Қозоғистон Қирғизистон компаниялари маҳсулотларини тақиқлади
Қозоғистон “техник регламентлар талаблари бузилаётгани сабабли” Қирғизистондаги бир нечта компанияларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотишни тақиқлади. Бу ҳақда 10 ноябр куни бўлиб ўтган брифингда бош санитар врач Жандарбек Бекшин маълум қилди.
“Ак-Сут” каби ишлаб чиқарувчилар томонидан қоида бузилишлари мунтазам кузатилмоқда. Биз бугун уларга сут маҳсулотларини олиб киришларини тақиқладик. Шунингдек, “Куликовский” қандолатчилик уйининг ҳам тегишли кўрсаткичларга мос келмайдиган маҳсулотларини олиб кириш тақиқланди. Биз тадбиркор Эмилга Голландия пишлоғини олиб киришни тақиқладик. Бугунги кунда бу маҳсулот кўплаб кўрсаткичлар бўйича техник регламент талабларига мос келмайди”,- деди Бекшин.
Маҳаллий ахборот агентликларнинг маълум қилишича, Жандарбек Бекшин баёнот бериб, Қирғизистондан олиб келинаётган маҳсулотларнинг сифати пастлигини айтган. Бекшиннинг сўзларига қараганда, ўтган йили Қирғизистондан олиб келинган маҳсулотларнинг 4 фоизи талабларга мос келмаган, бу йил бу рақам 10 фоизга яқин бўлди.
Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирлиги маълумотларига кўра, 21 октябрдан 28 октябрга қадар Қозоғистон Қирғизистондан олиб келинаётган 100 тонна маҳсулотни қоида бузилишлари сабаб киритмаган.