Ўзбекистон ва Россия терроризмга қарши курашда ахборот алмашинувини кучайтирмоқда

666
0

Ўзбекистон ва Россия терроризмга қарши курашда ахборот алмашинувини кучайтирмоқда

 “Sputnik” хабарига кўра, Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари терроризм ва экстремизм қарши кураш доирасида, маълумот алмашинувини кучайтиради. Бу ҳақда РФ хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев маълум қилган.

 Чоршанба куни Тошкентда Россия-Ўзбекистон хавфсизлик бўйича маслаҳатлари бўлиб ўтди. Уларни РФ хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ўтказдилар.

 “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалга оширилган давлат ташрифи чоғида барча йўналишлар, шу жумладан хавфсизлик йўналишида ҳам икки томонлама ҳамкорликни ривожланишига янги туртки берилгани, бўлиб ўтган маслаҳат иштирокчилари томонидан эътироф этилди. Россия ва Ўзбекистон вазирлик ва идораларнинг турли даражадаги алоқалари фаоллашди. Шу сабабли бугун Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик соҳасида алоқаларининг истиқболли масалалари муҳокама қилинди”,- деб таъкидлади Нургалиев.

 Шу билан бирга, Нургалиев ўз нутқида, икки давлатнинг тармоқ вазирлик ва идоралари томонидан тезкор ахборот алмашинуви, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда муҳим бўлган ҳолатлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш ишларини жадаллаштириш кўзда тутилганлигини таъкидлаб ўтди. Ушбу йўналишда ҳамкорлик МДҲ ва ШҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши форматида давом этади.

 “Марказий Осиёда вазиятни муҳокама қилар эканмиз, ушбу минтақада вазият мураккаблигича қолмоқда. Минтақада хавфсизликнинг таъминланишига Афғонистондаги вазият ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларига Сурияда террорчилик уюшмалари тарафида жанг қилган жангарилар қайтиб келмоқда. Улар “мудроқ” ҳолатдаги яширин ячейкалар ташкил қилмоқда. Улар исталган вақтда ўз қўпорувчи харакатларини бошлашлари мумкин”,- деб қўшимча қилган Нургалиев.

Музокаралар давомида икки томон фикр-мулоҳаларининг ўхшашлигини намоён бўлган. Энг аввало келгусида ҳамкорликни ривожлантириш ва юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилишга тайёр эканлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик кенгашининг экспертлари учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб борилишига келишиб олинди.

Туркистон:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШда бўлиб ўтган БМТ ассамблеясида, Ғарб оламининг сиёсий элитаси томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Инаятовни қора рўйхатга киритганини эълон қилган АҚШ бу билан, Мирзияевни қўллаб қувватлашга тайёр эканига ишора қилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳий ҳаракатларни бир неча йил олдинга илдамлатиб юбораётгандек, бир қатор сиёсий, молиявий ва иқтисодий қадамлар ташлади. Унинг бу шижоат билан, таваккал қилиб олиб бораётган ислоҳий ҳаракатларидан  Ғарб олами ҳам, Россия ҳам вазиятларга муносабат билдиришда шошилиб қолишяпти. Ҳар иккала томон ҳам Ўзбекистон президентининг позицияси ва стротегик режаларини англаб улгура олишмай, ундан хавфсирай бошлашяпти. Бунинг устига ислоҳий ҳаракатларга қарши Мирзияевнинг асосий рақиби бўлган МХХ раиси Инаятовнинг оғир дардга чалингани ҳақида хабарлар тарқай бошлади.

Албатта Ўзбекистонни ўзининг мустамлакаси деб билган Россия, у ердаги ҳолатга эътиборсиз қараб тура олмайди. Патрушевнинг ташрифи ҳам, мамлакатнинг стротегик позицияларда Россия билан бирга ёки аксинча эканини текшириш мақсадида уюштирилган. Ҳозирда Ўзбекистон бошқарув тизими билан МХХ бошчилигида Каримовдан қолган сиёсий режимни сақлаб қолиш тарафдорлари ўртасида жуда катта жарлик пайдо бўлиб, вазият ўта ночор ва кескин ҳолатда турибди. Россия бу ҳолатга кучли таъсир ўтказа олиши мумкин. Яъни у Патрушев орқали Мирзияевнинг системасига қарши МХХни қўллаб юбориши мумкин эканига ишора қиляпти. Бу эса мамлакатда ҳатто ҳокимиятни ҳарбий тўнтаришгача олиб бориши ҳам мумкин.

Мирзияевнинг сиёсий амбициялари ўта кучли бўлгани билан, мамлакатдаги ҳозирги вазият, халқаро сиёсатда таъсир қувватига эга давлатларнинг таъсири остига ўтиб боряпти. Яъни Ўзбек сиёсий элитаси иккига бўлиниб, бир бирига ашаддий рақибга айланиб боряпти. Бу эса, мустамлакачи давлатлар учун ўта кулай фурсат келганини англатади. Улар бир томонни иккинчи томон билан қўрқитиб, вазиятдан ўз манфаати йўлида максимал даражада фойдаланиб олмоқчи бўлишади. Уларнинг манфаатлари сиёсий, иқтисодий, сақофий ва ҳарбий соҳаларда бўлиши мумкин. Вазиятларнинг кетувидан огоҳ бўлиб борайлик, биродарлар!

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here