Қашқар траспорт йўли имкониятларини ошириш бўйича лойиҳалар режалаштирилган. Форум давомида шунингдек гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилди. Хабар қилинишича, айни вақтда “Қамбарота-1” ГЭС қурилиши лойиҳа босқичида бўлиб, молия имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, гидроэнергетика соҳасида бошқа лойиҳалар истиқболлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Албатта, инсоний жиҳатдан, икки қардош халқ ўртасида ҳамкорлик ривожланиб, турли лойиҳаларда шерикчлик қилишлари яхши. Аммо, бу бошқа йирик давлатлар таъсиридан ҳоли бўлиши шарт. Акс ҳолда бу ҳамкорлик вақтинчалик бўлиб етакчи давлатлар манфаатларига қараб ўзгариб туради. Қирғизистон ва Ўзбекистон темир йўл соҳасида ҳамкорлик қилишни мақсад қилишга интилаётган бўлишига қарамай, бу лойиҳанинг асосий сармоядори Хитой бўлиб, темир йўл бу икки давлатдан кўра кўпроқ Хитой манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон “Қамбарота-1” ГЭСини биргаликда қуришга келишишди. Аммо, улар хали иш бошламай туриб Россия ҳам бу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирди. Агар Россия ГЭС қурилишига қўшиладиган бўлса – катта эҳтимол билан Россия бу лойиҳа ўз иштирокисиз амалга оширилишига йўл қўймайди – ГЭС назорати Россия қўлига ўтиб кетади. Натижада, темир йўл ҳам, ГЭС ҳам давлат ва халқ манфаати учун эмас, балки йирик давлатларнинг босим ўтказиш қуролига айланиб қолади.
Абдураҳмон Одилов