АҚШ Туркияга С-400 мажмуалари учун санкциялар киритди

1305
0

АҚШ Туркияга С-400 мажмуалари учун санкциялар киритди

 АҚШ Туркия Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олгани учун Туркия мудофаа саноати котибияти, унинг раҳбари Исмоил Демир ва яна уч мансабдор шахсига нисбатан санкциялар жорий этди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди. 

 Помпеонинг таъкидлашича, АҚШ Туркияни С-400 сотиб олиниши АҚШ ҳарбийлари ва техникасини хавф остига қўйиши, Россия мудофаа секторига катта маблағлар тақдим қилиши ҳамда Россиянинг Туркия қуролли кучлари ва мудофаа саноатига киришидан бир неча марта огоҳлантирган.

 “Туркия огоҳлантиришимизга қарамай, Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олишни ва уларнинг синовларини ўтказишни давом эттирди. Биз Россиянинг мудофаа сектори билан йирик битимлар тузилишига чидаб турмаймиз”, – деб айтган Помпео. 

 АҚШ давлат котибининг таъкидлашича, санкциялар Америка душманларига санкциялар воситасида қарши курашиш қонуни (CAATSA) доирасида киритилган ва АҚШнинг ушбу қонунга мувофиқ ҳаракатланишга ҳамда уни шунга ўхшаш вазиятларда қўллашга тайёрлигини кўрсатади. 

 Санкциялар Туркия мудофаа саноати котибиятига лицензиялар ва экспортга рухсат беришга тақиқловни ҳамда Демир ва котибиятнинг бошқа амалдорларининг АҚШдаги активлари музлатилишини кўзда тутади.

 Помпеонинг таъкидлашича, энди Туркия АҚШ билан биргаликда С-400 муаммосини дарҳол ҳал қилиши лозим. 

 Изоҳ: Туркия ва Россия 2017 йилнинг декабр ойида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган тўртта ЗРК С-400 дивизиони етказиб бериш борасида битим имзолаган эди.

 Туркия ҳукуматининг ушбу “қарори”дан сўнг АҚШ сенати Туркияга ультиматум қўйди, Пентагон “жиддий оқибатлар” билан таҳдид қилди, бироқ турк ҳукумати ўз қароридан “қайтмади” ва Россиядан С-400 тизимларини сотиб олди. 

 Маълумки, Туркия ҳукумати АҚШнинг розилигисиз Россиядан С-400 мажмуаларини асло сотиб ололмайди. Қолаверса АҚШ ва НАТО С-400 ракета тизими ўзларига хавф солмаслигини жуда яхши билишади. АҚШнинг С-400 ракета тизими учун Туркияга босим ўтказиши, санкциялар киритиши уни Сурия, Ироқ ва Фаластин масаласида осон ишга солиш ва ўз манфаатлари йўлида хизмат қилдириш учундир.

 Бундан ташқари, Туркия Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олганидан сўнг, уни тадқиқ қилиш учун АҚШга деярли топшириб берди. 2019 йилнинг ноябр ойида “newsland.com” интернет нашри Америка ОАВ асосланиб, 18-ноябрда Туркия ва АҚШ Россиянинг С-400 ҳаво мудофааси тизими Американинг F-35 қирувчи самолётларини аниқлай оладими, агар аниқлай олса ундан қандай қочиш мумкинлигини ўрганиш мақсадида экспертлар гуруҳини тузишганини хабар қилган эди.

 Хабарга кўра, америкалик ҳарбийлар олдида мудофаа тизимидан фойдалана олишлари учун ўзлари олган маълумотлар кодини очиш вазифаси турипти. Агар АҚШ тизимидаги кодни буза олса у тизимнинг ишига таъсир ўтказиши, радарларни статик билан ёпиши ва ҳатто душманларига аслида йўқ самолётларни бордек қилиб кўрсатиши мумкин бўлади. Маълумки, Россиянинг С-400 американинг F-16 қирувчи самолётларини аниқлаш ва зарба бериш имконига эга эди. Энди АҚШ бу тизимнинг заиф томонларини ўрганиб чиқиш ва ўзининг янги авлод F-35 қирувчи самолётларини бу тизимга қарши имкониятларига эга бўлди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here