Эрондаги намойишлар, унинг сабаб ва ечимлари

125
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Эрондаги намойишлар, унинг сабаб ва ечимлари

Устоз Асъад Мансур қаламига мансуб

Эронда норозилик намойишлари жорий йилнинг июл ойи ўрталаридан бери давом этмоқда. Унинг учқуни Аҳвоз ва Хузистон шаҳарларидан келиб чиқди. Чунки бу минтақалар аҳолиси ўтган йилнинг март ойидан бери сув танқислигидан азият чекмоқдалар, шунингдек, улар араб бўлганлари учун камситиш ва дискриминациядан шикоят қилмоқдалар. Бу муаммони президент Руҳоний «Аҳвоз ҳудудида юзага келган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш лозим», дея эътироф этди. Гўё у ўз фуқароси муаммосини пайдо бўлган соатдаёқ тез ҳал этишга отланиши шарт бўлган давлат раҳбари эмасдек! Ҳолбуки, бир вақтда норозилик намойишлари Аҳвоздан қолган ҳудудларга ҳам тарқалиб, пойтахт Теҳронгача етиб борди ва режим ағдарилишини талаб қилувчи сиёсий чақириқларга айланиб кетди. Хабарларда 4 нафар намойишчи билан битта полиция зобитининг ўлгани ва кўпчилик жароҳатлангани, юзлаби ҳибсга олингани айтилди. Одамларнинг ўзаро боғланмасликлари ва бир-бирларини намойишга чақирмасликлари учун интернет узиб қўйилди… 2019 йилда ҳам бензин танқислиги сабабли шу каби норозилик намойишлари келиб чиқиб, кенг миқёсдаги халқ норозилигига айланиб кетган эди. Шунингдек, маҳаллий валютанинг қадрсизланиб, инфляция юзага келиши ва тинимсиз электр узиб қўйилиши сабабли ҳам қатор норозилик намойишлари келиб чиққан.

Америкада яшаётган эронлик собиқ атроф-муҳит вазири Ковиҳ Маданийга кўра, «Эрон режимининг узоқ йиллардан бери олиб бораётгани ёмон бошқаруви сабабли юртнинг дарёлар, сув омборлари ва ер ости сувларидан келадиган барча манбалари қурий бошлади. Шу боис, Эрон сув танқислигига учради». (Сандей таймс, 2021 йил 25 май). Эрон энергетика вазири мисли кўрилмаган инқироз мавжудлигини тан олди, ҳатто Эрон олий раҳбари Хоманаий «одамларни айблашимиз мумкин эмас», дейишга мажбур бўлди.

Булардан давлат ўз халқи ишларини яхши бошқармаётгани кўриниб турибди. Қандай ҳам яхши бошқарсин, ахир Исломни – айрим ишлардан ташқари – татбиқ қилмаётган бўлса. Чунки бошқарув, иқтисод, ички ва ташқи сиёсат ва ҳарбий каби барча соҳада Ислом йўқ. Балки давлат сиёсати миллатчиликка ва ечимлари капитализмга асосланган. Бунинг устига, мазҳаб ва миллатга ажратиш конституция томонидан тасдиқланган. Шунинг учун ҳам аксар инсонлар бу давлатни ғамхўрлик билан бошқарадиган ва муаммоларини ечадиган давлат, деб ҳис этмай, унинг зулмига, ажратувчилигига, ёмон бошқаруви ва эътиборсизликларига қарши кўтарилмоқдалар.

