Американинг коронавирусга қарши курашдаги аянчли муваффақиятсизлиги капиталистик тузумнинг муваффақиятсизлигидир

536
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Американинг коронавирусга қарши курашдаги аянчли муваффақиятсизлиги капиталистик тузумнинг муваффақиятсизлигидир

Устоз Аҳмад Хутвоний қаламига мансуб

Американинг коронавирусга қарши курашдаги аянчли омадсизлиги капитализм, унинг тузуми ва ечимларининг ҳақиқатда муваффақиятсиз эканига далолат қилмоқда. Бу давлат улкан моддий имкониятларга эга бўлса-да, бироқ касалликка қарши курашишда унинг ожиз қолаётгани очиқ кўриниб турибди. Унга қарши курашар экан, гўё учинчи давлатлардан бирига ўхшаб қолди. Шу ерда муқаррар бир савол пайдо бўлади: Бу муваффақиятсизликнинг сабаби нима?

Ушбу саволга жавоб беришдан олдин, АҚШнинг соғлиқни сақлаш секторидаги имкониятларини кўриб чиқамиз. «Ал-Жазира» АҚШ масалалари бўйича эксперт Маҳмуд Миншовий сўзларига таянган ҳолда бундай ҳисобот нашр қилди:

Америка дунёда энг яхши шифохоналарга эга. Уларда дунёнинг ҳар еридан келган бадавлат шахслар даволанади. Бу давлат илғор тиббий технологияларга эга бўлиб, тиббий илмий тадқиқотлар соҳасида анча илғор. Тиббиёт соҳасида Нобел мукофотини қўлга киритишда ҳам рақобатсиз пешқадамликни Америка эгаллаб турибди. У соғлиқни сақлаш секторига 3.6 триллион доллар сарфлайди. Бу йирик маблағ АҚШдаги ялпи ишлаб чиқаришнинг 17 фоизини ташкил қилади ҳамда юрт армиясига сарфланадиган харажатдан беш баробар кўп.

Бу улкан маблағ қуйидагича сарфланади:

2.1 триллион доллар тиббий суғурталарга;

540 миллиард доллар дори-дармонга;

800 миллиард доллар шифохоналар, шифокорлар ва ёрдамчиларига;

160 миллиард доллар тиббий ускуналарга.

Бунинг 1.8 триллион долларини федерал ҳукумат билан штатлар ҳукуматлари тўлайди, 1 триллион долларини фуқаролар тўлайди, қолган қисмини, яъни, салкам бир триллионини бошқа доиралар тўлайди.

Америкада тиббий суғурта харажатлари 1984 йилдан бери 74 %га ошиб кетди. Иш ҳақи эса, атиги 24 % оширилди. Маълумки, тиббий суғурта америкаликларнинг атиги эллик фоизга яқинини ўз ичига олади.

Ҳисоботнинг ушбу қисқача мазмунидан ғоят муҳим бир ҳақиқатни аниқлашимиз мумкин. Яъни, Американинг коронавирус касаллигига қарши курашдаги муваффақиятсизлиги бойлик ва имкониятларнинг озлигида эмас. Балки – асосан – маблағларни қандай тақсимланганига, қолаверса, капиталистик система асосида инсонлар ишларини бошқаришнинг бузуқлигига бориб тақалади.

Америка соғлиқни сақлаш секторидаги бюджетининг 53 %дан кўпроғини суғурта компанияларига сарфлайди. Яъни, бюджетнинг асосий қисмини суғурта компаниялари кемиради. Дори-дармон компаниялари улуши эса, бюджетнинг 15 фоизини ташкил қилади. Демак, бюджетнинг 75 %дан кўпроғига фойда кўришдан бошқа ташвиши бўлмаган компаниялар ҳукмронлик қилади. Бу компаниялар молия бозорларида мана шу маблағлар билан чайқовчилик қилиш орқали одамлар саломатлиги билан ўйнашади. Фармацевтика саноатининг интеллектуал мулкини монополия қилиш дори-дармон нархининг кўтарилиб кетишига ва даволаниш харажатларининг ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Суғурта ва дори-дармон компаниялари бу маблағларни ҳукуматдан ва одамлардан олади. Аммо керакли тиббий хизматни кўрсатишмайди. Чунки уларнинг асосий ғам-ташвиши суғурталанган шахсларга минимал тиббий хизматни кўрсатиб қўйиб, бойлик орттиришдир. Бу компаниялар айни маблағларга эга бўлишгач, имкониятдан фойдаланиб, шу пуллар орқали биржаларда қимор ўйнаб, ўз жамғармаларини янада кўпайтиришади. Шунинг учун ҳам, шифохоналарнинг юқори технологиялар қаторига кирмайдиган сунъий респиратор, маска, ҳимоя кийими ва қўлқоп каби оддий тиббий воситаларга ҳам муҳтож бўлаётгани ажабланарли ҳол эмас. Бу эса, тиббий хизмат кўрсатиш минимал ҳолатдалигини, бунга сабаб, суғурта компаниялари ва дори-дармон компанияларининг ягона ташвиши инсонлар соғлиги эмас, ўз манфаат ва фойдалари эканлигини кўрсатмоқда.

