Мэрия: Бишкекда коронавирусга чалиниш хавфи юқори

705
0

Мэрия: Бишкекда коронавирусга чалиниш хавфи юқори

 Бишкекда коронавирусга чалиниш хавфи юқорилигича қолмоқда, деди Қирғизистон пойтахти мэри ўринбосари Татьяна Кузнецова.

 “Барча ҳолатларнинг 63 таси ўзлари мурожаат қилгани боис рўйхатга олинди, 34 нафарида касаллик сабаби аниқланмади. Эпидемиологик суриштирув олиб борилмоқда. COVID-19га чалинган айрим фуқаролар ўзларининг юқтириш сабабларини жамоат жойларига – бозор, савдо марказлари, жамоат транспорти, жумладан микроавторбусларда бўлишлари билан изоҳламоқда. Биз ишларини кучайтирдик, ҳамда ҳовлима ҳовли юриб қоидаларга риоя қилиш ва ташрифлар ҳамда алоқа жойларини эътиборга олиш муҳимлигини тушунтираяпмиз”, – деди Кузнецова.

 Изоҳ: Аввалроқ мамлакат тезкор штаби йиғилишида бош вазир ўринбосари Кубатбек Боронов: “Бишкекдаги эпидемиологик вазият хавотирли, статистика пасаймаяпти”, – дея таъкидлаб ўтган эди.

 Маълумки, давлатда содир бўладиган ўзгаришлар, ислоҳот ва бошқа чора-тадбирлар асосан пойтахтдан бошланади. Қирғизистонда бўлиб ўтган иккита давлат тўнтаришида ҳам пойтахт муҳим рол ўйнаган. Шу сабабли ҳар қандай давлатда асосий эътибор пойтахтга, у ердаги фаровонликни бошқа минтақаларга кўра кўпроқ таъминлашга ҳаракат қилади. Пойтахт назорат остида бўладиган бўлса бошқа чекка ҳудудлардаги назорат ҳам давлатнинг қўлида бўлади. Айниқса, “демократия оролчаси” деган ном олган Қирғизистон пойтахти ўтган йиллар мобайнида мухолифат ва бошқа кучлар томонидан ўтказилган митинглар “ўчоғига” айланиб қолган эди. Эндиликда расмий ҳукумат коронавирус пандемиясига қарши кураш баҳонасида муҳолифатни тийиб туриш, норозилик намойишларининг олдини олишга ҳаракат қилиб, асосий эътиборни пойтахтга қаратмоқда. Агар кузда бўлиб ўтиши режалаштирилган парламент сайловлари арафасида  муҳолифат қаршилиги кучайиб кетадиган бўлса, ҳукумат яна қайта вирус баҳонаси билан нафақат пойтахт аҳолисини, балки бутун мамлакатни яна қайта карантинга олиш учун замин тайёрламоқда.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here