Жээнбеков Путин билан учрашиш учун Сочига жўнаб кетди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков амалий ташриф билан Россия Федерациясига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизматидан хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Сочи шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан икки томонлама музокаралар ўтказилади, унда “икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари” муҳокама қилинади.
Россияга амалий ташриф якунланиши билан Жээнбеков Венгрияга жўнаб кетади. Олдинроқ хабар қилинишича, бу ҳақдаги келишувга Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг 2018 йил сентябрь ойида, у кўчманчиларнинг III Бутунжаҳон ўйинларининг очилиши маросимига келган пайтда эришилган. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари музокаралар мавзуси бўлади.
Учрашув якунига кўра бир қатор икки томонлама келишувлар имзоланади. Шунингдек, Венгрия президенти Янош Адер ва Миллий йиғилиш спикери Ласло Кёвер билан учрашувлар кутилмоқда.
Изоҳ: Жээнбеков Путин билан учрашиш учун Сочига амалга оширадиган сафари олдидан, 26- сентябр куни “Биринчи радио”га берган интерьвюсида “Россия Қирғизистоннинг стратегик шериги ва иттифоқдоши” эканлигини таъкидлаб, Қирғизистон Россия билан ҳамкорликка катта аҳамият беришини ва томонлар ўртасидаги ҳозирги муносабатлар энг юқори даражада эканлигини қайд этиб ўтди.
Маълумки, Жээнбеков президентликка сайланганидан сўнг илк расмий ташрифини Россиядан бошлаган эди. Кремлда Путин билан бўлиб ўтган учрашувда у:
“Шундай бўлиши ҳам керак. Биринчи ташриф айнан Россияга амалга оширилиши керак эди. Мен ўз томонимдан стратегик шериклик мустаҳкамланиши учун максимум саъй-ҳаракатни амалга ошираман… Эришган ютуқларимиздаги Россиянинг роли ва ўрни эътибордан четда қолиши ҳеч қачон мумкин эмас. Халқ сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингизни юқори баҳолайди. Бизнинг энг муҳим ҳамкорлик йўналишимиз Россияга қаратилган ва биз бу йўналишда қатъий ишлаймиз”, – дея таъкидлаб ўтган эди…
Россия аввалдан Қирғизистонни ўзининг ҳом-ашё базаси сифатида кўриб келади. Қирғизистон ҳарбий жиҳатдан тўлалигича Россияга қарам. Сиёсий томондан билвосита бошқариб келинган. Акаевдан тортиб Жээнбековгача бўлган президентларни келиш ёки кетиши Россия томонидан хал этилган. Атамбаев президентликни Жээнбековга ўтказиб берганидан сўнг улар ўртасида чиққан зиддиятни хал этиш орқали эса Қирғизистоннинг ички ишларига бевосита аралаша бошлади. Жээнбековнинг сафари олдидан Путинга қилган тилёғламалиги ва бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида Россияга сафар қилиш ҳам бежизга эмас, албатта. У парламент сайловларидан кейин, Жогорку Кенешга илаша олмай қолганлар, хусусан ғарбпараст партиялар томонидан уюштирилиши мумкин бўлган норозилик намойишларига қандай муносабатда бўлиш ва қандай чорларни кўриш мақсадга мувофиқ келишини келишиб олиш мақсадида Путин билан учрашувга отланди. Сабаби, Белорусда август ойида бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг бошланиб кетган норозилик намойишлари бугунги кунга қадар тўхтагани йўқ ва бу намойишлар АҚШ ва Европа давлатлари томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Бундай сценарий Қирғизистонда ҳам такрорланиши эҳтимолдан узоқ эмас. Сабаби, ўтган вақт мобайнида Жээнбеков ўз командасини шакллантира олмади. Мамлакатдаги сиёсий бўшлиқ ва иқтисодий муаммолар бунга асос бўлиши мумкин.
Абдураҳмон Одилов