Саудия-Амирликлар муносабатлари

183
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саудия-Амирликлар муносабатлари

Устоз Ҳасан Ҳамдон қаламига мансуб

Форс Кўрфази минтақаси узоқ вақт мобайнида, айниқса Усмоний Халифалик давлати тугатилгандан сўнг инглизлар босқинчилиги ва сиёсий нуфузи остида қолди. Британия минтақадан чиқиб кетишга мажбур бўлган пайтда у ерда, хусусан, нефть ва газ каби катта бойликлари бўлган, қабилавий ва мазҳабпарастлик низолари бўлиб турадиган ҳамда денгиз портлари жойлашган ҳудудларда чегара ва демаркацияга оид улкан муаммоларни қолдириб кетди. Яъни, Британия истаган пайтда бу муаммоларни қўзғата олади. Жумладан, Кувайт билан Ироқ ўртасида, Саудия билан Амирликлар ўртасида, Қатар билан Баҳрайн ўртасида, Саудия билан кўплаб қўшни мамлакатлар ўртасида айни муаммоларни қўзғаши мумкин.

Бу мустамлакачи давлат одатда шундай муаммоларни қасддан қолдириб, керак бўлган пайтда ундан ўзининг сиёсий ва ҳарбий аралашувига баҳона сифатида фойдаланади. У бу муаммоларни ўз аралашувини оқлаш учун қўзғайди. Бизга бу ҳол Шайба нефт-газ конида, Бураймий воҳасида ва Саудия-Амирликлар ўртасидаги кўплаб масалаларда яққол кўзга ташланган. Масалан, Бураймий воҳаси ёки Шайба конида юз берган нарса Британия компаниялари билан АҚШ компаниялари ўртасидаги келишмовчиликдан келиб чиққан. Бироқ, Форс кўрфазидаги бундай муаммолар кўп ҳолларда жамоатчиликка кўрсатилмаган ҳамда ҳарбий характерга эга бўлмаган. Фақат тарихдаги айрим ҳолатлардагина бундай тус олган. Масалан, Саудия 1974 йил Амирликларни тан олмади, қачон ўзи қўйган шартларини қабул қилганидан кейингина тан олди. Бу ишнинг сабаби ва муаммоларнинг улкан даражада ривожланмаганлиги боиси айни давлатчаларнинг жилови битта тарафга, яъни Британияга боғланганига бориб тақалади. Муаммолар қанчалик мураккаблашмасин, мурожаат қилинадиган жой битта эди.

Лекин Саудияда янги давр бошлангач, тобелик ва қарамликда ўзгариш юз берди. Бу ўзгариш реал манфаатлар ва улкан стратегиялардаги зиддият ортидан келиб чиқди. Айни зиддиятлар сабабли муаммолар ошкор бўлди, сабаби юзага чиқди ва ҳарбий таҳдидлар мавжудлиги кўринди. Масалан, Қатар билан Саудия ўртасида бўлгани каби. Чунки Саудиядаги янги давр Американинг сиёсатига мос, эски мустамлакачининг нуфузига зид равишда минтақага етакчилик қилиш даври бўлди.

Сўнгги пайтларда Амирликлар билан Саудия ўртасида инқироз юзага келди ва у иқтисодий кризис сифатида тарғибот қилинмоқда. Бироқ, аслида у иқтисодий кризисдан каттароқдир. Гарчи низонинг бир томони нефть эса-да, аммо мавзу фақат бу эмас. Шунингдек, гарчи Яман нефтнинг нуфузли нуқталардан бири бўлса ҳам мавзу фақат Яман ҳам эмас. Балки икки давлат ўртасидаги бу муаммолар ва кризисларнинг асл моҳияти сиёсий кризисдир. Яъни, минтақада эски мустамлакачи билан янгиси ўртасидаги кураш оқибатида юзага келган кризисдир. Лўнда қилиб айтганда, Америка Форс Кўрфази давлатларининг янги етакчига, яъни Саудияга бўйсунишларини хоҳлаяпти. Зеро, Кўрфазда бош ролни Саудияга топширди. Бутун Кўрфаз давлатлари Саудиянинг этагини тутишлари керак. Бу нарса Саудия етакчилиги борасида айни давлатларга ҳеч қандай роль берилмаслигини тақозо қилади. Бошқача ибора билан айтганда, ҳаммалари Америка истаган ишларда Саудияга тобе бўлишлари керак. Бу эса, Британия мутлақо рози бўлмайдиган иш. Айниқса, аксар давлатлар Британияга тобе бўлгани учун. Бунда айни давлатлар Саудиядан заиф бўлишининг ёки Британия халқаро саҳнда заифлашиб қолганининг фарқи йўқ.

