Атамбаев: Қирғиз халқи учун номус ҳаётдан азиз
Президент Алмазбек Атамбаев Боткент туманидаги куч тузилмалари ходимларига янги турар-жойлар калитларини топширар экан, Қозоғистон билан чегарада юз бераётган ҳодисаларга изоҳ берди, деб хабар қилди Спутник Қирғизистон нашри.
Хабарда айтилишича, Атамбаев шу кунларда ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан сўнгги учрашувларни ўтказаётганини маълум қилган.
“Мен қирғиз-қозоқ чегарасидаги, ЕИИ битимлари ва нормалари бузилаётган ҳадсизликни уч кундан буён кузатиб келяпман”,- деган Атамбаев.
Шундан сўнг у қирғиз халқи сал кам уч минг йиллик тарихга эгалигини эслатиб ўтган.
“Уч минг йиллик тарихга эга халқ, мени ўйлашимча, уч кунлик қамалдан ҳеч қачон қўрқмайди. Бизнинг халқимиз учун ор-номус ҳаётдан азизроқ. Биз ҳар нени кўрдик, 2010 йилда бир ярим ойлик қамал ҳам бўлган. Биз инсонлар қандай қийинчиликларни бошдан кечирганларига гувоҳ бўлганмиз ва бугунги кундаги қонунсизликни ҳам енгиб ўтамиз, ўз мустақиллигимизни ҳимоя қиламиз”, – деган Атамбаев.
Атамбаев қўшни давлатлар тинч ва тотув ҳаёт кечиришлари керак, дея қайд этган.
“Агар сен қўшнингни уйига ўт қўймоқчи бўлсанг, ёдингда тутки, шамол бошқа томонга эсишни бошлаши ва ўз уйинг кулга айланиши мумкин. Қозоғистонда қаттиқ очарчилик бўлганида, юз минглаб қозоқлар охирги бўлак нони билан тенг бўлишган бизни халқимиз туфайли омон қолишган эди”,- дея эслатиб ўтди президент.
Атамбаев икки халқ қардошлигини, ҳар бир қирғизда қозоқ, ҳар бир қозоқда эса қирғиз қони оқишини таъкидлаб ўтди. Атамбаев катта бувилари Қозоғистондан эканлиги, биринчи набирасининг онаси ҳам қозоқлигини қўшимча қилди.
“Хон, султон ва президентлар икки биродар халқни ҳеч қачон уруштира олмайди. Қирғизлар ҳеч қачон кимнингдир олдида тиз чўкмайди”,- дея таъкидлади.
Ўз нутқи сўнгида, Атамбаев Қирғизистон армияси салоҳияти ҳақида гапирган ва зарба беришга қодирлигини эслатиб ўтиб, айни вақтда қуролли эмас, балки молиявий ва ахборот урушлари олиб борилаётганини таъкидлаган. Мустақилликни нафақат армия, балки донишмандликка амал қилган ҳолатда сақлаб қолиш керак, деган Атамбаев.
Туркистон:
“Бир ой-бир ярим ой қолди, ҳамда мен агарда бизнинг қўшниларимиз, қўшни раҳбарлар ўзларига келишмаса, кўзлари очилмаса, бошқача гаплашаман”, — деган эди Алмазбек Атамбаев давлат мукофотларини топшириш маросимида сўзлаган нутқида.
Атамбаев қозоқ ҳамкасби Назарбаев билан учрашувдан қочиб, Сочида бўлиб ўтган МДҲ давлатлар саммитига ҳам бора олмади. Худди шунингдек илгари, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдагон билан ҳам алоқасини бузиб олган эди. Аввалроқ АҚШ ҳақида сиёсий ножўя сўзлар айтиб қўйиб, БМТ саммитига боришга журъати етмай, оғриб қолган бўлиб, ярим йўлдан қайтиб келган эди. Энди Қозоқ президенти билан айтишиб, оқибатидан жабр кўраётган Қирғиз халқини зулмга сабр қилиб беришга чақиряпти.“Бошқача гаплашаман” деганида, шу сабр бардошга чақиришни назарда тутган эдими? Юртбошиларимиз тоборо тубанлашиб боряпти! Улар деярли бирорта сўзида турмайдиган тутуриқсиз бошлиқларга айланиб қолишди.