Капиталистик тузумдаги бу муаммо аслида маблағ етишмаслигидан ёки экспертлар озлигидан келиб чиққани йўқ. Балки давлатнинг фуқаролари олдидаги ўз масъулиятидан воз кечиши натижасида келиб чиққан. Гап шундаки, АҚШ давлати соғлиқни сақлашдек ҳаётий муҳим масалани хусусий секторга берган… Яъни, мазкур йирик миқдордаги маблағни суғурта компаниялари билан дори-дармон компаниялари қўлига топширган. Бу билан ўзининг вазифасини хусусийлаштириш дейилган нарса доирасида, шу компанияларга юклаб қўйган. Бир ҳовуч йирик бойлар эгалик қилувчи ушбу компаниялар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун давлат ҳатто қонунлар ишлаб чиқади. Бу эса, ушбу улкан маблағларнинг аксар қисми – қўлга киритишган улкан маблағларга яраша хизматларни тақдим қилмаса ҳам – тўғридан-тўғри ўшаларнинг ҳамёнига тушишини осонлаштирди.

Демак, бузуқликнинг ҳам, балонинг ҳам, ҳаммасига сабаб мана шу хусусийлаштиришдир. Чунки шу сабабли халқ ва давлат пуллари хусусий секторга бериб қўйилди. Хусусий сектор эса, ушбу маблағларни халқ ҳисобига, бир гуруҳ бойларда ғарам бўладиган тарзда сарфланишини таъминлайди. Халқ бўлса, ишлаб, эзилаверади, аммо керакли хизмат-бошқарувга эга бўлолмайди. Шунинг учун соғлиқни сақлашга ажратилган маблағ ҳар қанча кўп бўлмасин, у мана шу хусусий сектор қўлида қолаверади. У омма ишларини худди ўзининг бизнес ва даромадли ишларини ғамхўрлик билан идора қилгандек идора қилмайди. Демак, бу масаладаги энг асосий бузуқлик соғлиқни сақлаш секторининг хусусийлаштирилганига бориб тақалмоқда. Чунки хусусийлаштириш ушбу хусусийлаштирилган молларни икки ямлаб бир ютилишига ва ундан оқилона фойдаланилмасликка олиб келди.

Ушбу муаммони тубдан ҳал этиш йўли оддий, у ҳам бўлса, айни ҳаётий муҳим секторни давлат ҳукмронлиги остига қайтариш ҳамда хусусийлаштириш, деган нарсани мутлақо бекор қилишдир. Бу эса,  капиталистик тузум ва унинг қонунларини бекор қилишни англатади. Албатта, бу бойликни кемирувчи китлар, яъни капиталистлар ҳаргиз истамайдиган ишдир. Шунинг учун қўзғолонлар капитализм системасини ағдаришга, унинг одамлар устидаги зулмини даф этишга қаратилмоғи лозим.

Бу ваҳший капитализмга альтернатива тайёр бўлиб, у Исломдир. Ислом системаси хусусийлаштиришни йўқ қилади ва барча ишлар бошқарувини халифага чеклайди. Чунки имом-халифа раҳбар бўлиб, у ўз қўл остидагилардан жавобгардир. Ушбу бошқарувда хусусий секторга ўрин йўқ. Росулуллоҳ ﷺ барча мусулмонларга хизмат қилиши учун бир шифокорни тайин этганлар. Убай ибн Каъб ҳасталаниб қолганда унга шифокор юборганлар, шифокор унинг томирини кесиб қон олиш, кейин кесилган жойни куйдириш билан даволаган. Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади. Отаси бундай дейди: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Халифалиги даврида оғриб қолдим. Шунда халифа менга шифокор чақирган эди, у мени муолажа қилди».

Шундай қилиб, Исломда соғлиқни сақлаш билан бевосита давлатнинг ўзи шуғулланади. У ўзининг бошқаруви остида хусусийлаштириш деган манфаатпараст секторнинг бўлишига асло йўл қўймайди. Ислом давлатида худди таълим тизими каби, даволаниш бепул бўлади. Соғлиқни сақлаш тизимида хусусийлаштиришга ўрин бўлмайди. Шунингдек, худди капиталистик давлатлар каби шахсларнинг давлат номидан ушбу тизимни бошқаришига ҳам йўл берилмайди. Шундай қилиш билан соғлиқни сақлаш тизими энг самарадор, энг яхши хизмат қилувчи ва харажатлари кам тизим бўлади.

Биз фақат Ислом билан турли муаммоларга, шу жумладан соғлиқни сақлаш муаммоларига самарали ва оқилона ёндашишимиз мумкин. Шунингдек, инсониятни капиталистларнинг очкўзлиги, эксплуатациялари ва ҳукмронлигидан фақат ва фақат Ислом давлатида қутқара оламиз.

Роя газетасининг 2020 йил 8 апрел чоршанба кунги 281-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here