Мусулмонлар Росулуллоҳ ﷺнинг суннатларига тўғри амал қилсалар, рамазон ва шаввол ҳилолини кўришда якдил бўладилар
Мусулмонлар Росулуллоҳ ﷺ ва рошид халифалар замонида Росулуллоҳ ﷺнинг суннатига мувофиқ ва биргаликда рўзани бошлашар ва биргаликда тугатишар эди. Зеро Росулуллоҳ ﷺ:
«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ»
«Ойни кўриб рўзани бошланглар ва ойни кўриб рўзани тугатинглар», деганлар. (Насоий ривояти). Ҳадис мусулмонларга жам, яъни кўплик сийғасида хитоб қилмоқда. Бу эса, мусулмонлар турли жойларда яшашларидан қатъий назар ҳукм уларнинг барчаси ҳақида эканига далолат қилмоқда. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ ﷺ ер юзининг қайсидир жойида бирор мусулмон ойни (ҳилолни) кўрса, бошқа жойдаги мусулмонларга унинг гувоҳлигини қабул қилишлари вожиб бўлиши ҳақида айтганлар. Ой кўриш масаласида бирор мусулмонни бошқа бир мусулмондан ва бирор жойни бошқа бир жойдан афзал кўрилмайди. Ансорлар жамоаси томонидан шундай қавл ворид бўлган. «Булут туфайли шаввол ойи гумон бўлиб қолган эди, рўза тутган ҳолда тонг оттирдик. Кундузнинг ниҳоясида бир карвон келиб, Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида кеча ойни кўрганлари ҳақида гувоҳлик беришди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ оғизларни очиб эртага ҳайитга чиқиш тўғрисида буйруқ бердилар». Аҳмад ривояти.
Аммо Абдуллоҳ ибн Аббос Шом билан Мадинаи Мунаввара ўртасида сафарда бўлган бир киши шомликлар ойни кўргани ҳақида хабар келтирганда уни қабул қилмаган. Уламолар бу раддияни Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ижтиҳоди деб тушунишган. Маълумки, саҳобанинг ижтиҳоди Қуръон ва Суннатда келган матнни на хослайди ва на чеклайди. Бундан ташқари ушбу ижтиҳод юқорида келган далилга зид. Чунки унда Росулуллоҳ ﷺ ташқарида Мадинаи Мунавварага келган мусофирларнинг ой кўргани ҳақидаги гувоҳлигини қабул қилган эдилар. Шунинг учун барча мусулмонлар бир кунда рўзани бошлашлари ва бир кунда ҳайитга чиқишлари вожиб. Дунёнинг қайси жойида бўлмасин, бирор мусулмоннинг рамазон ва шаввол ойини кўриши барча мусулмонларга уни қабул қилишини вожиб қилади.
Ҳисобга ўтадиган кўриш бу кўз билан кўришдир, астрономик ҳисоб-китоблар кўз билан кўриш ўрнига ўтмайди. Чунки рўза тутиш ва уни очишни вожиб қиладиган иш ойни кўз билан кўришдир. Зеро, Росулуллоҳ ﷺ:
«إِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَصُومُوا، وَإِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَأَفْطِرُوا، فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ فَاقْدُرُوا لَهُ»
«Агар ойни кўрсангиз, рўзани бошланглар. (Шаввол) ойини кўрганда эса, рўзадан чиқинглар. Агар ҳаво булутли бўлса, ойни ўттиз кун қилиб белгиланглар», деганлар. (Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, Ислом рамазон ва шавволнинг бошланишини ойни кўришга чеклаган. Шунинг учун рамазоннинг бошланишини белгилаш ва шавволнинг бошида ҳайитни нишонлаш учун турли ҳисоб-китобларга суяниш жоиз эмас.
Аллоҳнинг изни билан яқинда тикланажак Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик Росулуллоҳ ﷺнинг суннатини маҳкам ушлаш орқали Шарқдан Индонезия, Ғарбдан Марокашгача чўзилган Исломий Умматни муборак рамазоннинг боши ва охирида амалий шаклда бирлаштиради.