Россия хавфсизлик хизмати Қримда мусулмонларни қамоққа олмоқда
Россия хавфсизлик хизмати (ФСБ) Қримда терроризмга қарши кураш баҳонасида рейд уюштириб, эрта тонгда мусулмонларнинг уйига бостириб кирди. Рейд чоғида олти киши Россияда таъқиқланган Ҳизб ут-Таҳрир уюшмасига аъзоликда айбланиб қўлга олинди. Айтилишича, босқинчилар тинтув жараёнида мусулмонларга қўпол муомала қилган. Адвокатларга изн берилмаган, телефон ва интернет алоқаларига тўсиқ қуйилган ва бутун шаҳар ўраб олинган.
“Россияда тақиқланган Ҳизб ут-Таҳрир уюшмасининг Баҳчасарай туманидаги ҳаракатларига нуқта қўйилди”, дейилади ФСБнинг мазкур масала бўйича берган баёнотида.
Рус босқинчилари тарафидан қамоққа олинган Ҳизб йигитлари қўлларига кишан тақилган ва бошларига қоп кийгизилган ҳолда маҳкамага олиб чиқилган. Бу ҳақида адвокат Эдем Семедлайев маълум қилди. Маҳкама улар устидан қамоқда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Рус матбуот органлари эса гўё хавфли террорчилар қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.
Қамоққа олинганларнинг турмуш ўртоқлари бу ноҳақликлар ҳақида баёнот билан чиқишди. Уларнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати турли баҳоналар билан айбсиз инсонларни қамоққа олмоқда.
“Бизнинг қўрқадиган жойимиз йўқ. Чунки биз ҳеч қандай жиноят қилмадик. Шунинг учун хотиржамлик билан ҳаракат олиб боряпмиз. Яширадиган нарсамиз ҳам йўқ, ўзимизнинг ҳам яширинишимизга ҳожат йўқ. Сўроқ давомида мен уларга шундай дедим: Бир кун келиб, улар қилган ишлари учун узр сўрайдилар, лекин унда кеч бўлган бўлади! Жуда кеч! Менинг бу сўзларим фақат ҳис-туйғуларимни изҳор қилган сўзлар эмас. Россиянинг бошқаруви остига тушиб қолган Қримда менда ҳеч қандай ҳис-туйғу қолмади. Зеро бу ҳукумат қўрқоқ ва аҳдида турмайдиган ҳукуматдир. Раҳмли Зот Аллоҳнинг ўзи сизни ҳисоб-китоб қилади”, дейди қамоққа олинганларнинг турмуш ўртоғларидан бири.