Қирғизистон “Центерра”дан 2,2 миллион доллар дивиденд олади
“Centerra Gold” компанияси акциядорларига дивиденд сифатида 11,75 миллион Канада доллари ($8.2 млн. АҚШ доллар) тўлашини эълон қилди. Компаниянинг 26 фоиз акциясига эгалик қилувчи қирғиз ҳукумати 2,2 миллион доллар дивиденд олиши керак. Бу тўғрисидаги хабар “Қирғизолтин” давлат корханаси сайтида чоп этилди.
2019-йил 30-ноябрда бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев “Centerra Gold” компанияси президенти Скотт Перри билан учрашиб, яна бир бор “Қирғизолтин” компаниясига дивидендларни мажбурий равишда тўлаш масаласини кўтарган эди.
Хабар қилинишича, Қумтор конидан олтин қазиб олаётган “Центерра Голд” компанияси акциядори бўлган Қирғизистон тушган фойдадан уч йилга яқин вақтдан буён дивиденд ололмай келган. Канада компанияси кон бўйича янги шартнома кучга кирмаётганини сабаб қилиб, дивиденд тўлашни тўхтатиб қўйганди.
Изоҳ: Расмий маълумотларга кўра, 2019-йилнинг биринчи ярим йиллигида “Қумтор” олтин конидан 9,37 тонна олтин қазиб олинган. Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 унция олтиннинг нархи (1 унция – 31,1034768 грамм) 1626,9 долларни ташкил этмоқда. Бир тонна олтин – 35273,9 унциядан иборат. Агар бир тонна олтин унция ҳисобида сотиладиган бўлса 57 387 197,91 доллар бўлади. Энди буни ярим йилда қазиб олинган 9 тоннадан зиёд ёки бир йилда қазиб олинадиган салкам 20 тонна олтинга кўпайтириладиган бўлса қирғиз ҳукумати Умматнинг ҳаққи бўлган умумий мулкини қанчалик арзонга бериб юбораётгани ва бунинг эвазига арзимас сариқ чақани дивиденд ва солиқ кўринишида олаётгани маълум бўлади. Қирғиз ҳукумати арзима бўлса ҳам олаётган сариқ чақалари эвазига эса Иссиқкўл вилоятидаги “Сари-Чати – Ээр-Таш” давлат қўриқхонасига киритилган 16 минг гектар ерни кон қазиш ишларини олиб бориш учун “Қумтор”га қайтариб берди.
2019-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра, “Қумтор” конидаги олтин заҳираси 140 тоннагача деб таҳмин қилинмоқда. Шу вақтга қадар 345 тонна соф олтин ташиб кетилди. Қазиш ишлари бошланган йиллари ҳудудда 716 тонна олтин, 388 тонна кумуш, 54 885 тонна вольфрам заҳираси борлиги аниқланган. Бироқ, битим фақат олтин учун тузилиб, қолган минераллар бепул ташиб кетилмоқда. Қумтор кони ишлай бошлагандан бери фақат чет эллик компания фойда кўриб кемоқда. Ундан қолган юқларини бўлса воситачи бўлган маҳаллий амалдорлар бўлишиб олишмоқда. Оддий халққа бўлса мамлакат “Центерра”ни энг йирик солиқ тўловчи компания сифатида кўрсатиб кўзбўямачилик қилмоқда. Бундан фарқли ўлароқ, шу вақтга қадар халқнинг қўлига мазкур олтин конидан ҳеч қандай улуш тегмади.
Ҳатто, бугунги кунда оламий ваҳимага айлантирилган ва Қирғизистон халқи бошига ҳам мусибат бўлиб келган коронавирус пандемияси шароитида ҳам Уммат мулки бўлган “Қумтор” олтин халққа асқотмади. Расмий ҳукумат ХВФдан 121 миллион доллар қарз олиш орқали халқ зиммасидаги улкан қарз устига яна қарз юкламоқда. Агар қирғиз ҳукумати олтин конини мутамлакачи давлатга қўшқўллаб топшириб қўймай ўз халқи кучи билан қўлда қазиб олиб фойдаланганида ҳам бундан кўпроқ фойда кўрган ва оғир вазиятда қарз олмай халқ эҳтиёжи учун ишлатган бўлар эди.
Абдураҳмон Одилов