Сув зарурий эҳтиёжлардан бўлиб, инсонларга албатта кафолатланиши шарт. Давлат муаммо сабабларини, ҳал этиш йўлларини пайсалга солмай, ойлаб давом этишига ташлаб қўймай зудлик билан излаб топиши керак! Агар дарёлар қуришни, ер ости сувлари танқислашишни бошлаган бўлса, давлат дарҳол денгиз сувини тузсизлантириб, одамларга етказиб бериши лозим. Нефь билан бирга, электр ишлаб чиқариш учун ҳам кўп манбалар мавжуд, масалан, Қуёш энергияси, шамол энергияси каби. Буларнинг барчаси Эронда сероб, бироқ, афтидан, давлат ўз ресурслари ва имкониятларидан фойдаланмаяпти, яъни, ғамхўр бошқарувни амалга оширмаяпти, муаммоларини тубдан ҳал этмаяпти. Доимий қадрсизланаётган валюта муаммоси ҳам шундай, чунки бу одамлар пулларини зое кетказяпти, нарх-навони осмонга кўтариб, инфляция даражасини оширяпти. Негаки маҳаллий валюта қиймати олтин ва кумуш билан қопланмаган. Агар Исломда буюрилганидек, у олтин ва кумуш билан қопланганида эди, нарх-наво барқарор турган ва одамларнинг моллари ва меҳнатлари қиймати сақланиб қолган бўлур эди.

Ҳар бир ўлкада шу каби фавқулодда ҳолатлар ва турли инқирозлар юзага келмоқда. Агар фуқаролар ўз давлатлари адолатини ҳис этсалар ҳамда ғамхўрлик билан тўғри бошқараётганини, кризис ва муаммоларни дарҳол ҳал этиб, эҳтиёжларини қондираётганини, бир тоифани бошқа тоифадан ажратиб-камситмаётганини, амалпарастлик, порахўрлик, талончилик каби иллатларга йўл қўймаётганини кўрсалар, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқ ва вазифасига эга эканини билсалар… бундай ҳолатда норозилик қилмайдилар. Аксинча, инсонлар ҳам давлатни қўллаб-қувватлайдилар ва сабр билан ҳамкорлик қиладилар. Чунки мана шундай давлат инсонлар давлати бўлади, яъни, уларнинг ваколатига суянади, улар табанний қилган тушунчалар, ўлчовлар ва ишонч-эътиқодларни татбиқ этади. Бунинг натижасида одамлар бундай давлатга қарши салбий муносабатда бўлиш, унга нисбатан норозилик ҳаракатларини олиб бориш каби ишларни амалга оширмайдилар. Шунингдек, режимни ағдаришга бўлган чақириқларга қулоқ солиш ҳамда қурол кўтариб, зўравонлик амалиётларини олиб бориш каби ишлар билан шуғулланмайдилар. Билъакс, қусурлари ёки эътиборсизликлари учун ҳукмдорлардан конструктив ижобий равишда ҳисоб талаб қиладилар, самарали фикр ва таклифлар тақдим этадилар, давлатни ҳимоя қилишда молу жонлари билан ҳаракат қиладилар. Чунки у ўшаларнинг ваколатига ва шариатлари хўжайинлигига эга инсонлар давлатидир.

Эрон ўз маблағларини Америкага тобе бўлган илмоний режимни ҳимоя қилиш учун сарфлаб, ўз армиясини ҳамда ўзи молиялаштириб ҳарбий машқлардан ўтказган жангариларни, шунингдек, Ливандаги Ҳизбини Сурия аҳлига қарши жанг қилиш учун у ерга жўнатяпти. Ваҳоланки, Сурия аҳли Американинг малайи тоғут Башар Асад режимини ағдаришни истагандилар, холос. Эрон Сурияга аралашиб, у ердаги ўз ҳокимиятини қайтариб олишга ва унинг ўрнига улуғ Ислом билан ҳукм юритишга уринган халққа қарши чиқди. Хўш, мустамлакачилик давридан бошлаб, сўнг то Асадлар оиласи қудратга келган эллик йилдан бери Эрон ва унинг гумашталарининг бу мазлум халқнинг ишига аралашишдан мақсади нима?! Гап шундаки, қачон Эрон бирор давлатга аралашса, дунёни бошига кўтаради-ю, аммо амалда ҳеч нарса қилмайди. Ўзи эса, хўжайини Америка каби, минтақа халқларини ўлдиришни ўзи учун жоиз деб ҳисоблайди. Эрон Ироққа ҳам аралашиб, АҚШ босқинчилигини мудофаа қилди, озодлигига қарши курашди ва Америка ўрнатган малай режимни қўллаб-қувватлади. Афғонистонда Америка босқинчилигини мудофаа қилгани каби, у ердаги америкапараст режимни ағдаришга ҳаракат қилаётган мусулмонларга қарши жанг қиляпти. Яманга ҳам аралашди ва Америка малайи Ҳусийларни қўллаб-қувватлади. Ливанга ҳам аралашиб, Американинг малайларига ёрдам бериб, у ердаги ўзининг ҳукмрон ҳизбинигина эмас, ҳатто Мишел Аун ва коррупцион оқимларгача ҳаммасини қўллаб-қувватлади. Эрон миллатчилик назарияси бўйича ҳаракат қилиб, мазҳабпарастлик низоларини қўзғайди. Мана шундай миллий манфаатлари эвазига Америка сиёсати доирасида ҳаракат қилиб, унинг лойиҳаларини амалга ошираётганлигидан асло уялмайди. Эроннинг бундай сиёсати мамлакат ичкарисида бепарволик ва адолатсизлик манзарасида акс этиб, у ташқарида ҳам, ичкарида ҳам ёмон кўриладиган ишончсиз давлатга айланиб қолди.

