АҚШни рози қилиш учун Туркиянинг янги роли
АҚШ қийин аҳволда қолганида дарҳол унинг жонига оро кирадиган Туркия ҳукумати эндиликда Афғонистон масаласида асосий ролни ўйнашга ҳозирлик кўрмоқда. АҚШ ва Толибон ўртасидаги музокараларга оид навбатдаги йиғилишга Туркия мезбонлик қилади. Бунга Толибоннинг Доха шартномаларига амал қилишни АҚШдан қаттиқ туриб талаб қилиши сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда ўзининг биринчи расмий матбуот анжуманида Доха шартномасига тўлиқ амал қилиш қийинлигини, яъни Америка кучларини Афғонистондан май ойигачи чиқиб кетолмаслигини, бу жуда қийин эканлигини маълум қилган эди. Шунингдек Байден АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетгандан сўнг минтақанинг хавфсизлигини таъминлаш учун НАТО иттифоқчилари билан учрашганликларини ҳам қўшимча қилган эди.
Толибон ҳаракати АҚШ президентининг мазкур баёнотини кескин танқид қилиб чиқди. Толибонга кўра, Байден ноаниқ ибораларни ишлатиб, НАТО мамлакатларининг Афғонистонда қолишини узайтириш фикри борлигини таъкидламоқда.
Толибон ўзининг ижтимоий тармоқлари орқали берган баёнотида агар АҚШ Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетмаса, уруш давом этишини таъкидлади. Унга кўра, агар келишувда кўрсатилган май ойида барча хорижий кучлар Афғонистонни тарк этмаса, жавобгарлик Қўшма Штатлар зиммасига тушади.
“Бундай вазиятда, Ислом амирлиги имонли, жасур ва мужоҳид афғон миллатининг вакили сифатида ўз дини ва ватанини ҳимоя қилади ва мамлакатни қутқариш учун хорижий кучларга қарши ўзининг жиҳодий ва қуролли курашини давом эттиради”. “Ҳарбий доираларнинг нотўғри маслаҳатлари ва провокациялари туфайли ушбу тарихий имкониятни қўлдан бой берманг”, дейилади Толибон баёнотида.
Америка бу масалада Сурия, Ливия масаласи ва бошқа масалаларда бўлгани каби Туркиядан фойдаланишни кўзламоқда. Туркия президентининг воизи Иброҳим Калин АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан учрашди. Учрашувда апрел ойида Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган йиғилиш тафсилотлари муҳокама қилинди. Брюсселда ўтган НАТО йиғилишида ҳам Туркия ташқи ишлар ва вазири Мевлут Чавушўғли америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен билан учрашди. Оқ уй баёнотига кўра, икки вазир турли масалалар, жумладан Афғонистон масаласини ҳам муҳокама қилган.
Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг хавфсизлик ва сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Муҳаққиқ Туркия-Афғонистон ўртасидаги муомалалар ҳақида баёнот берди. Унга кўра Афғон ҳукумати ва Толибон ўртасида келиша олмаган бир қанча масалалар бор. Масалани ҳал қилишда Туркия асосий рол ўйнайди.
“Афғонистонда барқарорликни сақлашда шу пайтгача Туркиянинг роли катта бўлди. Биз Туркиянинг ҳаракатларидан мамнунмиз. Туркиянинг Афғонистондаги сиёсий доиралар билан жуда яхши алоқалари бор. Биз Туркияга ишонамиз”, деди Муҳаққиқ.
Сиёсий мутахассисларнинг таҳлилига кўра, 2021 май ойигача хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетса, унинг ўрнини бошқа кучлар тўлдириши лозим. Демак Туркининг вазифаси биринчи навбатда Афғон ҳукумати ва Толибон ўртасида келишмовчиликни бартараф қилиш бўлса, иккинчидан Афғонистондан чиқиб кетан хорижий кучларнинг ўрнини Турк кучлари билан тўлдиришдир.
Ўз ҳарбийларини хорижга юбориш бўйича Туркия илғор давлатлар сирасига киради. Бу ҳарбийларнинг аксари АҚШ манфаатини ҳимоя қилмоқда. Аммо уларга сарфланадиган катта харажат Туркиянинг зиммасида. Айни пайтда ISAF доирасида Афғонистонда Туркининг 2000 атрофида аскарлари мавжуд. АҚШ кучлари чиқиб кетгандан кейин бу рақам ортиши кутилмоқда. Қисқача айтганда АҚШ жанг майдонидаги мағлубиятини малайлари орқали музокалар столида қайта қўлга киритмоқчи.
Қиёмуддин Шариф