Қирғизистон иқтисоди каби “Дордой” бозори ҳам инқирозга юз тутмоқда

410
0

Қирғизистон иқтисоди каби “Дордой” бозори ҳам инқирозга юз тутмоқда

 2016 йили Бишкекдаги энг йирик “Дордой” бозорида 6 мингта савдо шаҳобчаси ёпилди. Бу ҳақида 25 январ куни бўлиб ўтган Бишкек мэрияси йиғилишида шаҳар мэри Албек Ибраимов маълум қилди. Бозорда савдо ўринларининг ёпилишига тикувчилик соҳасида ишлаганлар ва савдо-сотиқ билан шуғулланганларни озайиши сабаб бўляпти. Албек Ибраимов бундай вазият  давом этишини айтиб ўтди. Мазкур бозорда 18 минг 300та контейнер бўлса, ўтган йили уларнинг 6 мингтаси ёпилган.

 Туркистон:

Биргина “Дордой” бозорининг ўзида 6 мингта контейнернинг ёпилиши бу – олти мингта оила даромад манбасидан маҳрум бўлганлигини ва энг камида 12 мингта одам Россиядаги меҳнат муҳожирлари армияси сафига қўшилганлигини англатади.

  Қирғизистон ҳукумати мамлакатни Евроосиё иқтисодий иттифоқига олиб киришида ҳам, Россия томонидан тайёрланган йўл харитасини тасдиқлашда ҳам халқ фикрини инобатга олмади. Йўл харитасини ҳукуматдаги саноқли амалдорлардан бошқа ҳеч ким, ҳатто депутатлар ҳам кўришмаган бўлсада, йўл харитаси тасдиқдан ўтди ва Қирғизистон ЕОИИ аъзо бўлди.

  Халқнинг хоҳиш-истагига қарши бориб, мамлакатни ЕОИИга олиб кирган мамлакат раҳбарияти бу қадам муваффақият келтириши, Иттифоққа киргандан сўнг Россия ва Қозоғистон билан савдо ҳажми кескин ортишини ваъда қилган эди. Амалда эса, мутлақо акси бўлиб чиққанлигини вақт кўрсатиб турибди.

   Мамлакатнинг ЕОИИга аъзо бўлиб кириши ўзининг салбий оқибатларини кўрсатишда кечикмади. Бугунги кунда ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаган “Дордой”, “Қорасув” бозорлари деярли инқироз ёқасига келиб қолди. Қирғизистон иқтисодини асоси бўлган реэкспортни камайиб кетиши натижасида эса давлат бюджетидаги камомад йилдан-йилга ошиб боряпти. Расмий ҳукумат эса ҳеч уялмай, бу қийинчиликлар вақтинчалик эканлиги, уч-тўрт йилдан кейин ўтиб кетишини айтмоқда. Бу уч-тўрт йил мобайнида эса йўғон чўзилиб, ингича узилиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here