Хитой Мисрдан қарз эвазига стратегик объектларни сўрамоқда

407
0

Хитой Мисрдан қарз эвазига стратегик объектларни сўрамоқда

 Хабар: Август ойи бошида Миср ва Хитой вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар Мисрнинг стратегик активларини Хитойга сотиб, қарзларини тўлаш  масаласини муҳокама қилишди.

 Қайд этилганидек, Хитойга бўлган 8 миллиард долларлик қарзни Миср портлари ва аэропортларидаги стратегик активларга алмаштириш имконияти муҳокама қилинди. Миср делегацияси 10 миллиард долларлик бошқа активларни ҳам таклиф қилди.

 Жорий йилда Қоҳира қарз ва фоизларини тўлаш учун ўнлаб миллиард доллар тўлаши керак. Жаҳон банки томонидан эълон қилинган ҳисобот шуни кўрсатдики, Мисрнинг умумий ташқи қарзи март ойи охирида мисли кўрилмаган даражага етди ва тахминан 158 миллиард долларни ташкил этди.

 Ҳисоботга кўра, 2022 йилнинг мартидан 2023 йилнинг мартигача Миср 33 миллиард долларлик ташқи қарзни тўлаши шарт. Бу Қоҳиранинг деярли барча валюта захираларига тенг, ҳозирда улар 33,3 миллиард долларга баҳоланмоқда.

 Изоҳ: Бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан фарқли равишда Хитой берадиган қарз ва  уларнинг фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмайди. Бундан ташқари, Хитой қарз олувчи давлатдан турли демократик ислоҳотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби шартларни қўймайди. Шунингдек, айрим манбаларда келишича, Хитойнинг инвестицияга доир шартномасида бир махсус банд мавжуд бўлиб, унга биноан давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан Хитой билан халқаро судда тортишиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар. Қолаверса, Хитой берган қарзларини нақд пул ўрнига қайтарилишидан кўра, қарздор давлатлардан стратегик муҳим объект, ер ва табиий бойликлари эвазига “воз кечиб юборади”. Масалан, қўшни Тожикистон Хитойнинг “Эксимбанк”идан олган қарзлари эвазига Хитой компаниялари учун ўз эшигини очиб берди. Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда Тожикистондаги олтин конларининг ярмидан кўпроғи Хитой компанияларга тегишли. Хитой компаниялари бундай конларнинг 60 фоиз акцияларига эгалик қилмоқда. Бундан ташқари, 2011-йили Тожикистон ташқи қарзининг муҳим қисмидан кечиш эвазига Хитой Тоғли Бадаҳшондан 1158 кв. км табиий бойликларга бой ҳудудга эга чиққан. Яна бир мисол, ташқи қарз эвазига Кениянинг Мамбос порти Хитой тассаруфига ўтган. Шунингдек, Шри-Ланка Хамбантота йирик порти акцияларининг 70 фоизини 99 йилга хитой компанияси бошқарувига ўтказиб берган.             

 Қирғизистон эса 2003-йилда Хитойга 161 км², шу жумладан стратегик аҳамиятга эга Узонгу-Кууш дарасини беришига тўғри келди. Бундан ташқари, жорий йил июн ойида Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Жогорку Кенешда берган ҳисоботида: “2023-йилдан 2028-йилгача биз йилига камида 400 миллион доллар, айрим ҳолларда эса 460 миллион долларгача бўлган ташқи қарзни тўлаймиз. Кейинги беш йил мобайнида давлат қарзини тўлаш учун 35-50 миллиард сом сарфлашимиз керак бўлади. Ташқи қарзнинг 50 фоиздан ортиғи Хитойнинг Эксимбанкига тўлаймиз. Бу таҳдид эмас, лекин, тўлай олмасак, Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин, шимол-жануб муқобил йўли бошқа бировнинг қўлига ўтади”, – деган эди. Бу ерда бошқа бировдан мурод Хитой эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

 Ҳозир дунёда ҳукмронлик қилаётган капиталистик тузумда рибо устига қурилган иқтисодий муносабатлар қашшоқ давлатларни янада қашшоқлаштириб, қарз ботқоғига ботириш асосига қурилган. Бу тузум мавжуд экан иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган “учинчи дунё” давлатлари ҳеч қачон эркин нафас олмайди. Халқаро тузум бу каби давлатларни қарздан тўлиқ озод бўлишига, иқтисодий тараққиётнинг асоси бўлган оғир саноатини ривожлантиришга асло йўл қўймайди. Бу каби давлатлар узоқ йиллар мобайнида олинган қарзлар фоизини тўлаб беришга, танини қайтарадиган вақтда тўлашдан ожиз қолиб яна янги қарз олишга ва бўғзигача қарзга ботиб охир-оқибат қарзларини ер ва қазилма бойликлар ҳисобидан тўлашга мажбур бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here