Эронда Ислом асосига қурилмаган бу режимга нисбатан қаттиқ нафрат мавжуд. Масалан, содир бўлган ҳар қандай инқироз ортидан албатта норозилик намойишлари алангаламоқда. Гўё инсонлар ўзларини босиб олинган юртдадек ҳис этиб, режимга қарши ғазабларини ифодалаш учун қулай пайт пойламоқдалар.

Бу давлат Исломни татбиқ қилмади, балки ёлғондан Исломни татбиқ қилаётганини даъво қилди. Натижада, зиддиятли салбий оқибатларга дуч келди. Бир пайтлар шоҳга қарши қўзғалган пайтларида одамлар Исломнинг татбиқ этилишини яхши кўрардилар, ўзларини фаровон ҳаёт олиб келишини ва Ислом аҳкомлари татбиқи соясида бахтли бўлишни орзу қилардилар… Аммо Эрон режими шундай одамларни бугун ўз динлари аҳкомларини истамайдиган ва ундан узоқлашадиган одамларга айлантирди. Дунё мусулмонлари Эронга миллатчилик ва мазҳабпарастлик бўлмаган битта Ислом давлати остида бирлашишлари, озод бўлишлари ва ривожланишлари учун бошланиш нуқтаси бўлади, деган орзуда қарар эдилар. Бироқ умидлари пучга чиқди, айримларида ўз динларининг инсонлар муаммоларини ҳал этишга ва эҳтиёжларини қондириб, юртларини ривожлантиришга қодир дин эканига  ва бу дин тузум сифатида гавдаланишига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди. Ваҳоланки, бу тузум татбиқи билан зўравонлик, зулм ва дискриминациядан узоқ равишда адолат ўрнатилади, кечаю кундуз бедорликда фуқарони ғамхўрлик билан бошқарган, бирор қорни оч, йиғлаётган гўдак, оғриётган бемор, бечора муҳтож ҳақида хабар топсалар, уларнинг ғамини емангунча кўзи уйқу билмаган рошид халифалар тарихи қайтади… Бундай халифалар то инсонларнинг барча асосий ва зарурий эҳтиёжларини қондирмагунларича ҳамда камолий эҳтиёжларини қондиришларига имконият яратиб бермагунларича, ҳатто ҳайвонларнинг эҳтиёжларини ҳам таъминламагунларича кўнгиллари хотиржам бўлмайди. Улар инсонлар рози бўлмаган волийларни янгисига алмаштирадилар, ҳатто эскиси одил бўлса ҳам. Шунинг учун рошид халифалардан бири Умар розияллоҳу анҳу Ироқ аҳли талаби билан волийларни алмаштирар экан, «Мен то одамлар рози бўлмагунларича волийларни алмаштиравераман, чунки Фурот қирғоқларида қўй подасидан бир қўзичоқ адашиб, нобуд бўлса ҳам Аллоҳдан у ҳақда қиёмат куни сўраб қолишидан қўрқаман», деган. (Маснафи Ибн Абу Шайба).

Роя газетасининг 2021 йил 11 август чоршанба кунги 351-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here