Гап шундаки, Форс кўрфази давлатлари Британиянинг минтақадаги манфаат ва нуфузи учун катта роль бажаришар эди. Мисол учун, Қатар маълум ролни бажарар, Амирликлар, Кувайт… ҳам бошқа алоҳида бир вазифаларни бажарардилар. Улар ўртасида айрим масалаларда бир турли ҳамкорлик мавжуд эди. Ўша даврда Саудия инглизлар нуфузи остида бўлган. Уммон ҳам маълум ролни адо этган. Бироқ, ҳозирда бу давлатларнинг барчаси учун янги давр бошланди, барчаси Саудияга ва янги нуфузга тобе бўлишлари ва у истаган ишни бажаришлари шарт қилиняпти. Чунки Саудия ҳал қилувчи ролни, минтақанинг етакчиси ролини ўйнаши, бошқа давлатлар эса бажарувчилик ролини ўйнашлари керак бўляпти. Бунда Америкадан бошқа ҳеч бир давлатнинг шериклиги ёки манфаати бўлмайди, фақат Америка рухсат берган даражадагина бўлиши мумкин. Ким Саудиянинг етакчилигига ва янги ролига рози бўлмаса, у Қатар дуч келган реал таҳдид ва қаттиқ босимга учрашга тайёрланаверсин. Бу иш фақат Саудия билан Амирликлар ўртасидагина бўлмайди, балки айланиб турибди… Биринчи Қатар бўлди, кейин Амирликлар бўляпти, энди Кувайт бўлади ва ишлар мураккаблашиши кутилмоқда. Вазият бир оз тинчиса-да, аммо ҳаммаларига мужда юборилиб бўлди, ҳаммаларига имконият-фурсат берилди.

Америка сиёсатини ва Саудия ролини обдан ўрганиш учун бундай деймиз:

Форс кўрфазида йирик маблағ бор, нефть ва газ натижасида у ердаги давлатлар қўлига катта пул тушган ва уларни жуда бой давлатларга айлантирган. Бу пуллар илгари Британияга хизмат қилар эди. Бошқача айтганда, агар давлат Британияга тобе бўлса, Британия манфаатига, Америкага тобе бўлса, Американинг манфаатига хизмат қилади. Қатар қўлидаги молларнинг ҳам Британия ёки британияликларнинг минтақадаги манфаатларига хизмат қилганлигига асло шубҳа йўқ. Амирликлар ҳам шундай. Шунинг учун Америка Қатар қўлига оқиб келгани каби, Амирликлар қўлига оқиб келаётган жуда катта даромадни жиловлашни ҳамда Британия томонидан эксплуатация қилиниши тўхтатишни истаяпти. Демак, масала шаклан иқтисодий бўлиб кўринса ҳам, иқтисодий эмас, сиёсийдир. Жиловлаш жараёни бир неча шаклларга эга бўлди, жумладан, коронавирус сабабли ҳаво қатновини тўхтатиш ҳамда Амирликларга худди Эфиопия ва Вьетнамга қилинганидек муомала қилиниши каби. Фикримча, коронавирус битта баҳона бўлди, холос. Зеро, ҳаво қатновининг тўхтатилиши катта иқтисодий оқибатларга олиб келади ва бундан Амирликлар жуда катта маблағ йўқотади. Албатта, Саудия ҳам бундан зиён кўради, аммо икки давлат кўрадиган зиёнда Амирликларники анча кўп. Яна бир нарса, Саудия минтақадаги компанияларга ўз штаб-квартираларини Риёзга кўчиришга зимдан буйруқ бериб, бунга рози бўлмаган компаниялар Саудия имтиёзларидан маҳрум бўлиши билан таҳдид қилди. Бинобарин, йирик компаниялар хавфли қарорга дуч келишяпти, оқибат эса аниқ. Бу худди Американинг бошқа компанияларга Эрон билан муомала қилмасликни буюриб, акс ҳолда АҚШ бозорини қўлдан бой берасизлар, дея таҳдид қилишига ўхшайди. Маълумки, компаниялар Амирликларнинг заиф бозорини деб, Саудиянинг йирик бозорини қурбон қилмайдилар, албатта. Бу ишнинг Амирликларга улкан хавф эканлиги очиқ кўриниб турибди. Чунки унинг иқтисодий ва молиявий оқибатлари бор бўлиб, бу нарса Амирликларнинг Кўрфаз минтақасидаги муҳим савдо маркази сифатидаги таъсирига зарба беради.

Шубҳасиз, Амирликларнинг бу каби чора-тадбирлари Америка манфаатларига очиқдан-очиқ зид. У коалиция бандига биноан Америка билан иттифоқчи сифатида муомала қилаётган эса-да, бу зоҳирда шундай. Аслида, Амирликлар Британиянинг кўзи ва қулоғидир. У истаган ишларни амалга оширади.

Демак, бугунги кундаги айни кризис бир оз сокинлашса-да ёки оммавий ахборот воситаларида у ҳақда озроқ гапирилаётган эса-да, бироқ келгусида ундан ҳам каттароқ кризислар бўлишидан ва асло тугамаслигидан огоҳлантирмоқда. Бу кризислар фақат қуйидаги икки ҳолатдагина тугаши мумкин: ё мустамлакачилардан бири иккинчиси устидан ўз манфаатига эришади ёки Аллоҳ Ислом Умматига неъмат ато этади. Бу эса, Умматнинг ўз роли ва маконини қайта эгаллаши, мустамлакачилик ва малайларни йўқ қилиши неъматидир. Бу Аллоҳга ҳаргиз мушкул эмас.

Роя газетасининг 2021 йил 11 август чоршанба кунги 351-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here